Жаҳон банки директорлар кенгаши Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлар кўринишидаги 800 миллион долларлик молиялаштириш пакетини тасдиқлади. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар берди.

Бу ислоҳотлар мамлакатнинг инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштиришга қаратилган.

“Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланган ҳукуматнинг таркибий ислоҳот дастури ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги, темирйўл ва энергетика соҳаларида самарадорликни ошириш, давлат молиясини бошқаришни такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва мамлакатнинг атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларга тайёрлигини ошириш бўйича кейинги чора-тадбирларни ўз ичига олади”, - дейилади расмий хабарда.

Жаҳон банкига кўра, ушбу 800 млн долларлик маблағлар ҳукуматга халқаро молия бозорларида мавжуд бўлган қарз олиш имкониятларидан пастроқ фоиз ставкалари ва узоқ муддатларда тақдим этилади.

“Бу Ўзбекистонга муҳим молиявий ресурсларни тежашга ёрдам беради ва бу маблағлардан долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда фойдаланилади”, - дейилади ЖБ хабарида.

Жаҳон банкининг молиялаштириш пакети қуйидаги соҳаларда аниқ натижаларга эришишни назарда тутади:

1. Ижтимоий ҳимоя тизими: фуқароларнинг айрим тоифалари учун ишсизлик, касаллик ва туғуруқ бўйича нафақалар қамровини кенгайтириш;

2. Гендер зўравонликка қарши кураш: маиший ва жинсий зўравонлик қурбонлари ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш;

3. Фермер хўжаликларининг қишлоқ хўжалиги ерларига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш: ушбу ҳуқуқларга риоя этилишини кафолатлаш механизмларини ишлаб чиқиш. Уларнинг қонунчиликка киритилиши фермерларни янада самарали деҳқончилик усулларига сармоя киритишга ундайди. Бу, ўз навбатида қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини ва иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширади;

4. Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш: инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишни кафолатловчи қонунчиликни ишлаб чиқиш. Шунингдек, инвесторларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, катта ҳажмдаги хорижий ва маҳаллий сармояларни жалб қилиш учун шарт-шароит яратишга хизмат қилади;