«Овозсиз» партиялар ва мазмунсиз матбуот шароитида сиёсий саводхонликни қандай ошириш мумкин?
Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқлари, гапираётган гаплари кўпчилик ватандошларим каби менда ҳам эртанги кунга умид уйғотиб фаол ҳаракат қилишга чорлаяпти. Шунинг учун яна қўлимга «қалам» олиб, ўзим билган соҳада навбатдаги таклифни ёзишга ўтирдим. Бу таклифнинг туғилишига 4та воқеа (ҳодиса, аҳвол, ҳолат...) сабаб бўлди.
Биринчиси — иш фаолиятимда талабалар, ҳамкасбларим, кўчада қўшниларим билан суҳбатлар, олий ўқув юртларининг талабаларига ўқилаётган баъзи гуманитар фанларнинг дастурлари, дарсликлари ва бошқа ўқув адабиётлари билан танишувим, Ўзбекистон матбуоти ва телевидениесининг сиёсий мавзулардаги материалларини ўқиб ва эшитиб қилаётган хулосаларим ва таассуротларим.
Иккинчиси — Президентнинг 7 март куни республика хотин-қизларининг вакиллари билан бўлган учрашувда бошқа давлатларда ишлаб, ўқиб юрган саводли, малакали ватандошларимизни мамлакатга чақириш кўламини кенгайтириш ҳақида айтган гапи.
Учинчиси — «Америка овози» радио ва телеканалиниинг етакчи журналисти, сиёсий шарҳловчи Навбаҳор Имомованинг журналист Жасур Ҳамроев билан суҳбатдаги «Сизни мамлакатга чақирса, борасизми?» деган саволига берган жавоби.
Тўртинчиси — 3 йил олдин Америкага ва бу йил Германияга сафар қилиб, у ерларда таълим олиб ишлаётган ва нисбатан узоқ муддатлардан бери яшаётган ватандошларим билан қилган суҳбатларим.
Эртага олий маълумот оладиган бугунги талабаларнинг сиёсий (иқтисодий, маънавий, диний...) саводхонлик даражаси қандай? Буни биринчи яқинлашишда аниқлашнинг қийинчилиги йўқ.
Халқимизда «қуш инида кўрганини қилади», деган пурҳикмат мақол бор. Шунга амал қилсак, бу даража биринчи навбатда, бу соҳаларга тегишли фанларни ўқиётган профессор-ўқитувчиларнинг билими ва малакасига, ўқиш учун тавсия қилинган материалларнинг мазмунига (сифатига) боғлиқ.
Совет даврида бундай билимларнинг асосини Маркс, Энгельс, Ленин асарлари, КПСС съездлари ва Пленумларининг материаллари, Бош Секретар ва Сиёсий Бюро аъзоларининг нутқлари ва китоблари ташкил қиларди. Мустақиллик даврида эса, бу адабиётлар Ислом Каримовнинг асарлари, нутқлари ва улар асосида ёзилган ўқув адабиётари билан алмаштирилди.
Охирги 1,5 йидан бери бу сиёсатдан кескин ижобий бурилиш бўлишига қарамасдан, гуманитар фанларнинг дастурлари, китобларида ва маърузаларида танқид қилинаётган ғоялар, сиёсат, афсуски давом этаяпти. Энг ёмони, биз уларни келгусида етук мутахассис, раҳбар, жамиятга, халққа таъсир қилиши мумкин бўлган талабаларнинг онгига сингдираяпмиз, ўқишга мажбур қилаяпмиз, имтиҳон олаяпмиз. Сиёсатни ўргатадиган асосий фан («сиёсатшунослик») эса ўқув режасидан чиқариб ташланган. Ислоҳотлар бошланганига 1,5 йил бўлишига қарамасдан, ушбу фан «ўқув режа»га қайтарилгани йўқ.
Матбуот ва телевидениедаги сиёсий эшиттиришларни айтмасак ҳам бўлади. Улар бир томонлама, тор ва мазмунсиз. Бу масалада айтишга арзийдиган ўзгариш йўқ.
Демократик мамлакатларда халқнинг сиёсий саводини оширишда эркин матбуот ва сиёсий партиялар фаол қатнашади. Масалан, ГФРнинг асосий қонуни 21-моддасининг 1-бандида «Партиялар халқнинг сиёсий иродасини шакллантиришга ёрдам беради», деб ёзилган. Бизда эса ҳозирча уларнинг «овози» эшитилмайди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг: шундай муҳитда халқнинг сиёсий саводхонлик даражаси қандай бўлади?
Президент ўзининг нутқларида ва катта мажлислардаги чиқишларида мамлакатда ҳамма соҳада етук мутахассислар етишмаётганлигини айтиб келади. Афсуски, биз ўзимизнинг ёшларни илғор чет давлатларнинг олий ўқув юртларида ўқитиб мутахассис тайёрламадик. Лекин бахтимизга бошқа давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртларини тугатиб, ўша ерларда яхши ишларга жойлашиб ишлаб тажриба ва малака орттирган ватандошларимиз бор. Буни яхши билган Президент уларга мурожаат қилаяпти. Республика хотин-қизларининг вакиллари билан бўлган учрашувда, нафақат АҚШдаги балки бошқа давлатларда ишлаб, ўқиб юрган саводли, малакали ватандошларимизни ҳам мамлакатга чақиришни айтди. Демак, чақириш масаласи ҳал бўлди, деб ҳисобласа бўлади.
Мамлакатга таклиф қилинаётган мутахассисларга зарур шароитлар яратиб берилган тақдирда, уларнинг қанчаси қайтиб келиши мумкин? Буни уларнинг ўзларидан бошқа ҳеч ким билмайди.
Зарур шарт-шароитларга нималар киради: яшаш учун яхшигина уй-жой, ишига яраша муносиб маош ва эркин ишлаши учун кафолат. Охир-оқибат булар қийин эмас, буни давлат қилса керак, чунки бусиз уларнинг бирортаси келмайди. Уларнинг кўпчилиги (айниқса, Америкада) ўзи яшайдиган давлатнинг фуқаролигини олган. Бу масалани уларнинг фойдасига, яъни икки фуқароликка рухсат бериш қонун билан ҳал қилинмаса, уларнинг аксарияти келмайди. Келса ҳам фуқароликдан чиқмасдан вақтинча келади. Уларнинг ҳар бирининг ортида оиласи турибди. Турмуш ўртоқлари, фарзандлари у ерга ўрганган, болаларининг яхши билим олиши учун у ердаги шароит бизникига қараганда, анча юқори. Ҳар бир ота-она фарзандларининг эртасини ўйлагани каби, улар ҳам биринчи навбатда оиласини ўйлайди.
Мен ўзимни оладиган бўлсам, Президентга жуда ишонаман, шунинг учун ҳам қўлимдан келганини қилишга ҳаракат қилаяпман, лекин мен ишонган Президент ҳам 10 йил раҳбарлик қилади. Кейин нима бўлади? Ватан деб ўзининг «иссиқ» жойини ташлаб келаётган уларнинг ҳар бири айнан шуни ўйлайди. Чунки, улар демократик мамлакатларда яшайди ва демократиянинг нима эканлигини ва келажакда уларнинг фарзандлари учун қандай имкониятлар яратишини жуда яхши билишади.
Шундай ватандошларимиздан бири «Америка овози» радио ва телевидениесининг ўзбек тилидаги эшиттиришлар бўлимининг сиёсий шарҳловчиси, Навбаҳор Имомова. Навбаҳор яқинда АҚШга борган журналист Жасур Ҳамроев билан суҳбатида ўзи қарийб 20 йилдан бери АҚШда яшаб келаётганини айтган. Шунингдек, суҳбатдан маълум бўлаяптики, у Америкада ўқиб, Индиана ва Ҳарвард университетларининг магистрлик дипломларини олган.
Youtube каналига қўйилган видеоматериаллардан унинг турли мавзулардаги чиқишларини, дипломатлар, мутахассислар ва турли касб эгалари билан қилган суҳбатларини эшитиб, янги-янги маълумотлар, билимлар оламан. Шундай ақлли, саводли, гўзал қиз оддий ўзбек оиласининг фарзанди эканидан чексиз қувонаман. Шундай журналист билан бутун Ўзбекистон фахрланса арзийди.
Американинг ва жаҳоннинг бошқа нуфузли ахборот агентликлари инглиз тилини она тилидек биладиган бундай малакали мутахассисни жон деб ишга олади. Лекин Навбаҳор ўзи айтганидай Ўзбекистонга фойдам тегсин, деб «Америка овози»нинг ўзбек бўлимида ишлаб турибди. Ҳозир Ўзбекистонга ишлаб чиқариш, олий таълим, фан соҳасидаги мутахассислар қатори халқнинг сиёсий саводини чиқариш учун Навбаҳор каби етук журналистлар, сиёсий шарҳловчилар ҳам керак. Жасур Ҳамроевнинг агар «Сизга ҳам Ўзбекистонга қайтиш ҳақида таклиф бўлса, қайтасизми?», деб берган саволига, у «Мен ҳозирги шароитда у ерга бориб эмас, балки шу ерда (яъни Америкада) туриб мамлакатимга кўпроқ фойда келтираман, чунки бу ерда эркин ижод қилишим учун шароит у ердагига қараганда жуда катта», деб жавоб берди.
Ҳақиқатан ҳам шундай, ҳозирча Ўзбекистонда журналистнинг эркин айтган фикри, давлатнинг юқори лавозимда ўтирган мулозимига ёқмаса, унинг дастури ёпилиб, ўзининг ишдан ҳайдалмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Ишлаган тақдирда, асосан, телевидениенинг масъул ходимлари ва «куратор»лари чизиб берган қолипдан чиқмаслиги керак, эркин ижод, фикр эркинлиги ҳақида гапиришга ҳали анча эрта кўринади.
Энди мақоланинг қарийб 90 фоиз ҳажмини эгаллаган «кириш» дан кейин айтиладиган таклиф қуйидагидан иборат: Агар Ўзбекистон раҳбарияти ўз халқининг сиёсий (шунингдек, иқтисодий, маънавий, диний ва ҳ.к.) саводини чиқаришни хоҳласа, бу ишни замонавий техник имкониятлардан фойдаланиб ҳам амалга оширса бўлади. Бунинг учун Ўзбекистон телевидениесининг асосий каналларидан бирининг бир соат вақтини Навбаҳор каби журналистларга бериш керак. Навбаҳор халққа бу масалада нимани айтиш, нимани айтмаслик кераклигини телевидениенинг раҳбарлари ва «куратор»ларидан бир неча баробар яхши билади. Ўзбекистондаги қизиқишга, заруратга, эҳтиёжга қараб мавзулар танлайди ва уларга тегишли материаллар тайёрлайди, керак бўлганда АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги мутахассислар билан суҳбатлар уюштиради ҳамда уларни ўзбек тилига таржима қилади. Ўзи лозим топган ахборотларни беради. Ахборот бозорини, берилаётган материалларнинг таъсир доирасини, аудиториясини турли усуллар, воситалар орқали мониторинг қилиб боради.
Баъзи вақтларда телевидение масъуллари, ўзларини қизиқтирган мавзуларда дастурлар тайёрлаш учун буюртма бериши ҳам мумкин. Лекин улар тайёрлаган материалларнинг мазмунига Ўзбекистон томони аралашмаслиги ва тайёрлаб юборилган материални «қайчиламаслиги» керак. Чунки биринчидан, юқорида айтганимдай, уларнинг билими, малакаси, тажрибаси телевидение «назоратчилари»никидан юқори, иккинчидан, улар Ўзбекистонни биздан кўра кўпроқ «севади», лекин асло кам эмас. Охир-оқибат сийқаси чиққан бу «севги»нинг меъёри ҳеч кимнинг пешонасига ёзилмаган, аслида ҳар биримизнинг қилган ишимиз бунинг ўлчови бўлади. Шунинг учун уларнинг аксарияти Ўзбекистонга сиз «ўйлаган» ёмонликни раво кўрмайди.
Бунинг учун уларни ҳам олдин «қора рўйхат»дан чиқариш керак, чунки 7 мартдаги мажлисда президент айтганидек, «бу инсонлар ҳам бизнинг ватандошларимиз, Ўзбекистон фуқароларидир».
Агар шундай қилинса, бу, дунёнинг илғор демократик мамлакатлари томон очилган «дарча», улар билан бизни яқинлаштирувчи «кўприк» бўлади. Эркин дунёни кўрган, яхши билган илғор фикрли ватандошларимиз ва чет эллик мутахассисларнинг суҳбатлари айнан шу дарча орқали «кириб келади» ва биз улардан баҳраманд бўламиз. Дунёқарашимиз кенгайиб, чуқурлашади, билимимиз эса кўпаяди
Эшиттиришларнинг мавзуси нафақат сиёсий, балки иқтисодий, ижтимоий, маданий, қишлоқ хўжалиги, бизнес, таълим, соғлиқни сақлаш, тарих, адабиёт ва ҳоказо масалаларда бўлиши мумкин.
Ўзбекистон радио, телевидение ва матбуоти турли сабабларга кўра чет элларда ишлаётган талантли, тил биладиган, малакали журналистлар билан ҳамкорлик қилса, бу биринчидан — уларнинг дастурларини бойитиб мухлислари сонини кўпайтиради, иккинчидан — юқорида айтганимдек, каттаю-кичикнинг ҳар томонлама саводини, билимини ошириб бутун халқимизнинг манфаати учун хизмат қилади.
Демократиянинг даражаси, жамиятнинг ривожланиши ва мустаҳкамлиги халқнинг сиёсий саводхонлигига боғлиқ. Айнан шунинг учун демократия ривожланган мамлакатларда, ҳокимият тепасига кимнинг ёки қайси сиёсий гуруҳнинг келишидан қатъи назар эркин матбуот, эркин фикрнинг ривожланиши учун зарур шарт-шароит доим яратилади.
Абдулла Қувватов,
Самарқанд давлат университетининг доценти