Ўзбекистон | 23:43 / 14.01.2021
21831
3 дақиқада ўқилади

Фуқаролик-процессуал кодексига ўзгартишлар киритилди. Асосий янгиликлар

Cуд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар президент томонидан имзоланди.

Фото: Book.uz

Kun.uz Фуқаролик-процессуал кодексига киритилаётган асосий ўзгартишларни санаб ўтади.

  • Вилоят даражасидаги судлар тизимида ташкилий ўзгаришлар амалга оширилиб, фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича ва иқтисодий судлар ягона умумюрисдикция судларига бирлаштирилди.

«Ягона суд – ягона инстанция» тамойилидан келиб чиқиб, ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти тугатилди.

  • Апелляция тартибидаги шикоят (протест)ларни бериш ҳамда суд қарорларининг қонуний кучга кириш муддати 20 кундан 30 кунга узайтирилди.

Биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўриб чиқилган қарорлари, шунингдек апелляция инстанцияси судининг қарорлари Олий судда кассация тартибида қайта кўрилиши мумкинлиги белгиланди. Яъни эндиликда иш кассация тартибида кўрилишидан олдин апелляция тартибида кўрилган бўлиши лозим этиб белгиланмоқда. Бунинг натижасида суд ҳукми устидан дастлабки шикоят (протест) бериш муддати 6 ойдан 1 ойга қисқарди.

  • Иш томонларнинг аризасига асосан Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра Олий судда такроран кассация тартибида (5 нафар судьядан иборат таркибда) қайта кўрилиши мумкин бўлди.

Прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Илгари прокурорга нисбатан бундай чеклов мавжуд эмас эди.

  • Биринчи инстанция судининг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) бериш муддати ажрим топширилган кундан эътиборан 20 кун этиб белгиланди. Илгари бу муддат 10 кун эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар бўйича апелляция ва кассация шикоятини бериш ҳуқуқи берилди.

  • Прокурор эса фақат тарафлар мурожаатига асосан ёки прокурор иштирокида кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари устидан апелляция ва кассация протести келтириши мумкинлиги белгиланди.

Апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан кассация шикоятини бериш муддати ажрим чиқарилган кундан бошлаб 1 йил этиб белгиланди. Узрли сабаблар мавжуд бўлганда бу муддат суд томонидан яна уч ойга узайтирилиши мумкин.

Мавзуга оид