Ўзбекистон | 23:40 / 14.05.2018
18596
2 дақиқада ўқилади

Президентнинг АҚШга ташрифи доирасида 8,5 миллиард долларлик шартномалар имзоланиши кутилмоқда

Ўзбекистон Республикаси президентининг Матбуот хизмати раҳбари Комил Алламжонов АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳридаги матбуот марказида брифинг ўтказди.

«Хабарингиз бор, 15 май куни Ўзбекистон Республикаси президентининг АҚШга расмий ташрифи бошланади, — деб бошлади К.Алламжонов брифингни. — Давлатимиз раҳбарининг самолёти 15 май куни Вашингтондаги Эндрюс аэропортига қўнади.

Шавкат Мирзиёевни АҚШ давлат департаменти раҳбарияти ва бошқа расмий шахслар кутиб олади.

Бу ташрифга ҳар икки томон ҳам катта эътибор билан қарамоқда. АҚШ маъмурияти Ўзбекистон президенти ташрифини тарихий, деб баҳоламоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларга ташрифдан ўрин олган тадбирлар ҳақида маълумот бериб ўтмоқчиман.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 май куни Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашади. Музокаралар аввал тор доирада, кейин кенг доирада бўлиб ўтади. Кенг доирадаги музокараларда Ўзбекистон ва АҚШ делегацияси вакиллари иштирок этади. Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Ташриф давомида 40дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилиниши, шу жумладан, умумий қиймати 8,5 млрд долларлик савдо-иқтисодий ва инвестициявий битимлар имзоланиши режалаштирилган. Бу рақамлар, албатта, ташриф давомида ўзгариши мумкин. Бу ҳақда қўшимча маълумотлар берилади.

Шу куни кечқурун Ўзбекистон томони расмий қабул маросими ўтказади, бу ерда АҚШ маъмурияти раҳбарияти, вазирлик ва идоралар, йирик компания ва корпорациялар раҳбарлари иштирок этади.

Президентимиз 17 май куни Пентагонга ташриф буюриб, АҚШ мудофаа вазири билан музокара ўтказади. Капитолийда конгрессменлар ва сенаторлар билан учрашиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ҳартомонлама мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади.

Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки президенти билан учрашиб, мамлакатимиз иқтисодиётига инвестиция жалб қилиш бўйича музокара олиб боради.

Ташриф давомида бўлиб ўтадиган мулоқотлар, уларнинг натижалари ҳақидаги қўшимча маълумотлар матбуот маркази орқали етказиб борилади».

Мавзуга оид