Жаҳон | 10:55 / 08.05.2018
35998
7 дақиқада ўқилади

Россия президентларининг 1991 йилдан 2018 йилгача ўтган инаугурацияси эволюцияси

Путиннинг тўртинчи бор президентликка киришиш жараёни рекорд ўрнатгани ва мамлакатнинг биринчи хонимисиз ўтгани ҳақида TJournal таҳлилий мақола эълон қилди.

2018 йилнинг 7 майида Владимир Путин Россия президентлиги лавозимига тўртинчи бор киришди. Инаугурация маросими Кремлда, анъанавий сценарий асосида, аммо бироз ўзгаришлар билан бўлиб ўтди.

  • Бўйдоқ Путин маросимга собиқ рафиқасини таклиф этмади;
  • Янги кортеж Москва кўчалари бўйлаб юрмади;
  • Президент нутқи инаугурациялар тарихида энг узуни бўлди;
  • Меҳмонлар сони ошганига қарамасдан, Борис Ельциннинг рекордини ура олмади.

Инаугурациялар тарихига 1991 йилда тамал тоши қўйилган. Президент ҳокимиятининг замонавий рамзлари 1996 йилда пайдо бўлган. Маросим ташқи жиҳатдан 2000 йилда бироз ўзгаришларга дучор бўлган. 27 йил ичида маросим нималарга дуч келгани ҳақида қуйида ўқинг.

1991 йил

Россия (РСФСР)нинг биринчи президенти Борис Ельциннинг лавозимга киришиш жараёни Кремлдаги съездлар саройида РСФСР халқ депутатлари мажлиси чоғида бўлиб ўтган. 6 мингга яқин томошабин ҳузурида Михаил Глинканинг «Славься» қўшиғини куйлаш анъанасига асос солинди. Россиянинг расмий мадҳияси — Глинканинг «Ватанпарварлик қўшиғи» ҳам ижро этилди. Маросим олдидан актёр Олег Басилашвили ватан тарихига оид ўз талқинини қисқача сўзлаб берди.

Ельциндан ташқари маросимда Бутун Русь патриархи Алексий II ва СССР президенти Михаил Горбачёв ҳам сўзга чиқди. Горбачёвнинг нутқи 10 дақиқа вақтни олди — бу Ельцинникидан бир дақиқага кўп эди. Бу эса инаугурация жараёнида икки сиёсий меросхўр эмас, рақибларнинг чиқиши бўлиб турибди. Ельциннинг лавозимга киришиши билан Кремль расман қароргоҳга айланди ва унинг қуббаси узра республика байроғи ҳилпирай бошлади.

Фото: 1996 йилдан қасамёд чоғида қўлларни юракка эмас, конституция устига қўйишадиган бўлишди

1996 йил

Орадан 5 йил ўтиб, инаугурация президентлик рамзларига эга алоҳида маросимга айлантирилди. Қасамёд олдидан залга президентлик штандарти, Конституциянинг махсус нусхаси ва «Ватан олдидаги хизматлари учун» I даражали орденининг нусхаси кўринишидаги занжирли Президентлик белгиси киритилди. Шу йилдан эътиборан, маросимда Конституцион суд раиси, МСК раиси ва парламент раҳбарлари иштирок этадиган бўлди.

Президент бўйнига биринчи ва охирги марта Президентлик белгиси илинди. 1991 йилда Ельцин қўлини кўксига қўйиб қасамёд келтирганди, 1996 йилда у қўлини конституцияга қўйган. «Славься» ижро этилаётган чоғда Кремль деворлари остида тўпдан ўқ узишди — бу олий бош қўмондонга ҳурмат бажо келтириш тариқасида изоҳланади.

Фото: 2000 йилда Конституцион суд раиси мантия кийди

2000 йил

Янги президент Владимир Путин Кремлнинг Катта саройида қасамёд келтирди — бу сарой маросимга бир йил қолганда таъмирланиб бўлинган эди. Илк марта телетрансляция чоғида президент кортежининг кириб келиши ва унинг Кремль коменданти билан учрашуви олиб кўрсатилди. Конституцион суд раиси оддий костюмда эмас, мантия кийиб келди. Саҳнада эмас, Андреев залида жам бўлган хор Глинка муаллифлигидаги мадҳияни ижро этди. Конституция нусхаси қолди, лекин у расмий статусдан маҳрум бўлди.

Борис Ельцин муддатидан аввал истеъфога кетган эсада, инаугурация маросимида чиқиш қилди. Президентлик сайловлари кўчирилгани боис у ёзда эмас, майда бўлиб ўтди. Қасамёд қабул қилинган Кремль Собор майдонида президент полкини паради бўлиб ўтди. Унда собиқ ва сайланган президентлар ўз рафиқаларини қарши олишди. Илгари рафиқаларга эътибор берилмас эди.

Фото: Сайланган президентнинг кортежи Москва кўчалари бўйлаб 2000 йилдан 2012 йилгача сайр қилган.

2004 йил

Путиннинг иккинчи инаугурацияси биринчидан кам фарқ қилди, лекин учта анъанага асос солди: парадда кавалерчилар иштирок этди, президент қўриқлаш хизмати раҳбари фуқаролик костюми ўрнига офицерлик либосини кийди, телетрансляцияни эса Екатерина Андреева ва Сергей Брилёв шарҳлай бошлади. Илк марта Сергея Михалков сўзи ва Александр Александров мусиқаси билан Россия мадҳияси янграй бошлади. Бу Россия конституцион суди раиси Валерий Зоркиннинг ҳам илк инаугурацияси эди ва у ҳозиргача ўз лавозимида.

Фото: 2008 йилда телетрансляция янада оргинал кўриниш олди.

2008 йил

Дмитрий Медведевнинг лавозимга киришиш маросими телеузатишдаги янгиликлар билан эсда қолди. Курантларнинг занг уриши Спасск минораси ичидан олиб кўрсатилди — экранларда соат механизмлари йирик планларда намойиш этилди. Бундан ташқари, камералар Кремлнинг Катта саройидан ўтишни биринчи шахс, президент кўзи билан намойиш этиб берди. Саройдаги маросимлардан аввал собиқ президент Путин томонидан президентлик полкидан рапорт қабул қилишининг кўрсатилиши ҳам янгиликлардан бири бўлди.

Фото: Россиянинг Глинка мадҳияси инаугурацияларда уч марта ижро этилган. Алексадров мадҳияси тўрт марта ижро этилди.

2012 йил

Путиннинг Кремлга қайтиши ўрнатилган анъанага кўра рўй берди. Фақат салютлар отилиши сонида ўзгариш рўй берди: 30 ўрнига 31. Телевизиончилар бу дафъа Путиннинг Ҳукумат уйидан чиқиб кетишини ҳам кўрсатишди. Москванинг бўш кўчаларидан кортежнинг юриб келишини кўрсатишга саккиз дақиқа сарфланди. Путиннинг яна қайтишида маросим меҳмонлари илк марта президентнинг қўлини сиқиб кўриша бошлашди.

Фото: Путин ҳар инаугурациясида чақирилган меҳмонларга янада яқин бўла бошлади

2018 йил

Сайланган президентнинг Кремль саройига келишини кўрсатишда ўзгариш рўй берди. Путин Кремлдаги кабинетидан коридорлар бўйлаб чиқиб келди ва «Кортеж» лойиҳасидаги автомобилга ўтирди. Илгари Путин кортежи Кремль эмас, Москва кўчалари бўйлаб юрарди.

Экранларда Людмила Путина кўриниш бермади — у энди президентнинг рафиқаси эмас ва маросимга келмади. Ельциннинг беваси ва собиқ президент Медведевнинг рафиқаси олдинги қаторларда эди.

Путин учун бу шахсий қўриқлаш хизмати раҳбари Виктор Золотовсиз илк инаугурация бўлди. Ҳозирда Росгвардия раҳбари ҳисобланадиган Золотов илгари трансляцияларда президент автомобили эшигини очиб берувчи одам сифатида тасвирга тушарди. 2000 йилда у қасамёд қабул қилинганидан кейин сарой заллари бўйлаб Путиннинг ортидан ҳам юрган.

Фото: Виктор Золотовсиз Путин Москва кўчаларини Кремль коридорларига алмаштирди

Олдинги маросимларга қараганда меҳмонлар сони янада оширилди — уларнинг сони 5 мингга яқин бўлди. Президентга яқин бўлмаган инсонлар ҳам анъанавий парад ўтувчи Собор майдонига қўйилди. Телетрансляцияда Путин тарафдори бўлган ёшлар уни социал лифтларнинг ривожлантирилиши учун олқишлаб «Табриклаймиз!» деб қарши олиб, биргаликда суратларга тушишгани ҳам олиб кўрсатилди. Илгари инаугурацияларда бунақаси бўлмаган эди, лекин бундай эркинлик сценарийга кўра олдиндан тайёрлангани аниқ.

Мавзуга оид