Туризм ривожи йўлидаги тўсиқлар қандай бартараф этилмоқда, сайёҳлар сонини ошириш йўлида қандай ишлар амалга оширилмоқда, виза режимини соддалаштиришга доир ишларнинг соҳа ривожига таъсири, туристик экспорт хизматлари ҳажмини ошириш, авиахабарлашув инфратузилмаси ва бошқалар ҳақида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Facebook'даги саҳифаси орқали тақдим этилган интервьюда сўз юритди.

Ўзбекистонда яқин йилларгача туризмга етарлича эътибор қаратилмаган? Бугунги кунда туризмни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни енгиб ўтиш учун нималар қилинмоқда?

Узоқ йиллар давомида Ўзбекистонда туризмга етарлича эътибор қаратилмаган, бунга турли тўсиқлар ва чекловлардан иборат объектив сабаблар бўлган. 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон президенти томонидан туризмни мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик йўналишларидан бирига айлантиришга қаратилган аниқ стратегия ишлаб чиқилди ва бу борадаги ишлар бир неча босқичга ажратилди.

Биринчи босқич кераксиз тўсиқлар ва чекловларни олиб ташлашга қаратилган. Шу муносабат билан мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш учун Президент қарорлари чиқарилди. Масалан, хорижий сайёҳларга мамлакатимиздаги тарихий объектларни суратга олиш тақиқланганди ёки сайёҳларнинг SIM-карта олиши билан боғлиқ муаммолар бўлган. Яна бир мисол - ижарага автомобиль олиш. Хорижлик фуқаро Ўзбекистонда машина ижарага олиши учун дастлаб ёзма равишда шартнома имзолаши, кейин нотариусга бориб уни тасдиқлатиши ва буларнинг барини ДАИда рўйхатдан ўтказиши керак бўлган. Wi-Fi зоналарни кенгайтириш - яна бир муаммо бўлган.

Бугунга келиб тўсиқ ва чекловларни олиб ташлашга доир ишларнинг тахминан 90 фоизи амалга оширилди. Олдимизда қолган икки асосий вазифа турибди: электрон визанинг жорий қилиниши ва виза режимини соддалаштиришда давом этиш, шунингдек хориж фуқароларини рўйхатдан ўтказиш тизимини мувофиқлаштириш. Бу йўналишда яқин орада ҳал қилишимиз зарур бўлган катта муаммоларимиз бор.

Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сонини оширишга доир қандай механизмлар жорий қилинмоқда?

Бугунга келиб виза режимини бекор қилиш ва соддалаштириш, хорижий мамлакатларда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишга доир қабул қилинган қарорлар ўз самарасини бермоқда ва биз мамлакатимизга келаётган хорижий сайёҳлар сонининг ошаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу ерда, албатта, икки омилни қайд этиш жоиз: