Жаҳон | 20:30 / 09.04.2018
24953
6 дақиқада ўқилади

Дўстлик ва порахўрлик: Жанубий Кореянинг собиқ президенти энди узоқ вақт қамоқда

Сеул марказий округ суди Жанубий Кореянинг собиқ президенти, 66 ёшли Пак Кин Хени давлат раҳбари лавозимидаги коррупция учун 24 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди ва 18 миллиард вон (16,8 миллион доллар) миқдорида жаримага тортди. Сиёсатчи прокуратура томонидан қўйилган 18 айбловдан 16 таси бўйича айбдор деб тан олинди - порахўрлик, зўравонлик, амални суистеъмол қилиш ва давлат сири билан бўлишиш кабилар шулар жумласидандир.

Фото: Reuters

Прокурорлар Пак Кин Хе учун 30 йиллик қамоқ жазоси ва 118,5 миллиард вон миқдоридаги жаримани талаб қилишган. Forbes шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди.

Суд Пак Кин Хе ўзининг яқин дугонаси Цой Сун Силь билан келишиб олиб, Жанубий Кореянинг энг йирик компанияларини уларга пора беришга мажбур қилган, бу поралар ҳажми 23 миллиард вон (21,5 миллион доллар)га етган. Таъкидлаш жоизки, 7,3 миллиард вон (6,8 миллион доллар) - Samsung компанияси томонидан, 7 миллиард вон (6,5 миллион доллар) - Lotte компанияси томонидан ва 8,9 миллиард вон (8,3 миллион доллар) SK Group томонидан тўланган.

Цой Сун Силь
Фото: Global Look Press

"Судланувчи мамлакат президенти ваколатларини суистеъмол қилган ва бу давлат бошқаруви ҳамда жамоатчилик тартибига риоя қилишда хаосга олиб келган", - деди судья телевидение орқали трансляция қилинган суд мажлиси давомида. Пак Кин Хенинг ўзи ҳукм ўқилган суд мажлисига бойкот эълон қилган ва Сеул қамоқхонасидаги камерада қолишни афзал кўрган.

Коррупция ва президентлар

Пак Кин Хе — 1963-1979 йилларда Жанубий Корея президенти лавозимини эгаллаган кишининг қизи, у 2013 йилнинг февралида беш йиллик президент муддатига киришди. 2016 йилнинг октябрида мамлакатда коррупцион низо юзага келди. Маълум бўлишича, Пак Кин Хе яқин дугонаси Цой Сун Силни доим ҳимоя қилиб келган, у эса бу дўстликдан ғаразли мақсадларда фойдаланган. Аёл давлат ишларига аралашган ва Жанубий Кореянинг йирик компанияларига босим ўтказган - Цой Сун Силь уларни ўзига қарашли фондларга хайрия қилишга мажбурлаган.

Фото: Reuters

2018 йилнинг февралида Цой Сун Силь суд олдида жавоб берди ва 20 йиллик қамоқ жазоси ҳамда 16,6 миллион долларлик жаримага тортилди (у суднинг қарори устидан шикоят ёзган). 2016 йилнинг 9 декабрида Жанубий Корея парламенти президент Пак Кин Хе импичменти учун овоз берди. 2017 йилнинг мартида мамлакатнинг Конститутцион суди Пак Кин Хенинг ҳукуматдан кетишини тасдиқлади. 2017 йил мартининг охирида сиёсатчи ҳибсга олинди.

Пак Кин Хе Жанубий Корея президенти лавозимидаги биринчи аёл киши бўлди, шу билан бирга, у импичмент натижасида ишдан олинган илк давлат раҳбари ҳамдир. У Жанубий Кореянинг коррупцияда айбланган учинчи президенти бўлди.

Коррупция ва миллиардерлар

Цой Сун Силнинг фондларига маблағ киритган Корея Республикасининг 53 компанияси коррупцияда гумон қилинди. Мамлакатдаги коррупцион можарога шунингдек йирик маҳаллий компаниялар ва уларни бошқарувчи миллиардерлар ҳам жалб қилинди.

2017 йилнинг августида Сеул марказий округ суди Samsung Electronics (Forbes'га кўра, дунёнинг энг бадавлат 2000 компанияси рейтингида 15-ўринда) вице-президенти 49 ёшли миллиардер Ли Чжэ Ен (энг бадавлат кишилар рейтингида 207-ўринда)ни беш йилга озодликдан маҳрум қилди. Жанубий Кореядаги энг йирик компания раҳбари айбловларнинг барча пунктлари (коррупция, чет элдаги активларни яшириш, ёлғон гувоҳлик бериш ва б.) бўйича айбдор деб топилди.

Ли Чжэ Ен 2017 йилнинг 17 февралида қўлга олинди. Прокуратура уни ҳукуматдан Samsung компаниясининг икки филиали (Samsung C&T ва Cheil Industries) бирлашишини қўллаб-қувватлашига эришиш мақсадида Цой Сун Сил фондларига пул ўтказишда айблади. Гап шундаки, компания акцияларининг асосий эгаси давлат пенсия жамғармаси бўлган.

Фото: Reuters

Тергов маълумотларига кўра, Ли Чжэ Ен отаси (Жанубий Кореянинг энг бадавлат миллиардери Ли Кун Хи, Forbes рўйхатида 52-ўринда) ҳаётдан кўз юмган тақдирда Samsung Group'ни назоратга олишда мамлакат ҳукуматининг қўллаб-қувватлашига умид қилган. Унинг отаси соғлиғи ёмонлашгани сабаб компания ишларидан узоқлашган, бироқ Samsung директорлар кенгаши лавозимини ўзида сақлаб қолган. Samsung'да таъкидланишича, компания филиалларини бирлаштириш режаси коррупция билан боғлиқ бўлмаган, бу унинг шўъба корхоналари рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Биринчи инстанция суди Samsung Electronics вице-президенти Цой Сун Силнинг 22 ёшли қизининг от спорти билан шуғулланиши учун 6,38 миллион доллар ажратганига доир айбловларни исботланган деб топди. Бу пуллардан 850 000 доллар Испанияда Vitani V оти хариди учун тўланган, президент дугонасининг қизи 2020 йилда Токиодаги бўлиб ўтадиган Олимпиадада шу от билан қатнашмоқчи бўлган. Миллиардер бу ишининг хато эканини тан олган, аммо бунинг Samsung учун қандайдир фойда олиш мақсадида қилинганини рад этган.

Ли Чжэ Ен беш йилнинг атиги бир йилини қамоқда ўтказди. 2018 йилнинг февралида Сеул операцион суди миллиардерни озод қилди. Ярим йил ичида қамоқда миллиардернинг молиявий ҳолати 6,9 миллиард долларга - 8,2 миллиард долларгача ошган. Forbes журналининг миллиардерлар рўйхатига кўра, ҳозирда унинг бойлиги 8,2 миллиард долларни ташкил қилади.

Samsung раҳбаридан ташқари, коррупцион можаро натижасида яна бир миллиардер озодликдан маҳрум қилинган — Lotte Group'нинг 63 ёшли раҳбари Син Дон Бин (Forbes рўйхатида 1654-ўринда). У суд томонидан 30 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. 2018 йилнинг февралида ишбилармон Lotte Group раҳбари лавозимини тарк этди.

Мавзуга оид