Иқтисодиёт | 14:42 / 20.04.2018
21442
4 дақиқада ўқилади

33 млрд сўм молиявий интизомга риоя қилинмай сарфланган

Фото: УзА

Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2018 йилнинг 1-чорагида ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг топшириқлари асосида давлат молиявий назорати тадбирлари ўтказилди, деб хабар қилмоқда Молия вазирлиги ахборот хизмати.

Ўтказилган жами 844та назорат тадбирларидан 661тасида молиявий интизомга риоя қилинмай сарфланган маблағлар 33,0 млрд сўмни, шундан камомад ва ўзлаштиришлар 5,1 млрд сўмни, ноқонуний харажатлар 24,8 млрд сўмни ва Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғармалар маблағлари ҳисобидан мақсадсиз ишлатилган маблағлар 3,2 млрд сўмни ташкил этди.

Назорат тадбирларини ўтказиш жараёнида ва унинг натижалари юзасидан берилган кўрсатмаларга асосан аниқланган 20,8 млрд сўм миқдоридаги нотўғри сарфланган маблағлар белгиланган тартибда тикланиши таъминланди ҳамда 650та назорат тадбирлари ҳужжатлари ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди. Жумладан:

Бюджет ва бюджет маблағлари олувчи ташкилотлар бўйича ўтказилган 626та назорат тадбирларидан 510тасида 9,2 млрд сўм маблағ нотўғри сарфланганлиги аниқланди, шундан 474та субъект бўйича (9,0 млрд сўм) назорат тадбири материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.

Шунингдек, бюджет интизомини бузган бюджет ташкилотларининг 32 нафар раҳбар ва мансабдор шахслари 16,7 млн сўм миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилди.

Давлат мақсадли ва молия вазирлиги ҳузуридаги жамғармалар маблағлари ҳисобидан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан 127та назорат тадбирлари ўтказилиб, уларнинг 94тасида 5,2 млрд сўм камомад, ўзлаштириш ва ноқонуний харажатларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Аниқланган ноўрин ва мақсадсиз харажатлардан 3,1 млрд сўми белгиланган мақсадларга қайта йўналтирилди ва 1 млрд сўми белгиланган тартибда тикланди, 3,3 млрд сўм миқдорида молиявий қонун бузилишлар аниқланган 98та текшириш материаллари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.

Ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қарор ва фармойишларига асосан 64та хўжалик юритувчи субъектларда молиявий хўжалик фаолияти юзасидан назорат тадбири ўтказилиб, шундан 35тасида 17,4 млрд сўм миқдорида ноқонуний харажатлар аниқланди ҳамда текшириш материаллари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.

Ушбу субъектларда аниқланган 8,6 млрд сўм миқдоридаги ноқонуний харажатларни тикланиши таъминланди.

Бошқа йўналишлар (Ҳукумат томонидан кафолатланган кредит, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва бошқалар) бўйича 27та назорат тадбирлари ўтказилиб, уларнинг 22тасида 1,3 млрд сўм миқдорида камомад, ўзлаштириш ва ноқонуний харажатларга йўл қўйилганлиги аниқланиб, шундан 1,1 млрд сўми белгиланган тартибда бюджетга тикланиши таъминланди.

Шунингдек, молиявий қонун бузилишлар аниқланган 1,2 млрд сўм миқдоридаги 18та текшириш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.

Ҳисобот даврида Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига жисмоний шахслардан жами 199та мурожаатлар келиб тушди, шундан 53таси тегишлилиги бўйича бошқа идораларга юборилди, 26таси бир хил мавзуда такрорий мурожаатларни ташкил қилади, 12таси аноним деб топилди.

Жисмоний шахсларнинг 96та мурожаатлари ўрганиб чиқилди, шундан уларда қайд қилинган ҳолатлар 12тасида тўлиқ, 30тасида қисман тасдиқланди ва 54тасида ўз исботини топмади.

Шунингдек, жисмоний шахсларнинг мурожаатлари бўйича 98 млн сўм миқдорида молиявий хатоликлар аниқланган 13та ўрганиш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.

 

Мавзуга оид