Кетгиси келаётган инсонни куч билан ушлаб туришдан фойда йўқ. Ўзини бир ерда ноқулай ҳис қилаётган, ўша ердан кетгиси келаётган одамнинг тўрт томони қибла — хоҳлаган жойига кетаверсин. Уни тушуниш керак — у Президент порталига ёзиб, «уй бердингиз, раҳмат, энди машина ҳам беринг!» деб талаб қўяётган текинхўр эмас, «Арча-кўчадаги мойкани менга олиб берсангиз, мен ҳам бир бойисам», деб алаҳсираётгани ҳам йўқ. У бор-йўғи нимадандир норози, ўзини нимадир сабабларга кўра бу ерда ноқулай ҳис қиляпти, шунинг учун кетгиси келяпти. Уни ношукрликда айблаш, унга зўр бериб ватан туйғусидан дарс ўтиш ҳам ўринсиз. Бу қанчадан-қанча куч, маблағнинг беҳуда ҳавога совурилиши, холос. Боз устига, ҳеч обрў келтирмайди: Солженицинни қийнаб-қийнаб, мамлакат ичида уёқдан буёққа сургун қилавериб, охири барибир кетишига рухсат берган СССР, биринчидан, ҳозир йўқ, иккинчидан, айнан шу каби фактлар ҳам унинг «қўрқув салтанати», «зулм салтанати», «қон салтанати» номини олишига хизмат қилган, учинчидан, ўша тарихий мамлакатдаги бундай ғайриинсоний воқеаларни фақат сталинпарастлар илиқ хотирлайди, сталинпараст бўлиш эса — шараф эмас; мени назаримда, ҳатто уятли.
Кетгиси келаётган одамнинг овозини ўчиришга уриниш ҳам уни куч билан ушлаб туриш каби бесамар, вақт, куч ва бошқа ресурсларнинг беҳуда сарфланиши. Айниқса, ҳозиргидек интернет замонида. Бунинг учун ё Шимолий Корея, ё Хитой бўлиш керак. Ваҳоланки, ўша Хитойда ҳам унча-мунча нарсани очиқ гапириш мумкин. Норози одамнинг овозини ўчириш — унинг норозилигига сабаб бўлган муаммони гўёки ҳал қилиш, ечишнинг энг осон йўли. «Гапирилмаса, муаммо ҳам йўқ» деган хато тасаввурнинг ҳосиласи. Менимча, тўғри бўлиш керак, ҳалол бўлиш керак. Тўғрилик, ҳалоллик ҳар муаммонинг ечими, менимча. Мабодо бирор ёқимсиз гап айтилса ҳам, (ўйинчоқ эмас, ҳақиқий) раддия бериш ё изоҳлаш орқали ўша гапларга муносабат билдириш мумкин. Ўзи учун ёқимсиз, ўзига обрў келтирмайдиган ҳолатларга муносабат билдириш, оғзига талқон солгандек гум бўлиб ўтирмаслик ортидан АҚШ — бугунги АҚШга, Япония — бугунги Японияга, Жанубий Корея — бугунги Жанубий Кореяга айланган. Имкони бўлиши билан танқидчилари Германияни Иккинчи жаҳон урушида миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритганликда айблайди — Германия эса ҳеч буни инкор этмайди, тарихда шундай кечириб бўлмас хатога йўл қўйганини тан олади. Шунинг учун ҳам у бугунги Германияга айланган.
Бир киши, дейлик, хорижга чиқиб, бутун бир мамлакат устига мағзава ағдаришидан, мамлакатни обрўсизлантиришидан хавотирланиш ва, катта эҳтимол, шу важ билан уни балки қонуний, балки ноқонуний, бироқ аслида мантиқсиз воситалар, чоралар ёрдамида ушлаб туришдан, энг ёмони, унга руҳий, маънавий босим ўтказишдан маъно йўқ. Боз устига, бундай ҳолатлар келажаги буюк, даъвоси катта мамлакатларга ярашмайди ҳам. Агар ростдан айби бўлса, ана, Маъмурий жавобгарлик ва Жиноят кодекслари бор — тегишли модда бўйича жавобгарликка тортилсин, бироқ бундан ортиғи — инсонийликка ҳам, қонунийликка ҳам тўғри келмаса керак. Бир нарсани ҳам тўғри тушуниш керак — мамлакатнинг чорак асрда шаклланган салбий имиджини бир ё икки йилда ўзгартириб бўлмайди, бунга чорак аср бўлмаса ҳам, ҳарқалай, бир декада керак бўлар. Энг ёмони, шу 10 йил ичида ҳам салбий имиджли мамлакатнинг қоқилиши кутилади, ҳар қоқилишида унинг аввалги 25 йиллик тарихи эслатилаверилади. Бу худди мен каби дарсларга ҳар доим кеч қолган ўқувчининг уч ой бирор марта кеч қолмай, тўртинчи ойнинг биринчи кунида яна дарсга кеч қолганим каби — уч ойлик намунали хулқим учун бировдан бирор илиқ сўз эшитмайман, аслида дарсга кеч қолмаслик — ўқувчи сифатида мажбуриятим, бироқ кеч қолган куним ҳамма гапиради: «Ҳа, бу ўзи шунақа-ку, ҳар доим кеч қолиб юради».

















