Буюк девор ортида: Хитой интернети хорижий сервислар блоклангандан сўнг қандай яшамоқда?
ХХР ҳудудида кўплаб хорижий сайтларга уланиш Буюк Хитой файрволи ёки интернетдаги контентларни фильтрловчи тизим — «Олтин қалқон» лойиҳаси билан блокланган. Мамлакатда цензурани ҳукмрон коммунистик партия амалга оширади, сиёсий мавзулар, «Фалун Гонг» диний ташкилоти ҳақидаги янгиликлар ҳамда Тибет ва Шинжондаги миллий мустақиллик учун курашни муҳокама этиш тақиқланган, деб ёзади vc.ru блогери Маргарита Взнуздаева.
Хорижий ресурсларнинг бир қисми «аҳоли учун ҳалокатли» ахборотларнинг эҳтимолий тарқалиши туфайли блокланади, бошқаси — протекционистик нуқтаи назардан: тақиқланган хорижий иловалар ўрнига Хитой компаниялари уларнинг миллий намуналарини яратишади, улар мамлакат ҳудудида жуда машҳур бўлиб кетган ва давлатнинг ЯИМини оширишга хизмат қилмоқда. Айни дамда Хитой интернет бозорининг катта қисмини маҳаллий қидирув тизимлари, мессенжерлари ва кўнгилочар иловалари эгаллаб олган.
Ҳаммаси қандай бошланган
Бутунжаҳон интернети ва ижтимоий тармоқларидан ажратиш Хитойда босқичма-босқич амалга оширилган.
2006 йилнинг январи: Google компанияси хитойча иероглифларни таний оладиган Google.cn қидирув тизимини ишга туширди. Корпорация, шунингдек, Хитой қонунчилигига мувофиқ, мамлакат аҳолисини «исталмаган» ва «сиёсий жиҳатдан тўғри бўлмаган» ресурсларга уланишини блоклашни ҳам зиммасига олди ва ахборотга уланиш чегараланганлиги ҳақидаги дисклеймер учун ҳуқуқни ўзида қолдирди.
2009 йилнинг марти: Хитой ҳукумати Google корпорациясига тегишли YouTube видеопорталини блоклади.
2009 йилнинг июни: Google.com ва қисман Gmail блоклашга дучор бўлди, корпорация интернетда аҳлоқсиз ахборотларни тарқатишда айбланди. Шунингдек, Twitter, Flickr ва Hotmail блокланди.
«Мен Twitter 4 июндан кейин ишлаш-ишламаслигини билмайман. Ишлаб кетади, деб умид қиламан, чунки Twitter — янги интернетнинг бош рамзларидан бири. Хитой ёш авлодга келажакдан фойдаланиш ҳуқуқини тақиқлаб қўя олмайди», деган эди 2009 йилда блогер Майкл Анти.
Лекин Twitter мамлакат ҳудудида 9 йилдан буён блоклаб қўйилган.
2009 йилнинг июли: Хитой ҳукумати томонидан Facebook блокланди: ижтимоий тармоқ блокланишининг асосий сабаби цензура талабларига жавоб бермаслиги ва мамлакат ҳудудидан ташқарида жойлашган серверларнинг давлат томонидан назорат этишнинг иложи йўқлиги, деб аталди.
Ижтимоий тармоқ тақиқланган Марк Цукербергнинг ўзи Хитойга расмий ташрифлар билан келиб, шимолий хитой лаҳжасида чиқиш қилганига қарамасдан, бу масалада муросага келинмади. Видеоконтент мониторинги билан шуғулланувчи Inke стартапи асосчиси Фэнг Юшэнгнинг айтишича, Facebook Хитой ҳудудида цензура талабларига мувофиқ фаолият кўрсатиши учун компанияга «биргина видеоконтентни мониторинг қилиш учун камида 20 минг киши зарур бўлади».
Reddit у қадар машҳур бўлмагани учун Хитой ҳудудида блокланмаган, айрим хитойликлар у ерда цензура ва тақиқлар ҳақидаги фикрлари билан фаол ўртоқлашишади.
«Мен блоклаш билан илк бора тўқнаш келганимни жуда яхши эслайман (Хитойда еттти йилдан зиёд истиқомат қилмоқдаман). Мен бу ерга илк марта келганимда, Facebook аллақачон блокланган эди. Кунларнинг бирида эса Ҳонгконг манзили (Google.hk)га тўғри келмайдиган Google’га уланолмай қолдим.
Кейин бу ҳавола ҳам ишлашдан тўхтади. Сўнг Gmail, Google хариталари, Google’нинг жамики иловалари ишламай қолди. Тез орада тақиқни қандай четлаб ўтиш кераклигини англай бошлайсан, лекин бу шу қадар ноқулайки. Ҳукуматга хизматларга уланишга рухсат беришдан кўра, уларни беркитиб қўйиш осонроқ», деб ёзади блогер ThereUsedToBeASpoon.
2010 йилнинг январи: Google Хитой бозоридан кетиш нияти борлигини баён қилди.
2010 йилнинг марти: Компания цензуранинг бас қилиниши, талабномаларнинг Google.cn’га қайта йўналтирилиши, демакки, Ҳонгконгдаги умумий трафик ҳам тўхтатилишини эълон қилади.
«Бунга секин-аста кўника бошлайсан. Baidu — Google, Youku — Youtube, Alibaba — Amazon, Weibo ва Wechat — Facebook ва WhatsApp. Ғарб ресурслари учун VPN», деб ёзади voodoomoocow.
2010 йилнинг июни: Google ўзининг Хитойдаги иштирокини сақлаб қолиш учун сўнгги уриниши ҳақида эълон қилади ва Google.cn саҳифасида Ҳонгконг сайтига фойдаланувчиларни автоматик ўтказиш ўрнига, ихтиёрий ҳавол ўрнатади.
2010 йил июли: Хитой ҳукумати Google ишига лицензияни қайта тиклайди ва Америка компанияси томонидан таклиф этилган муроса йўлига рози бўлади. Google хитойлик фойдалувчиларга Ҳонгконгда жойлашган сайтига google.com.hk ҳаволасини босиб ўтиш имконини берди. Google’нинг иш қуроллари (Google Drive, Google Docs, Google Calendar) га Хитойда уланиб бўлмайди.
«Мен Хитойда яшайман ва бу тақиқлар бизга узоқ йиллардан бери ўз таъсирини ўтказиб келади. Айниқса, қайдномадан ўтишни таклиф этувчи сайтлар блокланади (масалан, Astrill қолганлари блокланаётганида Хитой аҳолиси учун алоҳида доменлар яратади). Шунингдек, цензура қилувчи органлар пакетларнинг чуқур таҳлилини ўтказиб, бошқа мамлакат билан боғланишга эга бўлса, автоматик блокланадиганларини топа олишади», деб ёзади AllergicToDinosaurs.
2017 йилнинг марти: Pinterest блокланди ва унинг ўрнини унга ўхшаш миллий сервислар эгаллай бошлайди: улардан бири интернет-тижорат соҳасидаги Хитойнинг энг йирик компанияси Alibaba томонидан яратилган.
2017 йилнинг июли: ҳукумат VPNларга нисбатан чоралар қатъийлаштирилишини эълон қилди.
«Хитойда цензура сўнгги ҳафталарда янада кучайди. Айрим VPNлар 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб блокланган. Кўплаб хориж фильмлари ва сериаллари Acfun ва Bilibili’дан ўчирилди. Айрим китоблар ва электрон дарсликлар сабаби ошкор қилинмасдан тақиқланди», деб ёзади northestcham.
2017 йилнинг сентябр: WhatsApp Хитой ҳудудида блокланди ва VPNсиз ишламайди. Snapchat ва Instagram’нинг бошига ҳам шу кун тушди.
2017 йилнинг декабри: Skype Хитойнинг App Store’си ва бошқа иловалар дўконидан йўқ бўлиб қолди: расман илова тақиқланмаган, лекин у шу қадар секин ишлай бошладики, у билан видеоалоқа қилиш имкони бўлмай қолди. Google Play VPNсиз ишламайди, яъни Хитой аҳолиси расман у ердан иловалар юклаб ололмайди.
Ҳукумат тақиқаларига шунингдек, қуйидаги медиаплатформалар дучор бўлди: The New York Times, Financial Times, The Wall Street Journal, The Economist, Bloomberg, Reuters, The Independent, LeMonde, L’Equipe, Netflix, Google News, яна Wikipedia ва Wikileaks’нинг кўплаб саҳифалари. Investopedia маълумотига кўра, The Wall Street Journal ва Reuters’нинг хитойча версиялари блокланиши бир ой ўтгач олиб ташланган (бироқ бу аниқ маълумот эмас).
Хитойда шунингдек кўплаб хорижий фильмлар, хусусан, ҳолливуд янгиликлари тақиқланган. Бутун йил давомида Хитой экранларида 34 та хорижий кино кўрсатилиши мумкин. Бу чора миллий кинематографяни ривожлантириш учун қилинган: Хитойнинг технологик гиганти Alibaba’нинг ҳаттоки кино ишлаб чиқарувчи ўз компанияси ҳам бор.
Тибет мустақиллиги мавзуси Хитойда цензура остида бўлгани туфайли, унинг мухторияти тарафдорлари Хитой ҳудудига кириши мумкин эмас: масалан, Ричард Гир ва Ҳаррисон Форд ХХР ҳудудига кириш тақиқланган. «Тибетда етти йил» фильми учун Брэд Питт ҳам ушбу рўйхатга қўшилган.
Жеймс Кэмероннинг «Аватар» фильми прокатдаги муваффақиятидан икки ҳафта ўтиб, Хитойда тақиққа учради, чунки у «маҳаллий» киноларга улкан рақобатчи эди.
ХИТОЙЧА ИНТЕРНЕТ
Хитойча Google — Baidu
2017 йил апрелигача бўлган маълумотларга кўра, Google’даги сўровлар Хитой бозорининг умумий миқдорининг 1,84 фоизини ташкил этади. Хитойдаги энг машҳур қидирув тизими 76 фоиз бозор улушига эга ўзларининг Baidu’сидир ва амалда монополист ҳисобланади.
Google’дан фарқли ўлароқ хитойликларнинг Baidu’си хорижий сайтларга минимал ҳаволалар беради. Дастлабки саҳифасида асосини реклама таклифлари ташкил этувчи органик натижалар ҳам йўқ.
Уларга Baidu ҳамкорларнинг веб-саҳифаларини қидирув тизимининг бош саҳифасида намойиш этиш билан маркетинг ечимларининг кенг турларини таклиф этади. Бу тизим фойдаланувчилар ичра шуниси билан ҳам машҳурки, у тезда иероглифларни зарур тарзда талқин қилиб, бунинг ортидан хитойлик фойдаланувчига янада сифатлироқ контент таклиф этади.
Хитойча WhatsApp — WeChat
WeChat иловасини Хитойнинг Tencent компанияси ишлаб чиққан. Аввалига у блокланган WhatsApp’нинг интерфейси ва функцияларини тўлиқ ўзлаштирган эди. Ҳозир ундан нафақат қўнғироқ ва ёзишмалар, шунингдек, онлайн харидлар ва ўйин ўйнаш учун ҳам фойдаланиш мумкин. Бу ерда кўнгилочар ёзув ёзиш ва уни мутлақо нотаниш одамга жўнатиш функцияси ҳам бор.
Хитойча Twitter — Weibo
Хитойнинг Sina Corp компанияси томонидан яратилган, 140 символдан иборат ёзишмаларни лентада бўлишиш имконини берувчи Weibo шунчаки Twitter фнукцияларини такрорлайди. Глабал тармоқдан ягона фарқи шундаки, Хитой ҳамжамиятининг цензурага дучор бўлувчи контенти ажратиб олинади. Weibo’да фойдаланувчилар сиёсий мубоҳасаларга киришишдан кўра, кўпроқ ўз ҳаётидаги воқеалар билан ўртоқлашишади — хитойча менталитет жиҳатлари шундай.
Хитойча Facebook Messenger — QQ
QQ иловасининг эгаси WeChat’ни яратган Tencent’дир. Facebook Messenger’дан асосий фарқи бу дастур мобил телефонлардан кўра кўпроқ компьютер учун яратилганлигидир. QQни ишлатиш учун мобил телефон рақами зарур эмас.
Хитойча Youtube — Youku
Youku — бу Хитойдаги энг йирик видеопортал бўлиб, унга ҳар қандай киши ўз видеороликларини юклаши мумкин. Ресурснинг жамики контенти Хитой ҳукумати томонидан назоратда ушланади, коммунистик партияни ҳар қандай тарзда танқид қилиш цензурага дучор бўлади. Youku’да ҳаттоки таниқли йоукерслар (деярли ютюберлар) ҳам бор улар асосан Alibaba маҳсулоти рекламасидан пул ишлашади. Youku ўзида Netflix, Hulu ва YouTube’нинг бизнес-стратегияларини жам қилган ва ўз бренди остида сериаллар ҳам ишлаб чиқаради.
VPNнинг аҳволи қандай?
Хитойда офисга эга корпорациялар ўзларининг VPN-сервисларини цензура органларининг рухсати билан рўйхатдан ўтказишлари мумкин, бунда улар керакли маблағни тўлаб, анонимайзерлар хизматидан бемалол фойдаланверишади. Шунингдек, расман қайддан ўтказилган, ҳеч қандай узилишларсиз ишловчи Хитой VPNлари ҳам бор. Ҳукумат томонидан рўйхатга олинган VPNлардан фойдаланилганда ахборотнинг махфийлигига кафолат берилмайди.
2018 йилнинг 31 мартида Хитой ҳукумати қайддан ўтказилмаган ва ҳукумат томонидан қора рўйхатга киритилган сайтларга ўтиш имконини берувчи VPN-иловаларни тақиқлаш ҳақида эълон қилди. Bloomberg Businessweek’нинг ёзишича, кўплаб сервислар анча аввал ёпиб қўйилган, бир неча операторлар ҳибсга олинган.
Apple компанияси ўтган йилнинг VPN сервисларни App Store’нинг хитойча версиясидан ўчиришни бошлаб юборганди. VyprVPN, ExpressVPN, NordVPN ва тобора қисқариб бораётган бошқа компаниялар Amazon Web Services’да қўшимча булутли серверларни ижарага олиб ишлашда давом этишмоқда.
Бундан ташқари, VPNни ишлатилганида кўплаб Хитой сайтлари хато билан ишлай бошлайди: масалан, Youku’да видео кўрсатмай қолади. Бу анонимайзернинг техник хусусияти билан тушунтирилади: унинг ёрдамида хитойча IP бошқа мамлакатдаги IP га маскировка қилинади.