23:45 / 06.05.2018
25192

«Ўғлимнинг болаларча беғубор ҳаракатлари, қувноқ чеҳраси кўз олдимдан сира кетмайди»

9 май — Хотира ва Қадрлаш куни арафасида Ватанимиз мустақиллиги, тинчлиги ва осойишталиги йўлида жон фидо қилган, шу юртнинг азиз фарзандлари хотираси ҳам ёдга олинмоқда. Улардан бири чин ўғлон, майор Зуҳриддин Ғуломов эди.

Зуҳриддин Ғуломов 1986 йил 7 мартда Фарғона вилояти Бувайда туманида туғилган. 2004 йилда тумандаги 2-ижтимоий фанларга ихтисослашган лицей-интернатни битириб, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати институтига ўқишга кирган. 2008 йилдан ҳаётининг сўнгигача Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилган.

2016 йилнинг октябрь ойида хизмат бурчини ўташ чоғида мардларча ҳалок бўлган. Давлат чегараси дахлсизлигини, эл-у юрт хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизмат бурчини бажаришда кўрсатган мардлиги, фидойилиги учун майор З.Ғуломов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирланган.

Зуҳриддин шу азиз Ватан тинчлиги, осойишталигини асраш, ота-онаси, яқинлари, фарзандларининг мусаффо осмон остида бахтли ҳаёт кечиришларини таъминлаш ҳар бир йигитнинг муқаддас бурчи эканини қалбига жо қилган эди.

— Ўғлимнинг болаларча беғубор ҳаракатлари, қувноқ чеҳраси кўз олдимдан сира кетмайди, — дейди Маҳаррамой ая. — Юрагим эзилган дамларда унинг суратига термуламан. У жуда билимли, зеҳни ўткир,бировлардан ёрдамини аямайдиган, камтар, ҳар бир ишини режа билан амалга оширадиган йигит эди. Унинг фарзандларини кўриб, ўзимни овутаман. Бирга хизмат қилган сафдошлари, ҳарбийлар, маҳаллий ҳокимлик ва жамоат ташкилотлари вакиллари хонадонимизга тез-тез келиб, ҳол-аҳвол сўраб туришади, ўғлимнинг йўқлигини сездирмасликка ҳаракат қилишади. Ана шу паллада бағрим яна тўлгандек бўлади.

2016 йил 18 октябрь. Кузнинг сокин кунларидан бирида махсус бригада давлат чегаралари бўйлаб ҳаво разведка тадбирларини амалга ошириш учун отланади. Улар сафида бўлган майор Зуҳриддин Ғуломов ҳам Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида «Ми-171» вертолётининг ҳалокатга учраши оқибатида хизмат вазифасини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлади.

— Зуҳриддин Амир Темур ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳарбий юришларда қўллаган жанг санъати, XX аср бошида Туркистонда олиб борилган миллий озодлик ҳаракати жараёнларини чуқур ўрганишга қизиқарди, — дейди тарих фани ўқитувчиси Убайдулла Тешаев. — Унинг ўша даврларга тегишли мулоҳазали саволларига жавоб бериш учун бир нечта қўшимча адабиётларни қидириб топганман. Айтиш мумкинки, юртимиз тарихи, саркардаларимиз ҳаётига доир билим ва тушунчалар Зуҳриддинни ҳақиқий ватанпарвар қилиб тарбиялаган. Шу боис ҳам у ҳарбийлик касбини танлади, она Ватанига чин дилдан хизмат қилишни ўз тақдири, деб билди.

— Ўғлим ёшлигидан илмга чанқоқ бўлган, — дейди Шамсиддин ота. — Бошланғич синфни тамомлагач, тумандаги 2-лицей-интернатга ўқишга кирди. Ана шу билим даргоҳи унинг орзуларига қанот бўлди. Зуҳриддиннинг оилапарварлигини алоҳида тилга олмоқчиман. Қишлоққа таътилга келганида ҳам тинмасди. Биласиз, қишлоқда иш кўп, укаси Камолиддин билан 10 кундаёқ бир йиллик юмушларни якунлаб кетарди. Томсувоқ дейсизми ёки ер чопиш, ҳаммасига улгурарди.

Зуҳриддин мактаб-интернатда ўқиб юрган кезлари ўзидан бир синф қуйида таҳсил олаётган Райҳона исмли қиз билан бирга фан олимпиадасига боради. Зуҳриддин ҳуқуқдан, Райҳона рус тили ва адабиёти фани буйича мусобақаларда қатнашиб, муваффақиятга эришди. Ўқувчи-қизнинг интилишларини, билим даражасини инобатга олган таълим муассасаси мутасаддилари Райҳонани бир синф юқорига ўтказишади. Зуҳриддин бу қиз синфига қўшилганидан сўнг ўзига янада талабчан, масъулиятлироқ бўлишга интилди.

2004 йилда икки ёш билим масканини аъло баҳоларга тамомлаб, олий таълим муассасаси сари йўл олишади. Зуҳриддин Давлат хавфсизлик хизмати институтига, Райҳона эса Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз тили филологияси факультетига ўқишга киради.

2008 йилда улар турмуш қуришади. Зуҳриддин келажакда фарзандларининг билимли, комил инсон бўлиб улғайишида онанинг ўрни қанчалик муҳим эканини тушуниб, Райҳонани магистратурада таҳсилни давом эттиришга ундайверади. Бу орада биринчи фарзанди Исомиддин дунёга келади. Шундай бўлса-да, Райҳона тўрт йил деганда Зуҳриддиннинг қистови билан магистратурага ўқишга киради. 2013 йилда оилада яна ўғил дунёга келади. Унга буюк Соҳибқирон бобомизга ҳавас қилиб, Темур деб исм қўйишади...

— Турмуш ўртоғимнинг мард ва жасурлиги, Ватанга, ҳарбий бурчга садоқати фарзандларим учун ҳамиша ибрат, — дейди Райҳона Ғуломова. — У киши ота-онасига, оиласига, яқинларига меҳрибон, ширинсўз ва сахий эди. Афсуски, ҳаётдан эрта кетди, юртимиз, халқимиз ва мен каби оналарнинг тинчлиги учун жонини фидо этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳеч шубҳасиз, Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида юртимиз озодлиги, халқимизнинг бугунги тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур ўғлонларимизнинг азиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир», деган фикрлари бизга куч бағишлаб, эртанги кун, фарзандлар келажагига ишонч билан яшашга ундаяпти. Биз ёлғиз эмаслигимизни, халқимиз билан ёнма-ён эканлигимизни ҳис этиб яшаяпмиз.

Майор Зуҳриддин Ғуломов кўплар ҳавас қилса арзийдиган ибратли оила соҳиби эди. Ўғли Исомиддин мактабда таҳсил олмоқда, Темур мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси. Райҳона Ғуломова ҳозирда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўқитувчи, мустақил илмий тадқиқотчи. У умр йўлдоши Зуҳриддиндек матонат ва сабр, жасорат билан фарзандларини вояга етказмоқда.

Зуҳриддин ўқиган 12-умумтаълим мактабида унинг шарафига монумент ўрнатилган, «Шон-шараф» бурчаги ташкил этилиб, бюсти қўйилган. Тумандаги таълим даргоҳларида З.Ғуломов хотирасига бағишлаб турли спорт мусобақалари, очиқ турнирлар, ҳарбийлар билан учрашувлар ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Top