Иқтисодиёт | 17:36 / 29.03.2018
44573
3 дақиқада ўқилади

Солиқ концепцияси муҳокамаси: Инвесторлар Ўзбекистонга пул тикишни хоҳламаяпти

Ўзбекистон глобал сармоя бозоридаги рақобатда ютқазмоқда, чунки йирик сармоядорлар Ўзбекистонга сармоя олиб киришни хоҳламаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори ўринбосари Гўзал Исломова солиқ концепцияси муҳокамасига бағишланган анжуманда шундай фикрларни билдирди. 

Нутқини ўзига хос тарзда йиғилиш мавзусидан келиб чиққан ҳолда, солиқ тўловчилар билан саломлашишдан бошлаган Гўзал Исломова, солиқ тўловчи ҳар бир тўлаётган солиғи нималарга сарфланаётганини билиши шартлигига ҳам тўхталди.

“Бугун мен сизлар билан ўзгача саломлашмоқчиман. Хайрли кун, солиқ тўловчилар! Ахир барчамиз солиқ тўловчилармиз. Шунга биноан, бугунги муҳокама бевосита барчамизга тегишли бўлади. Ҳар биримизнинг ойлик маошларимиздан ушлаб қолинаётган, тадбиркорларнинг даромадларидан олинаётган солиқ пуллари нимага сарфланаётганини билишга ҳақимиз бор. Бу пуллар қаерда ва қандай сарфланмоқда?”, - деди Гўзал Исломова.

Фото: Халқаро Пресс-клуб /Гўзал Исломова

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори ўринбосари Концепциянинг хусусиятлари, бандларига тўхталар экан, ҳужжатда мамлакатнинг рақобатбардошлигини таъминлашга эътибор қаратилганини таъкидлади. 

“Солиқ концепциясининг негизида мамлакат рақобатбардошлигини кўтариш ётибди. Глобаллашув жараёнида ҳар бир давлат меҳнат ва иқтисодий захиралар учун курашмоқда. Ўзбекистон катта захирага, улкан табиий бойликлар ва инсон ресурсларига эга бўлишига қарамай, мамлакатимизнинг глобал сармоя бозорида рақобатбардошлиги ҳақида сўз кетганда, маълум бўладики, инвесторларга бизнинг мамлакатимизга келиш қизиқ эмас. Улар бизга пул тикишни хоҳламаяпти. Нима учун? Биз солиқ концепциясини ишлаб чиқишда айни шу саволга жавоб топишга уриниб кўрдик”, - деди Г.Исломова.

Унинг фикрича, Ўзбекистон 2-3 йилга келиб-кетадиган хорижий инвесторларни кўришни истамайди, аксинча узоқ муддат қоладиган, ҳамкорлар сифатида билим, янги технология, бизнесда янгича ёндашувни олиб келадиган хорижий инвесторларни мамлакатда кўришни хоҳлайди. Бунинг учун мамлакат халқаро майдонда ажойиб рейтинг кўрсаткичларига эга бўлиши талаб этилади. Исломовага кўра, айнан халқаро рейтинг кўрсаткичлари хорижий инвесторларга туртки берувчи омиллардан биридир.

Фото: Халқаро Пресс-клуб

“Doing Business халқаро рейтингига назар соладиган бўлсак, Ўзбекистон сўнгги 5 йилда катта сакрашни амалга оширди. 5 йил аввал 146-ўринда бўлган Ўзбекистон бугунги кунда 74-ўринда. Ушбу рейтингнинг солиқ солиш кесимида 78-ўриндамиз. Бу, асосий рақибларимиз бўлган яқин қўшниларимиз кўрсаткичлари билан таққосланганда, ажойиб кўрсаткич эмас. Бизнинг вазифамиз эса, бу рейтингни яхшилашдан иборат”, - деди Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори ўринбосари.

 

Мавзуга оид