Европа ва Осиёни, Қора денгиз ва Ўрта ер денгизини боғлаб турувчи, икки қитъа маданияти уйғунлашган бу шаҳарга сафарни февраль ойида режалаштирган бўлсак-да, турли сабаблар, расмийлаштириш лозим бўлган ҳужжатларни тайёрлаш, топшириш ва кутиш, авиачипта танқислиги муаммолари билан март ойида амалга ошадиган бўлди.

Авиачиптани Қозоғистондан олдик

Истанбулга нафақат Тошкентдан, балки Самарқанддан ҳам тўғридан-тўғри ҳаво қатновлари йўлга қўйилганига анча бўлди. Қўшни давлатдан билет олишимиз эса нарх-наво билан боғлиқ. Самарқанддан Чимкент халқаро аэропортигача енгил машинада беш-олти соатлик йўл. Худди шу вақт ичида шаҳримиздан Истанбулга ҳам етиб бориш мумкин. Афсуски, ҳали-ҳамон кўпчилик анча вақтини йўқотиб, Қозоғистон шаҳарлари орқали Туркияга боришни маъқул кўради.

Февраль ойининг сўнгги кунларида Самарқанд шаҳридаги авиакассалардан Истанбулга чипта суриштирдим. Яқин ўн кунларга бориш-келиш чиптаси беш миллион сўм (600 АҚШ долларидан зиёд) гача экан. Қўшни давлатда эса Истанбулга билет 240 АҚШ доллари! 3 март кунига. 

Шундай қилиб, Туркия сафари қўшни давлатдан бошланадиган бўлди. Йўлга чиқиш олдидан танишларимдан бирининг айтган гапи бироз хавотирга сабаб бўлди. «Афсус, қиммат бўлса ҳам шу ердан учмабсан, бир вақтлар мен қўшни давлатга бориб келгандим. Чегарадан ўтишда уч соатлик навбат, ҳужжатлар расмийлаштириш азоби сизларни чарчатиб қўяди…». Аммо ўзбек-қозоқ чегарасига борганимизда хавотирга ўрин қолмади. Ўн беш дақиқа ичида ҳужжат ва юкларимиз кўздан кечирилиб, оқ йўл кўрсатилди. Яхши кайфият билан Чимкент вилоятига кириб, аэропортга такси ёлладик, тахминан 100 километрлик масофа учун киши бошига 800 танга (тахминан 16–18 минг сўм)га келишдик. Машина йўлга чиқаркан, салондан тинимсиз огоҳлантириш сигнали келавергач, ҳайдовчи хавфсизлик камарини ўтказиб олишимни сўради. 

Чимкент халқаро аэропорти. Бу шаҳар Қозоғистоннинг чекка ҳудудларидан эканини ҳисобга олсак, замонавий ва йўловчилар учун қулай аэропорт. Парвоздан қирқ дақиқа олдин терминалга кириб бордик, 20 дақиқада юкларимиз қабул қилиниб, паспорт назорати тугади. 

Тўрт соатлик парвоздан сўнг... Оқтов шаҳридаги аэропортга қўндик. Ҳа, Истанбулга эмас. Негаки, Чимкент ва Истанбул оралиғи Самарқанддагидек яқин эмас, масофа узоқ. Оқтовдан бошқа самолётга ўтишга тўғри келади. Навбатдаги паспорт назорати ва навбатдаги кутиш бу сафар малол келди. Даволаш учун олиб бораётган фарзандимиз толиқиб қолди. Шу ерга келгандагина Чимкентдан анча яқин бўлгани ҳолда ўз юртимизда авиачипталарнинг ҳаддан ташқари қимматлиги алам қилди. Эҳтимол, бошқа давлатларда қатор авиакомпаниялар бўлгани ҳолда бизда бор йўғи битта – «Ўзбекистон ҳаво йўллари» мавжудлиги шундай ҳолатга олиб келгандир. Ахир, қачон, қайси хизмат тури рақобатсиз ҳалол ва сифатли бўлган? Дарвоқе, йўл-йўлакай биздан аҳолиси икки баробар кам бўлган Қозоғистонда фаолият кўрсатадиган учта авиакомпания номига кўзим тушди. Айтайлик, сизга бу ердаги «Скат» авиакомпанияси хизмати ёқмаса, марҳамат, «Эйр Астана» хизматидан фойдаланасиз. Бизда эса…