Жаҳон | 13:10 / 03.10.2024
1166
2 дақиқада ўқилади

ЕИ суди РФ ҳукумати ва фирмаларига юридик ёрдам кўрсатиш тақиқланганини тасдиқлади

Люксембург суди белгиялик ва франциялик адвокатларнинг Россия ҳукумати, фирма ва ташкилотларига юридик маслаҳат беришни тақиқловчи Европа Иттифоқи санкцияларига қарши даъвосини рад этди.

Фото: Алексей Витвицкий / РИА Новости

Европа Иттифоқи суди Россия ҳукумати, шунингдек, Россия компаниялари ва ташкилотлари учун юридик маслаҳат бериш тақиқланганлигини тасдиқлади. Люксембург судининг 2 октябр, чоршанба куни қарорига кўра, бу чекловчи чора Европа Иттифоқининг Асосий ҳуқуқлар хартиясини бузмайди.

Тақиқ ҳуқуқий фаолиятнинг моҳиятига таъсир қилмайди

Шундай қилиб, Европа судялари адвокатларнинг Россиянинг Украинага қарши давом этаётган урушига жавобан 2022 йил октябр ойида қабул қилинган санкциялар пакетининг бир қисми бўлган тақиққа қарши даъвосини рад этди. Уларнинг таъкидлашича, санкциялар суд, маъмурий ва арбитраж жараёнларида юридик маслаҳат беришни тақиқламайди. Жисмоний шахсларга юридик маслаҳат бериш ҳам ман этилмайди.

Суд, шунингдек, санкцияларнинг бир қисми сифатида қўйилган тақиқ жамоат манфаатига хизмат қиладиган мақсадларни кўзлашини ва демократик жамиятда адвокатларнинг асосий вазифасининг моҳиятига таъсир қилмаслигини тушунтирди.

Белгия адвокатлар ассоциацияси ва индивидуал адвокатлар, шунингдек, француз юридик бирлашмалари Европа Иттифоқи судига даъво аризаси билан мурожаат қилишди. Қарор устидан Европа судига шикоят қилиниши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид