Жамият | 12:58 / 06.04.2018
33220
6 дақиқада ўқилади

Бухорода тадбиркорлар ўзларига тегишли ерлар бошқаларга  берилаётганидан норози бўлишмоқда

Бухоро шаҳрининг Ибн Сино кўчасида жойлашган кўчмас мулклари бузилишга тушган тадбиркорлардан KUN.UZ таҳририятига мурожаат келиб тушди. Таҳририят ижодий гуруҳи  масалани ўрганиш, шикоятчилар билан учрашиш учун воқеа юз бераётган жойга бориб, бу борада мутасаддилар фикрини ҳам эшитиб қайтди.

Маълум бўлишича, шаҳарнинг ушбу ҳудудида бир пайтлар турли озиқ-овқат базалари бўлган ва улар хусусийлаштирилиб, тадбиркорларга хатлаб берилган. Айни пайтда шаҳар бош режаси асосида ушбу ҳудудда замонавий, етти қаватли, биринчи қавати дўконлар ва маиший хизмат кўрсатиш бинолари бўлган турар-жой бинолари қурилиши мўлжалланмоқда.

Лойиҳа тасдиқланган ва унда биргина ушбу савдо базалари эмас, ўша ҳудуддаги аҳолининг эски турар-жойлари ҳам бузилиши белгилаб қўйилган.

Тадбиркорларнинг эътирозига кўра, ўзларига тегишли объект ҳудудига тушган турар-жой биноларининг барчасини қуриш уларга берилмаяпти. Уларнинг ҳудудига тушган турар-жой учун ажратилган ерларнинг айримлари, умуман, бошқа қурилиш ташкилотларига бериб юборилмоқда. Ёки бир тадбиркорнинг ҳудудида турар-жой қуриш учун бошқа бир тадбиркорга ҳам ер ажратилмоқда ва бу ҳол тадбиркорлар ўртасида нифоқ келтириб чиқариши мумкинлиги айтилмоқда.

Бизга ўз эътирозини билдирган кўплаб хусусий тадбиркорлар ишчилари ишсиз қолишгани, доимо солиқларни ўз вақтида тўлаб келишаётганини рўкач қилишди. Улар орасида «Илҳом» МЧЖ раҳбари Илҳомжон Мўминов 20 сотих, «Муҳиба-Файз» хусусий корхонаси раҳбари Тўрабой Раҳматов 20 сотих, «Савдогар» МЧЖ раҳбари Олим Шарипов 79 сотих майдонда 2500 кв.м иморат майдонига эга бўлганини таъкидлашмоқда.

Хуллас, тадбиркорлар бизга тегишли ер майдони ўзимизга берилмасдан, умуман, бошқа - бегона шахсларга бериб юборилмоқда, деган важни ўртага ташлашди ва уларнинг ҳокимликдан ягона талаби шуки, ўз ҳудудларига тушган турар-жой бинолари қурилишини ўзларига қўйиб беришсин.

Биз Ибн Сино кўчасида ташкил этилган қурилиш штабида бўлдик ва у ерда Бухоро шаҳар ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Қаҳрамон Дўстовнинг изоҳини тингладик.

Қ.Дўстовнинг айтишича, ушбу ҳудудда бир йил ичида, тиғиз муддатларда турар-жой массивини барпо этиш масаласи шаҳар ҳокимлиги олдиган қўйилган. Турар-жой бинолари қатъий режага биноан жойлаштирилганлиги, бунда унгача бўлган ташкилотларни ўрни ҳисобга олинмаган.

«Тадбиркорлар ўзига тегишли мулкни бузиб олиб кетиши керак, ер эса давлатники, давлат уни ўз эҳтиёжларига кўра тасарруф этади», деди Қ.Дўстов.

«Масалан, айрим тадбиркорларга турар-жой биноси қуриш учун қарор чиқартириб берган ҳолатимизда ҳам ҳанузгача қурилиш ишларини бошламасдан чўзиб юришибди. Чунки ҳудудда аҳолининг ҳам турар-жойлари бузилмоқда, уларни тезроқ янги уйларга кўчириш чораларини кўришимиз керак», деди шаҳар ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари.

Биз ушбу масала юзасидан Бухоро шаҳар ҳокими Карим Жамолович Камоловдан ҳам изоҳ олишга муваффақ бўлдик.

«У ердаги корхоналар 20–25 йил муқаддам хусусийлаштирилган. Асосан, ўз вақтида савдо базаларидан иборат бўлган. Очиғи, бу жойларни сотиб олган одамлар шунча йилдан бери қўлини қўлга уриб, айтарли ҳеч қандай ишни амалга оширишмаган.

Энди бу жойларнинг ўрнида 16 та кўп қаватли турар-жой биноси қурилиши режалаштирилган ва тасдиқланган. Ушбу уйларни қуриб, белгиланган муддатда фойдаланишга топшириш учун олдимизга топшириқ қўйилган.

Бир пайтлар у ерда тўрттача ташкилот бўлган бўлса, бугунги кунда мулкларни, ерларни бўлиб сотиш йўли билан 15–16 тагача кўпайган. Уларнинг барчасига ўша ҳудудда биттадан турар-жой қуришни таклиф қилдик. Ҳужжатлари бўйича ортиб қолган ер майдонини Бухоро шаҳрининг бошқа қисмидан ажратиб беришни таклиф қиляпмиз.

Чунки турар-жой биноларини бир йилда қуриб ишга туширишимиз керак. Бунга тадбиркорларнинг қурби етмайди. Шу сабабли ушбу ҳудудда бир йилда иморат қуриб фойдаланишга топшира олишга қодир қурилиш фирмаларини ҳам бу ишга жалб қилмоқдамиз.

Ҳудудда аҳолининг ҳам турар-жойлари бузилмоқда, уларни қисқа фурсатда уй-жой билан таъминлашимиз ҳам керак. Шунинг учун уйни ўз вақтида қураман деган бошқа тадбиркорларга шу кўчада уйлари бузилган фуқароларимизни ўз ҳисобидан уй-жой билан таъминлаш масъулиятини ҳам юклаганмиз», деди Бухоро шаҳри ҳокими Карим Камолов биз билан суҳбатда.

«Мол аччиғи — жон аччиғи», дейди халқимиз. Тадбиркорлар ўзига тегишли ердан ажраб қолаётгани, ҳуқуқлари топталаётганини пеш қилишмоқда. Шаҳар ҳокимлиги олдида эса, шаҳар қиёфасининг ўзгариши туфайли уйлари бузилаётган юзлаб хонадонларни имкон қадар тезроқ янги турар-жойлар билан таъминлаш, турар-жой массивини белгиланган муддатда қурилишини ташкиллаштириш вазифаси турибди. Боз устига, шаҳар ҳокими К.Камолов ҳар қайси тадбиркорга тегишли бўлган ер майдонига тенг ер майдони шаҳарнинг бошқа қисмидан ажратилиб берилиши ваъда қилмоқда.

Биз Бухоро шаҳри ҳокимлиги мутасаддиларидан берган ваъдасига вафо қилишни, очиқ мулоқот тарзида, лойиҳада қурилиши керак бўлган биноларни келишиб олишлари, тадбиркорларга ўз ҳужжатларига мувофиқ, турар-жой қурилиши учун ер майдони, ундан ортган қисмига тенг тарзда тадбиркорлик фаолияти кўрсатиш учун бошқа ҳудуддан ер ажратиб беришни сўраб қоламиз ва биз бу воқеани кузатишда давом этамиз.

Шуҳрат Шокиржонов, Хуршид Далиев,

Kun.uz мухбирлари

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид