Жамият | 19:29 / 11.04.2023
28784
11 дақиқада ўқилади

Туркияда кино ривожи, танқидлар, “Мендирман Жалолиддин” ва Амир Темур ҳақидаги янги фильм – Меҳмет Бўздоғ билан интервью 

“Эртуғрул”, “Ҳукмдор Усмон”, “Достон” ва “Мендирман Жалолиддин” бу –  сўнгги вақтларда дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги кино ихлосмандлари, хусусан, ўзбекистонлик томошабинлар орасида оммалашган, меҳр қозонган турк сериаллари.

7 апрел куни ушбу сериаллар режиссёри, продюсери, туркиялик машҳур режиссёр Меҳмет Бўздоғ Ўзбекистонга қисқа ташриф билан келди. 

Ўзбекистон маданият ва туризм вазирлиги ташрифдан фойдаланиб, ОАВ учун режиссёр билан матбуот анжумани ташкил қилди. Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган қатор саволлар билан Меҳмет Бўздоғга мурожаат қилишди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шоҳира Ҳамро, журналист:

— «Мендирман Жалолиддин» сериали якунига етяпти. Сериалдан қанчалик кўнглингиз тўлди ва кейинги мавсумини кутишимиз мумкинми?

— Хоразмшоҳ Жалолиддин тарихи ўрганилса, у ҳеч қачон бировга бош эгмаган ва таслим бўлмаган шахс. Дунёдаги бир нечта ҳукмдорнинг ҳаётини кўрсатиб беришга муваффақ бўлдим, уларнинг ҳаётини ўрганиб чиқдим. Улар ичида Жалолиддин энг муҳим тарихий аҳамиятга эгаси. Биз мана шу олинган икки мавсумда Жалолиддиннинг руҳий дунёсини очиб беришга ҳаракат қилдик. Унинг ёшлик йилларини, катта бўлган муҳитини, бошқа ака-укаларидан фарқли томонларини ёритишга ҳаракат қилдик. Агар Жалолиддинга атрофидагилари хиёнат қилмаганда, улар Жалолиддин атрофида бирлаша олганда, Чингизхон бутун дунёга ҳукмрон бўлолмасди. Баъзида ҳамма нарса биргина кучли ҳукмдорга боғлиқ бўлмайди, унинг атрофидагилар муҳим ўрин тутади. Агар унинг атрофидагилар ҳам яхши бўлганда эди, давлат оёққа турарди. Биз шундай хулосага келдик. Сериал бошқа давлатларда ҳам эфирга кетади.

Лойиҳа давомида Ўзбекистон президенти, унинг қизи Саида Мирзиёева ва маданият вазири катта иш қилишди. Ўзбекистонлик актёрлар сериалнинг яхши чиқиши учун жуда катта меҳнат қилдилар. Биринчи мавсум пандемияда жуда оғир ўтди. Ўзбек актёрлари 8 ой меҳмонхонада ётишга мажбур бўлишиб, катта сабр ва интизом кўрсатишди. Иккинчи мавсум анча бемалол бўлди. Энди олдимизда учинчи мавсум турибди. Режа бўйича 3-мавсум бўлиши назарда тутилган ҳозирча.

Ҳозир Амир Темур ҳақидаги фильм тўғрисида ўйлаяпмиз. Менинг университетдаги диплом ишим ҳам Амир Темур ҳаётига бағишланган эди.

Меҳмет Бўздоғ

Илёс Сафаров, Kun.uz мухбири:

— Сиз олаётган сериаллар қанчалик муваффақиятга эришмасин, уларда тарихийликдан, фактлардан қочиш кучли экани танқид қилинади. Бундай танқидларни ҳатто Туркияда ҳам эшитамиз. Нима, бусиз кино қизиқарли чиқмайдими?

— Биз тарихдан узоқлашмадик. Фақат муайян тарихий воқеалардан ташқари кундалик воқеаларни кўрсатиб бердик. Тарих китобларида батафсил ёзилмайди жараёнлар. Тарихий фильмда ўша даврдаги сиёсий муҳитни очиб бериш муҳим. Агар фақат тарихий шахсларнинг китобларда келтирилган қарорларини, фармонларини кўрсатсак, нима бўлади? Унда биз қаҳрамонларнинг кечинмаларини билмаймиз, оиласи билан муносабатини билмаймиз, саройдаги хизматчилар ҳақида билмай қоламиз. Уруш бўлаётган бўлса, унинг ортида нима бўлаётганини билмаймиз. Биз мана шу нарсаларни тасаввур билан очиб беришга ҳаракат қиламиз. Баъзи тарихчилар бунақа бўлмайди деб эътироз билдиришади. Бўлмагани ҳақида ҳужжати йўқ. Аслида, ўша фильмларнинг яхши кўриб кўрилишига сабаб ҳам мана шу тасаввурлар натижаси. Масалан, бизга маълум бўлгани фақат Жалолиддин Чингизхон билан урушгани. Драма қарама-қаршиликлардан иборат бўлади, шунинг учун ҳам Жалолиддин ва Чингизхонни учраштирдик фильмда. Агар бундай бўлмаганда, сериал яхши чиқмас эди.

Шоҳира Ҳамро:

— “Мендирман Жалолиддин” сериали яна қайси давлатларда намойиш этилади? Тарихий сериалларга қўл урилаётганда сиз учун биринчи ўринда нима туради, тарихий шахс эканими ёки фильм сотилишими? Юлдуз Ражабова жонлантирган образ тарихда бўлмаган, деган эътирозлар ҳам бор.

— Юлдуз Ражабова гавдалантирган образ ҳақида тарихчилар икки хил фикр айтади, бири бор, бири эса йўқ дейди. Биз эса бирини танлашга мажбурмиз. Ҳеч бир ҳукмдор хотинсиз ўтмаган, у бўлмаса, бошқа бир образ бўларди барибир. Бундай эътирозлардан эса маъно кўрмайман. Мен учун марказда тургани – тарихий шахснинг шахсияти, кечинмалари. Тарихий воқеликка таянилмаса, уни маркетинг қилиб бўлмайди. Бундай баҳслар бўлиши биз учун яхши. Балки, биз ҳам хато қилишимиз мумкин, бу — табиий.

Ёшлар Жалолиддин тарихини ўқийди, тарихга кўпроқ ёндашади. Оилалардаги суҳбатларда, ўқиш жойлардаги суҳбатларда ёки аёллар суҳбатида Жалолиддин ҳақида гаплашилади. Энг муҳими ҳам шу.

Шарофиддин Тўлаганов, журналист:

— Томошабинларда сериалдаги Жалолиддиннинг Чингизхон ҳузурига элчи бўлиб бориши саҳнасига эътироз бўлди. Ва нима учун биринчи ўзбек-турк тарихий сериали Жалолиддин Мангубердидан бошланди? Масалан, Алп Эр Тўнгадан (Афросиёб) бошласа тўғри бўлмасмиди?

— Жалолиддин ҳақида сериал олиш тўғрисидаги фикр Ўзбекистон томонидан берилган. Элчи бўлиб бориш масаласига келадиган бўлсак, Жалолиддиннинг кескин қарорлар қабул қила оладиган одам эканини очиб бериш учун ҳам шу саҳна бўлган. Юқорида айтганимдек, драмада қаҳрамонларни зиддиятларга олиб кириш керак, одамларни қизиқтириш керак. Жосус қизнинг қўшилиши, маълумотлар етказиши ҳам шундай. Доимий тарзда душман таҳликаси сезилиб туриши керак, драма шундай бўлади. Агар бундай бўлмаганда, фильмнинг таъсирчанлиги йўқолар эди. Насиб этса, бошқа давлатларга эфирга кетганда, барча шу нарсалар ортидан яхши кўради фильмни. “Эртуғрул”да ҳам шундай бўлган. Эртуғрул душман қўлига тушган аёлни қутқариб олади. Ким мазлумга ёрдам берса, бутун дунёда шу одам қаҳрамон сифатида қабул қилинади, бу — универсал қоида.

Илёс Сафаров:

— Бугун турк кино саноати ўзининг ривожи билан бутун дунёни ҳайратга соляпти. Туркияда бу соҳанинг шу даражага эришиши асоси нимада, қандай эришилди?

— Мен бу саволга фақат ўз компаниямиз доирасида жавоб бера оламан. Биласиз, Туркия давлати тез ривожланди. Телеканаллар кўпайди, реклама бюджетлари ошди. Шундан кейин биз узоқ муддатли лойиҳалар, сериаллар қила бошладик. Ҳар қандай соҳа ривожланиши учун аввал иқтисод ривожланиши керак. Айнан кино санъати жуда қиммат соҳа. Масалан, бизнинг компанияда 3 минг киши ишлайди. Оддий мисол, компаниянинг 70 та ўз оти бор. Биз дунё даражасидаги компания бўлганмиз.

Илёс Сафаров:

— Бугун Туркия кино саънати ва саноати бутун дунёни лол қолдиришда давом этмоқда. Айтинг-чи, бунга қандай эришилди?

— Хитойда ишланган Чингизхон ҳақидаги сериал сценарийсида Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асаридан унумли фойдаланилган манба сифатида. Сизлар-чи, бу китобдан фойдаландингизми?

— Биз ҳам бу китобни ўқидик, маълумотлар олдик. Умуман, фильмни бошламасдан олдин ўзбек тарихини, бундан ташқари, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубовларнинг тарихий романларини ўқиб чиқдим. Бугун мана шундай сериал олингани Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланаётганидан дарак. Туркияда ҳам, бутун дунёда ҳам Ўзбекистонга қизиқиш ортган. Хива, Қўқон, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарлар йўқ дунёда.

Рўзивой Қўлдошев, журналист:

— Туркиядаги туризмга тарихий сериалларнинг таъсири қандай?

Агар Амир Темур ҳақида фильм суратга олинса, Ўзбекистондаги қайси ижодкорлар билан ҳамкорлик қилмоқчисиз? Темур ва Боязид ўртасидаги жанг қандай ёритилади?

— Биласизми, “Эртуғрул” сериали олингунча унинг қабрига ҳар йили 10 минг киши зиёратга борар эди. Ҳозир эса 1,5 млн зиёратчи бормоқда. Умуман, сериаллардан сўнг Туркияга сайёҳлар ташрифи 55 млнга чиқди. Ўзбекистонда ҳам шундай қилмоқчимиз. Озодбек Назарбеков билан бу масалада музокаралар қиляпмиз.

Амир Темур ҳақидаги фильмга жуда кўплаб ўзбек актёрларини жалб қилмоқчимиз. Темур образини ўзбек актёри ўйнайди. Сценарий ёзишда романлардан фойдаланмоқчимиз. Темур ҳақида маълумотлар жуда кўп бўлгани учун хатолар бўлмайди деб умид қиламан. Темур ва Боязид ўртасидаги жангнинг сабабларини тўғри таҳлил қилиб беришимиз керак томошабинга. Баъзан қардошлар ўртасида ҳам шундай жанглар бўлиб туради.

Илёс Сафаров:

— Туркияда томошабин савияси билан қандай ишланади? Унинг савиясига қараб фильмлар олинадими ёки унинг савиясини кино савиясига кўтаришга ҳаракат қилинадими?

— Ўринли ва яхши савол бўлди. Бу нарса доим мени ўйлантиради. Яхши асар яратиб, томошабин савиясини кўтариш муҳим. Тўғри йўл ҳам шу. Аммо рейтинг деган нарса ҳам бор. Асар қанчалик яхши бўлмасин, лекин томошабин тушунмаса, бошқа каналга ўтиб кетаверади. Шунинг учун мувозанатни ушлаб туриш керак.

Шоҳира Ҳамро:

— Дунёда Амир Темур шахсияти баҳсли. Бир тараф уни қаҳрамон сифатида кўрса, бир томон босқинчи сифатида билади. Сизнинг фикрингиз қандай бу борада?

— Амир Темур мен учун қаҳрамон. Чунки ўрта аср лидерлари бутун дунёда қаттиққўл бўлган. Давр шуни талаб қилган. Лекин дунёда устозининг оёғи остига ётган биргина ҳукмдор — Амир Темур. Шунинг учун ҳам қаҳрамон.

Илёс Сафаров:

— Ушбу сериалга сарфланган маблағ ўзбек ижодкорларига берилганда ҳам шундай кино чиқаришар эди, деган гаплар бор. Сиз нима деб ўйлайсиз, биздаги камчилик фақат маблағми? Ўзбек кино ижодкорларининг имкониятини қандай баҳолайсиз?

— Кино бу — алоҳида саноат. Унда декорация, либос каби масалалар бор. Бизда бу нарса жаҳон даражасига чиққан. Масала фақатгина режиссёр ва бошқа ижодкорларда эмас. Фильм суратга олишдаги майдонлар, камералар, чироқлар, отлар каби имкониятлар бизда бор. Туркияда ҳам фақат бизнинг компанияда бор бу имкониятлар. Жуда катта комплекс ишлайди. Биз 3 ойда қиладиган ишларни бошқа компаниялар 3 йилда қилиши мумкин. Чунки бизда катта тажриба бор.

Шоҳира Ҳамро:

— «Мендирман Жалолиддин» сериали бошқа давлатларга ҳам сотилади, дейиляпти. Агар сотилса, ундан тушган даромад шерикчиликдами ёки бошқачароқ бўладими?

— Фильмни биз ишлаган бўлсак-да, асосий ролда Ўзбекистон туради. Тижорий сирларни эса ошкор этмаймиз.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид