2011 йил мартида Японияда даҳшатли цунами келтириб чиқарган фалокатли зилзила содир бўлган эди. Минглаб инсонларнинг ёстиғи қуриди, миллиардлаб доллар билан ўлчанадиган зиён эса юз берган фалокат — жаҳон замонавий тарихидаги энг даҳшатлилардан бири бўлганини англатади, деб ёзади Hi-news.ru.

Бир неча ҳафта мобайнида жаҳон афкор оммасининг нигоҳи «Фукусима Дайичи» атом электр станциясига қадалди. Унинг хавфсизлик тизимлари цунами оқибатида етказилган зиёнга қарши туриб беролмади, реакторнинг ҳалокатли тарзда эриб кетиши 1986 йилда Чернобилда бўлганидек, бир неча давлатларга радиация тарқалиши эҳтимолини келтириб чиқарди. Реакторни қутқариб қолишга бўлган қаҳрамонона уриниш, жумладан, денгиз сувини ташлаб унинг ядроси совутилиши жиддий ҳалокатнинг олдини олди. Ҳанузгача юзлаб инсонлар ҳалокат ҳудудидан кўчирилмоқда, инфратузилмани тиклаш ва тозалаш ишлари миллиардлаб доллар ва узоқ йилларни талаб этади.
Радиация инсонлар учун жуда хавфли бўлгани сабабли, Фукусимадаги ҳалокат чоғида радиация даражасини назорат қилиш ва тозалаш жараёнларини бошлаш учун роботларни жўнатиш ўз-ўзидан энг тўғри қарор эди. Лекин реактор ядроси юрагида технологик оптимистлар шундай бир тўсиққа дуч келишдики, уларга ўзларининг некбинлиги ҳам ёрдам бера олмай қолди. Радиация у ерга жўнатилган роботларнинг схемаларини ҳам куйдириб юборган, ҳаттоки Фукусима ҳалокатидан қаттиқ ҳимоя қилинганларини ҳам. Ядро станцияси секин-аста роботлар қабристонига ҳам айлана бошлади. Гарчи улардан айримлари станция атрофидаги радиация миқдорини ўлчашга муваффақ бўлган эса-да, улардан станцияни тозалашда фойдаланиш мумкинлиги ҳақидаги умидлар тобора сўниб бормоқда.
Токионинг неонли тумани Шибуяда тунлари чироқлар қуёшдан ҳам ёрқинроқ ёритишади. Ўн иккинчи қаватда жойлашган караоке хоналарида — уларнинг ҳаммаси ўн иккинчи қаватда жойлашган — бизнесменлар машҳур ашулаларни бақириб хиргойи қилишмоқда. Бу жой Ер куррасидаги энг сунъий макон бўлиб кўриниши мумкин; инсоннинг барча сезги органлари техник оптимизм билан фалаж қилинади. Одатда, бу жойнинг фотосуратлари футуризм ва замонавийликни англатади.
Япония азалдан келажак технологияларига бўлган муҳаббати билан танилган. Масалан, ҳозир Softbank технологик гиганти ўз асосчиси Масаёси Сон қўли остида мамлакатнинг технологик келажаги, жумладан, жаҳондаги энг йирик қуёш фермасига миллиардлаб доллар тикмоқда.















