Жамият | 00:05 / 30.03.2018
8352
3 дақиқада ўқилади

Андижон ёнғин хавфсизлиги бошқармаси “Ўзбегим” кўнгилочар мажмуасида амалий машғулот ўтказди

Фото: Андижон вилояти ИИБ ЁХБ

Россия федерациясининг Кемерово вилоятидаги кўнгилочар мажмуада содир бўлган ёнғиннинг оғир оқибатлари ҳақида бугун барча огоҳ бўлди. Бу каби ҳолатларни юртимизда такрорланишига йўл қўймасликдан кўзланган мақсад ҳам фуқаролар хавфсизлиги, тадбиркорларнинг мол-мулкини ҳимоя қилишдан иборатдир.

Андижон шаҳридаги «Ўзбегим» савдо ва кўнгилочар мажмуасида бўлиб ўтган ёнғин ўчириш амалий тактик машқидан кўзланган мақсад ҳам фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ёки бошқа нохуш ҳолатларда соҳавий хизмат ходимларининг биргаликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштиришга қаратилди.

Ёнғин ўчириш амалий тактик машқида 32 нафар давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари, Андижон шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлимидан 6 та асосий ва 4 та махсус ёнғин ўчириш автомобильлари, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан 4 нафар, жамоат тартибини сақлаш бошқармасидан 2 та автоэкипаж ходимлари билан, фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 2 та қутқарув бўлинмаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалидан 2 та, электр, газ ва сувоқова идораларидан 1 тадан авария қутқарув гуруҳлари, маъмурият вакиллари, 120 нафар маскан ишчи-хизматчилари ва фуқаролар иштирок этдилар.

Фото: Андижон вилояти ИИБ ЁХБ

Машғулотда барча хизматлар ўзларига белгиланган вазифаларни бажариб, ёнғин ўчирувчилар шартли ёнғинни қисқа фурсатда, сифатли бартараф этдилар. Қутқарувчилар, тиббиёт, газ, электр тармоқлари идоралари ходимлари ёнғинларни кам талафот билан, жабрланганлар сонининг ортиб кетишига йўл қўймасдан оғир оқибатларнинг олдини олишга ҳаракат қилдилар.

Якунида барча тизим вакиллари иштирокида ўтказилган йиғинда мутахассислар ходимларнинг хатти-ҳаракатларига баҳо бериб, маскан ишчи-хизматчилари, ёнғин ўчирувчилар, қутқарув, тиббиёт ва бошқа хизматнинг йўл қўйган камчиликлари айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, «Ўзбегим» савдо марказида хизмат қилаётган 120 нафар маъмурият вакиллари ва ишчи хизматчилар билан биргаликда ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситаларидан фойдаланиш, ёнғин ва бошқа нохуш ҳолатлар содир бўлганда қутқарув режасига асосан қай тарзда ҳаракатланиш тартиби бўйича тушунчалар, кўрсатиб ўтилган камчиликлар юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Фото: Андижон вилояти ИИБ ЁХБ

Келгусида бу каби машғулотларнинг кўламини кенгайтириш орқали барча хизматларнинг ҳаракатларини талаб даражасида мувофиқлаштириш, ходимларнинг ёнғин ёки бошқа нохуш ҳолатларга тайёргарлик даражасини ошириш муҳим эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, шу каби масканларда профилактик тадбирларни кучайтириш, мутасаддиларнинг ҳушёрлигини ошириш, фуқароларнинг хавфсизлик талабларига амал қилиш кўникмаларини шакллантириш муҳим эканлиги айтиб ўтилди. Бу борада мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган чоршанба – ёнғинлар профилактикаси кунида самарали иш ташкил этиш катта аҳамият касб этиши эътироф этилди.

Андижон вилояти ИИБ ЁХБ бош мутахассиси капитан:
Улуғбек Қосимов

Мавзуга оид