09:42 / 02.04.2018
6961

Кубалик ўтирган ҳолда тўпни узлуксиз тепиш бўйича рекорд ўрнатди

Фото: Global Look Press

Кубалик собиқ футболчи Эрик Эрнандес тўп билан жонглёрлик қилиш бўйича янги жаҳон рекорди ўрнатди: у тўпни ўтирган ҳолатда ерга туширмасдан 1 соат 10 дақиқа давомида фақат оёқлари билан узлуксиз тепди. Ушбу рекорд натижа Гаванадаги “Ривьера” меҳмонхонасида қайд қилинган.

Эрнандес ўз уринишини мураккаблаштириш мақсадида тўпиғига 1,36 кг лик юк маҳкамлаб қўйди. Эрнандес уринишни 2018 йилги жаҳон чемпионати расмий тўпи билан бажарган. 

“Тўпни бир неча дақиқа тепганимдан кейин чап оёғим мушаклари тортишиб қолди. Бу менга режалаштирганимдек суръатда тўпни тепишга имкон бермади”, деб айтган 51 ёшли кубалик.

Кубалик ўтирган ҳолатда аввалги рекордини 2017 йил июлида ўрнатган: ўшанда у тўпга 43 дақиқа 5 сония давомида боши билан ерга тушишга йўл қўймаган.

Эрнандеснинг 2 та натижаси Гинесс рекордлар китобига киритилган: у бир дақиқа давомида боши билан тўпга 319 марта ва 1 соат 28 дақиқа давомида тиззалари билан зарба берган. 

Спортчи ҳисобида бошқа антиқа натижалар ҳам бор. У тўпни тепган ҳолда 100 метрлик масофани 17,83 сонияда ва марафон масофасини 7 соат 17 дақиқада босиб ўтган. У, шунингдек, тўпни танасининг барча қисми билан ўйнатган ҳолда 19 соат 10 дақиқа давомида ерга туширмаган.

Мавзуга оид
Top