23:18 / 04.04.2018
51832

Амир Темур таваллуд топган Хўжа Илғор қишлоғида нималар бўлаяпти? — Фоторепортаж

Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманида жойлашган, соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган Хўжа Илғор қишлоғида саркарданинг таваллуд айёмига бағишланган ишлар қизғин олиб борилмоқда.

Айни пайтда 6 гектарлик «Амир Темур» боғи барпо этилмоқда. Келгусида ушбу боғнинг бир қисмида Амир Темур музейи ташкил этилиши ҳам режалаштирилган.

Боғнинг бир қисмида майдон ясалмоқда, ўтовлар тикланмоқда. Бу ерда 9 апрель куни Амир Темур таваллудига бағишланган телемарафон бўлиб ўтади. Бутун Ўзбекистондан санъаткорлар келиши, халқ сайли бўлиб ўтиши кутилмоқда. Қайд этиб ўтиш жоизки, соҳибқирон Амир Темур таваллуди илк бор бундай эътибор билан, у туғилган қишлоқда ташкиллаштирилмоқда.

Яккабоғ туман ҳокими Жаҳонгир Бобоевнинг ҳикоя қилишича, Амир Темур Соҳибқирон таваллуди аввал бошдан мунажжимлар томонидан башорат қилинади ва Кеш яқинидаги қишлоқларда барча ҳомиладор оналар мўғуллар томонидан қиличдан ўтказила бошланади. Ривоятларга кўра, Кеш хонлиги каллакесарлари кела бошлагач, соҳибқироннинг волидаси Текина-хотин Хўжа Илғор қишлоғи четидаги қамишзор ичига яширинади ва Амир Темур шу ердаги қудуқ яқинида туғилади.

«Шу қудуқ япониялик археологлар томонидан қадимий хариталарга кўра ахтариб топилган ва 1994 йилда ёдгорлик ўрнатилган. Ўша қудуқни тикладик. Ундаги сув шифобахш. Унинг таркибида инсон организми учун фойдали 17 хилдаги элементлар, жумладан, радон борлиги аниқланди», — дейди. Ж.Бобоев.

Қишлоқда милодий 711 йилда вафот этган ва халқ ўртасида Хўжа Илғор номи билан танилган Хўжа Муҳаммад ибн ал-Қосимнинг ҳам мақбараси жойлашган. Мақбара 2004 йили таъмирланган.

Мақбара пойида «Чиллабулоқ» номи билан машҳур чашмага кўзингиз тушиши мумкин. Айтишларича, Хўжа Илғор жангда оғир яралангач, «мени туямга ортинглар ва у қаерда тўхтаса, ўша ерда дафн қилинглар», деб васият қилади. У кишининг туяси шу қишлоққа келиб тўхтагач, уни ювиш учун сув зарур бўлади. Шунда уни қиличини ерга санчишади ва ушбу булоқ ҳосил бўлади, дейилар экан ривоятларда.

«Чиллабулоқ» суви истеъмол учун яроқсиз, бироқ ундан теридаги турли касалликлар ва яраларни даволашда фойдаланашар экан

Мақбара жойлашган қабристонга кираверишда қадимий масжид қолдиқлари, жумладан, унинг қадимий пойдевори топилган. Масжиднинг меҳроби эса азалдан қаерда жойлашгани маълум, у авлоддан-авлодга таъмирлаб келиниб, бизгача етиб келган.

Бу масканда 700 ёшдан ошган тут дарахтлари, археологик қазиш ишлари вақтида топилган турли тошлар ва сопол бўлакларини учратишингиз мумкин.

Амир Темур кўтариб машқ қилган, деб ишониладиган оғирлиги 100 килограммга яқин бўлган полвон тош ҳам топилган.

Ушбу масканни зиёратчилик ва ички туризм масканига айлантириш учун катта лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Хўжа Илғорда айни пайтда иш қизғин. 9 апрель куни республикамиздаги кўплаб журналистлар билан таваллуд санаси ўтказиладиган ушбу масканга Халқаро пресс клуб бошчилигида пресс-тур уюштирилиши ҳам эълон қилинган. Кейинги чиқишларимизда булар ҳақида янада батафсил ҳикоя қиламиз.

Шуҳрат Шокиржонов

Top