Light | 00:24 / 27.04.2018
34855
10 дақиқада ўқилади

Россиянинг совуғида пахта етиштиришни эплаган ўзбек олими ҳақида ҳикоя

Ўзбек олими Ойбек Кимсанбоев Россия пахта лойиҳаси муаллифига айланди. Шу йилнинг ўзидаёқ 1000 гектар майдонда рус пахтаси етиштирилади. Бу эса яқин орада Россия ушбу маҳсулотни импорт қилишдан воз кечишига сабабчи бўлиши ҳам мумкин. «Очиқ Осиё онлайн» Россияда пахта плантацияларини қандай қилиб яратганини ҳикоя қилиб берган Ойбек Кимсанбоев билан суҳбатлашди.

– Ойбек, Россияда пахта етиштириш ғояси хаёлингизга қандай қилиб келиб қолди?

– Бу ғоя менда 20 йилча муқаддам туғилган, ўшанда мен Ўзбекистон пахта селекцияси ва уруғчилиги илмий-текшириш институтида ёшгина қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди эдим. Ўшанда биз географик узоқ шароитларда пахтанинг ультратезпишар навларини яратиш устида иш олиб бораётган эдик. 2006 йилга келиб биз жаҳон пахта майдонларининг «шимолий кенгликлари»да экиш учун яроқли селекция материали сифатида ишлатиш мумкин бўлган тайёр линиялар ва гибридларга эга эдик. Бунга мисол тариқасида — «Сурхон-9» ингичка толали пахта навини келтириш мумкин, унинг асосида барча «Сурхон» навлари яратилган.

Фото: OpenAsia 

Тадқиқот учун материал тайёр эди, лекин у 2013 йилгача «консерваланган» ҳолатда ётди! Шу вақтда мен Россияга келдим ва ўз тадқиқотларимни давом эттиришга қарор қилдим, боз устига изланишларимиз билан анчадан буён ҳам россиялик, ҳам ғарб мутахассислари қизиқишаётган эди. Ўшанда менинг ишим янги интерпретацияга эга бўлди: биз шунчаки материалимизни синовдан ўтказиш билангина чекланиб қолмасдан, янада олға боришга — россиялик ҳамкасбларимиз билан жаҳон пахтачилигининг энг шимолий нуқтасини топиш ва янги нав яратиш учун материал ажратиб олишга киришдик.

– Янги тадқиқотларингизда қандай муаммоларга дуч келдингиз ёки келмоқдасиз?

– Россия шароитларида қандай навларни экиш мумкин ва лозим? У ёки бу навлардан қандай натижалар кутса бўлади? Гарчи ўтган 5 йил ичида 100 дан ортиқ нав ва 50 дан ортиқ ёввойи ва яримёввойи турларни ўрганиб чиққан бўлсак-да, бу саволлар доим олдимизда кўндаланг бўлаверади. Шу билан бирга муаммо ҳам пайдо бўлмоқда: РФнинг турли областлари ва ҳудудлари учун етиштиришнинг турли технологиялари зарур. Бу ҳақда маҳаллий мансабдорларга гап очсанг, улар таажжублана, энг ёмони ғазаблана бошлашади. Шунда мен пахта ҳам ғалла, маккажўхори ва кунгабоқар сингари ўсимлик эканлиги, турли навлар турлича келиб чиқишга эга эканлигини шошилмасдан тушунтираман. Ғўза бошқа ўсимликларга қараганда турлича хромосомалар тўпламига эга ва бу турлича ирсий ўзгариш дегани. Беш йил муқаддам Волгоградга келиб, пахта билан шуғулланаман, деганимда ҳеч ким менга ишонмаган эди. Устига устак, кўпчилик бу ерда пахта ўсиши мумкин эмаслигини таъкидлаган эди!

 

Фото: OpenAsia 

Аввалига мен бу ерда навлар стандарти сифатида олинган айрим кўрсаткичларга кўника олмадим, аслида улар нотўғри экан. Тола сифати бўйича маълум бир стандартлар мавжудлиги, бутун жаҳон тола сифатининг ўзбек стандарти бўйича ишлашини исботлашга тўғри келди. Буни ҳатто Пахта бўйича халқаро маслаҳатлашув қўмитаси ва Халқаро пахта ассоциацияси ҳам тан олади.

– Пахтанинг ўзбекча навлари Россия иқлимига мос келмаслиги аниқ, сиз бу муаммони қандай ҳал қилдингиз?

– Биринчидан, РФ давлат реестрида турган кўплаб навлар ўзбек навлари асосида яратилган. Асос сифатида ўзбек ва хориж олимлари томонидан яратилган эски ва янги навлар олинган. Масалан, Австралия, Булғор гибридлари ва ўзбекча «Фарғона-3», «Қирғиз-1» навлари асосида. Мен тушунаман, албатта, бу селекционер олимларнинг пешона тери, мен уларни жуда ҳурмат қиламан, боз устига уларнинг жуда кўпчилиги собиқ ҳамюртларим.

 

Фото: OpenAsia 

Пахта амалий генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги марказида биз томонимиздан етиштирилган навларга тўхталадиган бўлсак, айнан фотодаврни ўзгартириш шарофати эвазига материал ярата олдик.

– Сиз пахтанинг мутлақо янги — рангли навини ярата олдингиз. Буни қай йўсинда амалга оширдингиз ва рангли пахта оқ пахтадан нимаси билан фарқланади?

– Сиз Канзас университетидаги икки ғалати олим арзон графен олиш усулини ўйлаб топгани ҳақидаги ҳикояни эшитганмисиз? Улар тажриба қила туриб, тасодифан лабораторияни портлатиб юборишади.Агар уларнинг ихтироси бўлмаганида, умрларининг қолган қисмини етказилган зарарни қоплаш билан ўтказишган бўлишарди. Бизда ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлди. Биз кўп йиллардан буён рангли пахта борасида тадқиқот олиб бораётган эдик, аслида бу ўсимликка 5 минг йил бўлган, боз устига рангли пахта оқ пахтадан ҳам аввал пайдо бўлганини кўрсатувчи манбалар ҳам бор. Рангли пахта мустаҳкам ирсий шаклга эга, кўрсаткичларидан асосийси — кечпишарлиги, шу сабабли у Россиянинг жанубий минтақаларида пишишга улгурмайди.

 

Фото: OpenAsia 

 

Бу ўсимлик шунчаки ўсиб, гуллаб, бир муддат сўнг шоналарини тўкиб, демакки генератив органларини, яъни кўсак шакллантиришга улгурмай қолади. Уч йил ичида биз барча навларни синаб кўрдик ва бизнинг қўлимиздан ҳеч нарса келмади. Шундан сўнг биз ҳамкасбларимиз билан бу ишни унутиб, асосий фаолиятимиз билан шуғулланишга қарор қилдик. Кунларнинг бирида менинг олдимга талабалардан бири амалиётга келди, у Қашқадарё вилоятидан бир ҳамюртим экан. Ўша пайт у учун менда бирор иш йўқ эди, у шунчаки мен қилаётган ишларни кузатиб турарди.

 

Фото: OpenAsia 

Кунларнинг бирида мен магистрантлар ва аспирантларга кастрацияни қандай амалга ошириш ва ўсимликни чанглантиришни кўрсатаётган эдим. Амалиётчи-талаба халақит бермаслиги учун унга ўсимлик ўтқазилган тувакларни иссиқхонага элтиб қўйишни тайинладим. У талабимни бажарди. Бир ҳафта ўтиб мен иссиқхонага бош суқдим ва оҳ тортиб юбордим! Рангли пахта кўсак боғлаган эди! Мен таажжубланиб, барча ҳамкасбларимни чақирдим ва тўсатдан қашқадарёлик талабамни ёдга олдим... У ҳузуримга келгач, аспирантларга кастрацияни қандай кўрсатаётганимни кўриб олиб, бояги тувакдаги ғўзаларга ҳам шуни қўллаганини айтиб берди, яъни олинган билимларини мустаҳкамлаган бўлиб чиқди.

Шунда биз тушундикки, у беихтиёр рангли пахтани Gossypium turberi ёввойи нави билан чатиштириб қўйган, мен эса кейинроқ олимларнинг ишларида Gossypium turberi барча турлар ичида энг яшовчани эканлигини ўқиб билдим. Шундай қилиб, биз Россияда илк бор фотодаври ўзгартирилган рангли пахтани ўстирдик. Бу тадқиқотнинг уникаллиги шундаки, узун кун шароитида илк бор кун узунлиги калта ўсимликни «жиловлаш»га муваффақ бўлдик. Бу озиқ-овқат хавфсизлиги стратегиясини нафақат Россияда, жумладан бутун жаҳонда тубдан ўзгартириб юборади. Биз у ёки бу зонада амалда ўстиришнинг иложи йўқ ноанъанавий ўсимликларни етиштириш имконини берувчи механизмни топдик.

 

Фото: OpenAsia 

– Пахта экиш учун Россиянинг қайси иқлимий зоналари танланди ва нима учун?

– Биз асосан жанубда ва Шимолий Кавказда ишлаймиз. Бу минтақаларда аввало тупроқ-иқлим шароитлари бу ўсимлик келиб чиққан жойларга яқин, иккинчидан, бу ер пахтанинг тарихий ватанларидан бири саналади. Агар ўзбек пахтаси россия пахтасидан нимаси билан фарқ қилиши ҳақида гапирсак, рус пахтаси сифат жиҳатидан ундан қолишмайди, лекин ҳосилдорлик жиҳатидан анча фарқ қилади. Бу ерда пахтани йиғиб-териб олиш ҳам роль ўйнайди, Марказий Осиёда у тезроқ ва кенг миқёсда боради.

 

Фото: OpenAsia 

– Ўзбекистонни пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланганлик ва бюджет соҳаси ходимларини сафарбар қилишгани учун тез-тез танқид қилиб туришади. Россияда ҳосил қандай йиғиб олинади?

– Мен бу мавзуда кўп гапирганман ва фикрим шундайки, кластер тизимига ўтиш танқидлардан халос бўлишга олиб келади. Бугун Россия Минск трактор заводи Гомель ва Тошкент трактор заводлари билан музокара олиб бормоқда. Россельхозмаш базасида янги пахта териш комбайни яратиш режалаштирилмоқда.

Фото: OpenAsia 

– Россиянинг пахтага нисбаьан саноат талаби қай даражада ва бу маҳсулот импортидан бу ерда қачон воз кечилади?

– Мен ҳозирча бу саволга аниқ жавоб бера олмайман, чунки талаблар ҳам, ҳажмлар ҳам ҳар йили ўзгармоқда. Албатта, Россия ҳали яқин орада импортдан воз кеча олмаслигини тахмин қилиш мумкин. Лекин бу мамлакат сўнгги беш йилда нечоғлик ўзгаргани эътиборга олинса, бу эртароқ рўй бериши ҳам мумкин.

Мавзуга оид