Ўзбекистон | 01:43 / 06.04.2018
7679
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи ва экспортёр корхоналарга ер ажратилади — ВМ қарори

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Сабзавот-полизчилик, боғдорчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №258-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорда сабзавот-полизчилик, боғдорчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг фаолиятида йўл қўйилаётган бир қатор камчиликлар ва муаммолар батафсил санаб ўтилган.

Қарорга кўра, ер шароити ва сув таъминоти оғир, паст рентабелли, охирги уч йилда пахта ҳосилдорлиги 15 центнердан кам бўлган, пахта ва ғалла жойлаштирилмайдган майдонлар кўрсаткичи тасдиқланган. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2018 йилда асосий майдонларга, боғ ва ток қатор ораларига ҳамда ғалладан бўшайдиган майдонларга қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичлари ҳам тасдиқланган.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2018 йилда асосий майдонлар, боғ ва ток қатор ораларига ҳамда ғалладан бўшайдиган майдонларга қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит ва ёқилғи-мойлаш материаллари ҳажмлари ва маблағлари, экиш учун тавсия этиладиган серҳосил ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари турлари ва навлари, қишлоқ хўжалиги экинларини молиялаштириш схемалари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини, ёқилғи мойлаш материалларини етказиб бериш схемаси тасдиқланган.

Агротехник талаблардан келиб чиққан ҳолда, «кафолат маблағлари» ҳар йили 10 мартга қадар 30 фоиз, 1 апрелга қадар 50 фоиз ва 1 июнга қадар 100 фоиз миқдорда фермер хўжаликларининг ўз маблағлари, қайта ишлаш, тайёрлов ва экспортёр корхоналарнинг аванс маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари ва маҳсулот сотишдан тушадиган тушумдан шакллантирилиши белгилаб қўйилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоят ва туман ҳокимларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи ва экспортёр корхоналарга экспортбоп экинларни экиш ва уларни қайта ишлаш ёки экспорт қилиш шарти билан белгиланган тартибда ер майдони ажратиш вазифаси топширилмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш