Тошкент вилоятида иқтисодий-ижтимоий ҳаётида Бекобод туманининг ўз ўрни бор. Қолаверса, туманда 900дан ортиқ фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолият юритиб, имконқадар мамлакат ривожига ҳисса қўшиб келмоқда. Аммо, сўнгги вақтларда тумандаги фермерлардан KUN.UZ сайтига мурожаатлар кўпайди. Уларнинг аксарияти ўзларига берилган ер майдонларининг асоссиз олиб қўйилишидан нолишмоқда. Биз шундай мурожаатлардан бир нечтасини ўрганиш мақсадида Бекобод туманига бордик ва даставвал фермерлар билан учрашдик. 

“Заҳириддин Муҳаммад” ф/х иш бошқарувчиси Шавкат Қулмуродовнинг сўзларига кўра, у 2015 йил ноябрь ойидан бошлаб мазкур фермер хўжалигини бошқариб келади. 
Унинг айтишича, 2016 йилги режа 80 фоизга бажарилган бўлса, 2017 йилга келиб давлат ташкилотларидан қарздорлиги йўқ. Шунга қарамай, ҳоким фермер хўжалиги муҳрини олганидан сўнг, ерни қайтариш бўйича аризага муҳр босилиб, ер туман заҳирасига қайтариб олинган. Шавкат аканинг таъкидлашича, ернинг бир қисмини туман захирасига ўз хоҳиши билан топширган. Бироқ туман ҳокимлиги ерни бутунлай захирага олиб, бошқа ҳудуддан келган даъвогарга топширган. Бундан ташқари, тендер ҳам адолатсиз ўтказилган, деб даъво қилди собиқ фермер хўжалиги иш бошқарувчиси.

Биз “Хайрулла боғи” фермер хўжалиги бошқарувчиси Абдуназар бобо Абдунабиевни нима ташвишга солаётганига қизиқамиз. 

“Туманнинг аввалги ҳокими мени чақириб, фермерлик қандай қилинишини бир кўрсатиб беринг, деди. Мен “хўп”деб ўша йили 30 центнер режа топширдим. 480 тележка ажриқ чиқардим. Ўшанда одамлар кулди: сен нима қиляпсан, деб. Меҳнатимга ичим ачийди. 80 ёшга кирганда, энди ёлғон сўзлайманми? Бу ерни нега яширинча тендерга беради? Чақирмайдими? Бизга ҳужжатларимизнинг бирортасини кўрсатмайди. 

Ҳозир ҳам 5 гектар буғдойимиз бор. Дори бермайди, борсак, ҳужжатингни олиб кел, дейди. Ҳисобимда пулим бор-ку. Жами 70 гектар ерим бор эди. Ярмини олиб қўйди, ўзлари қўшиб берган ерни ажриқдан тозалаганимда. “Боғингни ҳам олиб қўяман керак бўлса, хоҳлаган жойингга бор”, - дейди. Мана ҳокимнинг ўринбосари ҳам билади. Бутун халқнинг ўртасига олиб кир, “бу муттаҳам ишламаган”, деса, шундай қўлимни кўтариб, чиқиб кетаман дедим. Ахир ишламаган бўлсак, бу ерга келиб юрмасдим. Одамга инсоф ҳам керак. Умуман, режа топширмаганларга ерни олиб беришди. Улар умуман ишламайди-ку”, - дейди 80 ёшни қаршилаган Абдуназар бобо.