Ўзбекистон | 19:14 / 18.04.2018
6184
5 дақиқада ўқилади

Видеоконференцалоқа тизими ишга тушгандан буён нечта суд мажлиси бу тизим орқали кўриб чиқилди? 

Фото: iStock

Маълумки, суд мажлиси иштирокчиларига қулайликлар яратиш мақсадида 2014 йил 1 сентябрдан иқтисодий судларда суд мажлисларини видеоконференцалоқа режими орқали ўтказиш амалиётининг йўлга қўйилгани ижобий самарасини бериб келмоқда.

Видеоконференцалоқа режимини жиноят, маъмурий ва фуқаролик ишларини кўришда ҳам қўллашни йўлга қўйиш мақсадида 2017 йил 24 июнда Олий суд Пленумининг "Фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишларни кўришда суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишнинг айрим масалалари тўғрисида" қарори қабул қилинди.

Президентимизнинг 2017 йил 30 августдаги "Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ҳам барча судлар фаолиятига видеоконференция режимида ишларни кўриш тизимини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Суд мажлисларини видеоконференцалоқа тизими орқали ўтказиш - бошқа ҳудудда жойлашган суд иштирокчилари шу судга келмасдан ўзлари яшайдиган жойдаги суднинг биносида видеоконференцалоқа тизими орқали суд мажлисида иштирок этиш имкониятига эга бўлиши билан аҳамиятлидир.

Ҳозирда жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судларда суд мажлисларини видеоконференцалоқа тизими орқали ўтказиш имкониятини берувчи барча замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ўрнатилган. 

Соҳадаги бу янгилик суд процесси иштирокчиларига катта қулайлик яратди. 

Бугунги кунда бошқа вилоятдаги суд мажлисига бориш, бунинг учун сарф-харажат қилиш, ортиқча вақт йўқотиш каби ташвишлар деярли барҳам топди.

Жиноят ишлари бўйича судларда видеоконференцалоқа тизими ишга тушган кундан буён жами 55 та суд мажлиси ушбу тизим орқали кўриб чиқилди. 249 нафар суд иштирокчилари ўзлари жойлашган ҳудудлардан чиқмаган ҳолда видеоконференцалоқа орқали суд процессларида қатнашди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати.

Жумладан, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 
2017 йил 21 апрелдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-2 моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланиб Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган К.Ҳамидовнинг ҳимоячиси  Х.Шомуродова маҳкумга нисбатан оғир жазо тайинлангани, судланганнинг яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳам унга тайинланган жазони енгиллаштириш масаласида илтимосномалар берганлиги тўғрисида Олий судга назорат тартибида шикоят билан мурожаат қилган.

Аниқланишича, ҳимоячи Х. Шомуродова Самарқанд вилоятида ишлаши, 1960 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ўрта маълумотли, 6 нафар фарзанднинг отаси бўлмиш маҳкум К. Ҳамидов Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшагани, айни пайтда Навоий вилоятида жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётганлиги аниқланиб,  ишни кўришда иштирок этувчиларни Тошкент шаҳрига келиши, маҳкумни этап қилиш ва бошқа иштирокчиларнинг йўл харажатларини қисқартириш мақсадида Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан К. Ҳамидовга оид жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Самарқанд ҳамда Навоий вилоятлари суди биноларида суд иштирокчиларининг уч томонлама видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқилиши белгиланди. 

Суд мажлисида жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди биносида ҳимоячи Х. Шомуродова, К. Ҳамидовнинг оила аъзолари ҳамда Ургут тумани “Ўрамас” ҚФЙ “Қуйи-Алгар” маҳалласи фаоллари, Навоий вилояти суди биносида жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган маҳкум К. Ҳамидов иштирок этди.

Видеоконференцалоқа тизими орқали суд мажлисида К. Ҳамидов айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, 2-гуруҳ ногирони эканлиги, муқаддам судланмаганлиги, жиноятдаги иштирокчилик даражаси, оилавий аҳволи, олти нафар фарзандлари борлиги сабабли енгиллик сўради.

Шунингдек, у яшайдиган Ургут тумани “Қуйи-Алгар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва бошқа фаоллари К. Ҳамидов тузалиш йўлига ўтгани, К. Ҳамидовнинг ёшини, оилавий аҳволини, биринчи марта судланишини эътиборга олиб, унга тайинланган жазони енгиллаштиришни сўради.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, К. Ҳамидовга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини ўзгартириб, унга тайинланган 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига камайтирди.

Мавзуга оид