Ўзбекистон нуфузли халқаро рейтинглар ва индексларда ўз позицияларини жиддий равишда ошириш, шунингдек бугунги кунда қайд этилмайдиганларида ўзини кўрсатиш ниятида. Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган, ҚҲТБТ порталида эълон қилинган лойиҳа шундан гувоҳлик бермоқда.  

Ҳужжатни ишлаб чиқувчилар мамлакатимиз ўз кўрсаткичларини яхшилаш ниятида бўлган халқаро рейтинглар ва индексларни таснифладилар. Уларни шартли равишда учта: иқтисодий, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-сиёсий блокка ажратдилар.

Norma нашрида эълон қилинган мақолада уларнинг ҳар бирига батафсил тўхталиб ўтилган.

Аввало бизни у ёки бу рейтинг (индекс) нимани ифодалаши, уни тузиш услубияти (яъни қандай мезонлар баҳоланиши), Ўзбекистоннинг жорий позицияси ва уни яхшилаш бўйича хатти-ҳаракатлар режаси қизиқтиради.

I. Иқтисодий блок

а) Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) кредит рейтинги. Айни пайтда 35 та давлат ИҲТТ аъзоси ҳисобланади. Ташкилот бюджети – 374 млн евро.

1997 йилда Расман қўллаб-қувватланадиган экспорт кредитлари бўйича келишув (The Arrangement on Officially Supported Export Credits) иштирокчилари мамлакатларнинг кредит хатарини баҳолаш услубиятини ишлаб чиқиб, давлатларни ушбу услубият бўйича таснифладилар. Унинг хусусияти шундаки, ушбу тасниф фақат ИҲТТ билан кредит муносабатлари доирасида амалга ошириладиган транзакциялар учун ҳақнинг энг кам ставкаларини аниқлаш мақсадида қўлланилади.

Шу сабабли иккита гуруҳдаги давлатлар умуман ҳеч қандай жиҳатдан таснифланмайди. Биринчиси – жуда кичик, одатда орол давлатлар бўлиб, улар қоида тариқасида ИҲТТдан расман молиявий кўмак олмайдилар (масалан, Кирибати, Микронезия, Науру, Маршалл ороллари ва ҳ.к.). Иккинчисига ИҲТТга аъзо мамлакатлар ва Евроҳудуддаги иқтисодий ривожланган, бундай ёрдамга муҳтож бўлмай, балки аксинча, ўзлари молиявий донор бўлиб чиқадиган бошқа мамлакатлар киради.

Қолган барча мамлакатлар турли иқтисодий кўрсаткичлар бўйича баҳоланади (одатда ХВФ индикаторлари асос сифатида олинади) ва саккизта гуруҳдан бирига киритилади. «0» гуруҳида бўлган мамлакатлар – молиявий жиҳатдан энг фаровон, охирги «7» гуруҳида эса иқтисодий кўрсаткичлари энг паст бўлган давлатлар жойлашган.