Жамият | 23:50 / 01.05.2018
18398
4 дақиқада ўқилади

Ёпиқлашаётган очиқ суд мажлислари ҳақида кўрганларимиз

Фото: Fotolia

Жамиятда икки устун борки, унинг ҳаққоний ва адолатли бўлиши барқарор ривожланишга катта таъсир кўрсатади. Менимча булар - солиқ тизими ва суд ҳокимияти. Солиқ, умуман мажбурий тўловлар ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин, бироқ суд ҳокимияти ўз биносида адолат ўрнатолмай, бошқаларга «ўрнак» бўлишига тоқат қилиб бўлмайди.

Гап шундаки, жорий йилнинг 23 февраль куни Судлар, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома эълон қилинганди. Ҳужжатга кўра, судга ташриф буюрувчи шахслар - суд биноси ёки унинг ҳудудига вақтинча (суд мажлиси иштирокчиси сифатида, ўз ихтиёри ёки хизмат вазифаларини бажариш муносабати билан) келган ҳар қандай жисмоний шахс. Шунга кўра, судга ташриф буюрувчи шахслар суд биносига суднинг масъул ходимлари томонидан расмийлаштириб берилган бир марталик рухсатнома асосида кириб чиқишлари МУМКИН.

Суд мажлиси ўтказиладиган вақтда судга ташриф буюрувчи шахслар суд мажлиси ўтказиладиган вақт ва суд мажлисига чақирилган шахсларнинг рўйхати кўрсатилган рухсатнома асосида суд биносига киритилади. Энди саволлар пайдо бўлмоқда.

Биринчи савол: суд мажлисини кузатишни истаган киши (журналист, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, жамиятнинг фаол аъзоси, талаба - ҳар ким) суд биносига қандай киради? Рухсатнома асосида кириб чиқишлари мумкин, деб қайд этилганига қарамай, шу ҳужжатнинг ўзида РЎЙХАТ асосида кириш зарурлиги айтилмоқда. Қолаверса, бу РЎЙХАТ судга раислик қилувчи судья томонидан тасдиқланиши сўралади. Энди шаффофликни мустаҳкамлаш йўлидан кетаётган суд эшиклари бирдан ёпилиб қолаётганга ўхшаб қолмаяптими?

Яна шу ҳужжатнинг ўзида шундай дейилади:

 «Судга ташриф буюрувчи шахслар очиқ суд мажлисига шахсни тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатган ҳолда киришлари мумкин»​.

Мантиқан тўғри тушунган бўлсам, ҳеч қандай рўйхатсиз, муайян очиқ суд мажлисида иштирок этиш учун шахсимни тасдиқловчи ҳужжат билан суд биносига кирсам ҳам бўлади.

Аммо, лекин, бироқ...

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва ҳукуматни ағдариш каби жиноятларни амалга оширганликда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев ишида суд ходимлари тушунарсиз мантиққа кўра иш тутмоқда. Яъни, очиқ суд мажлисида кузатувчи сифатида иштирок этишни истаган шахсларнинг рўйхати аввалдан шакллантирилган. Сўнгги марта айнан шу иш бўйича ўтказилган суд мажлисига гарчи суд мажлиси бошланмаган бўлса-да, суд биносига журналистлар киритилмай анча оворагарчилик пайдо бўлди.

Масаланинг асл муаммоси йўриқномада ҳаммаси аниқ ва равон ифодаланмаганлиги: очиқ суд мажлисига кузатувчи сифатида келган «меҳмонлар» қай тартибда киради, чақирилган шахслар, адвокатлар, давлат айбловчисининг (айнан уларга эътирозим кўп, чунки суд ходими бўлмаган давлат айбловчиси суд мажлисида бемалол телефон «ковлаб» ўтиради) кириш-чиқиши қандай йўлга қўйилган?

Йўриқномани ўқиган киши битта хулосага келади: охир-оқибат бўтқа пайдо бўлибди. Истаган киши ўз хоҳишидек талқин этиш мумкин бўлган йўриқнома ҳали кўп муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Иккинчи савол: Назорат ўтиш пунктида хизмат қилаётган ички ишлар ходимлари кимга бўйсунади? Қайси қонун ва йўриқнома асосида иш олиб боради? Савол жуда ҳақли, негаки, Жиноят ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди НЎПда хизматни ўтаётган ходимлар қонун талабидан ҳам четга чиқиб, суд ходимларининг буйруғинигина бажаради. Масалан, судланувчи Гўзал Тўхтахўжаева иши бўйича очиқ суд мажлисига журналист ва ОАВ мухбирлари киритилмади. Судга раислик қилувчи судья Сарвар Каримовнинг рухсати янграгач, ички ишлар ходимлари йўлни очиб қўйди.

Хулоса доим ўқувчидан, лекин масъул ходимлар, мутасадди раҳбарлар ҳам сал кенг фикр билан мантиқни ишга солса, нур устига аъло нур эди.

Мавзуга оид