4 май куни Тошкент шаҳридаги Wyndham меҳмонхонасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари Ўзбекистонда давлат хизматларини кўрсатишни янада такомиллаштириш йўлларини муҳокама қилишди. Қизиқарли ўтган семинар Жаҳон тараққиёт банки, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда "Тараққиёт стратегияси" маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, семинарда давлат хизматларини кўрсатишга доир энг яхши тажрибалар тақдим этилди ва улар қиёсий таҳлил қилинди. Шунингдек фуқаролар учун давлат хизматларини кўрсатиш қоидалари муҳокама қилинди. Шу ўринда Ўзбекистонда паспорт олиш жараёни, унга қанча вақт сарфланиши, унинг тартиб-қоидалари ва бу жараённинг бошқа давлатларда қандай кечиши мисоллар билан тушунтириб берилди. Давлат хизматларини кўрсатишда энг яхши тажрибалар сифатида Сингапур, Австралия, Қирғизистон, Қозоғистон каби мамлакатлар мисол қилинди.

Семинар давомида Давлат хизматлари агентлигининг 30 дан ортиқ ходими, Тошкент шаҳри Ер ресурслари ва давлат кадастр бошқармаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги, Ички ишлар вазирлиги ва фуқаролик жамияти институти вакиллари иштирок этишди.

Шуниси диққатга сазоворки, тадбир давомида ташкилотчилар ва юқоридаги идоралар вакиллари ўртасида ўзаро баҳс-мунозаралар қизғин тус олди. Давлат бошқаруви бўйича эксперт Азиза Умарованинг Ўзбекистондаги паспорт олиш тизимини соддалаштиришга доир инновацион таклифларига Ички ишлар вазирлиги вакили у мамлакатлар билан юртимиз аҳолисининг ўртасида фарқ борлиги, боз устига, айни дамда бу борада инновацияларга қўл урилаётгани, тез орада уларнинг натижаси кўринишини таъкидлади. Бунга жавобан фуқаролик жамияти институти вакили давлат бошқаруви бўйича экспертнинг таклифлари ўринли экани, ИИВ эътирозга шошилмай, инновацияларни тизимга татбиқ қилишга ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқ бўлишини қайд этди.

Жаҳон банки маслаҳатчиси, давлат бошқаруви бўйича эксперт Азиза Умарова давлат хизматларини кўрсатиш тизимини фуқаролар эҳтиёжига янада мослаштиришга доир қизиқарли таклифлар билдирди ва бу борада Ўзбекистонда татбиқ этилиши мумкин бўлган жаҳон тажрибалари билан бўлишди.