Ўзбекистон | 20:52 / 27.04.2018
5552
2 дақиқада ўқилади

Билимдонлар беллашувининг якуний вилоят босқичлари бўлиб ўтмоқда

Халқ таълими вазирлиги иқтидорли ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларда билим олишга бўлган иштиёқни рағбатлантириш, бунинг учун зарур ижодий муҳит яратиш масаласига доим эътибор қаратиб келади.

Шу йилнинг 13-15 апрель кунлари 8-10-синф ўқувчилари ўртасида илк мартаба инновацион олимпиада ўтказилган эди.

Айни вақтда республика миқёсида барча ҳудудлар марказида билимдонлар беллашувининг якуний вилоят босқичи бўлиб ўтмоқда. Унда 7-8-синф ўқувчилари 17 та фан бўйича беллашадилар.

Беллашувнинг ҳудудий босқичларида 2,5 млн. нафарга яқин ўқувчи иштирок этиб, улардан 5123 нафар 7-8-синф ўқувчилари якуний босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

Танловнинг вилоят босқичида ўқувчиларнинг фанлардан ёзма саводхонлиги ва амалий кўникмаларини ўрганишга қаратилган диктант, ижодий баён, ёзма иш, лаборатория иши, оғзаки савол-жавоб шартлари ўтказилса, иккинчи шартда барча фанлардан тест синовлари бўлиб ўтади.

Бу йил илк бора билимлар беллашувининг иккинчи шарти, яъни тест синовлари шаффофликни таъминлаш мақсадида онлайн тарзда ўтказилмоқда.

Жорий йилда ҳам беллашувларда юқори натижа кўрсатган 500 нафар ўқувчи Республика миқёсида Тошкент вилояти  Бўстонлиқ туманидаги “Интеллектуал-ривожлантириш оромгоҳи”га жалб қилинади. Вилоятларда ҳам энг намунали оромгоҳларда жами 1400 нафар ўқувчи учун шундай оромгоҳлар фаолияти йўлга қўйилади.