Ўзбекистон | 12:00 / 15.05.2018
57986
7 дақиқада ўқилади

Мирзиёевнинг Америкага сафаридан нималар кутилмоқда?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 15 май куни океанортига 3 кунлик расмий ташрифини бошламоқда. Айни вақтда президент АҚШга йўл олган ва тез орада Вашингтондаги «Эндрюс» аэропортига қўнади.

Ўзбекистон раҳбари 16 май куни Оқ уйда Дональд Трамп билан учрашади. Бу президентларнинг ўзаро учинчи учрашуви бўлиши кутилмоқда. Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп илк бор 2017 йилнинг майида, Ар-Риёдда АҚШ ва мусулмон давлатлар саммити доирасида учрашганди. Кейинги учрашув эса 2017 йилнинг сентябрида Нью-Йоркда, БМТ Бош Ассамблеяси сессияси вақтида ўтказилди.

Олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган. 

Вашингтонда Шавкат Мирзиёев шунингдек, АҚШ Конгресси, Мудофаа вазирлиги ва Давлат департаменти ҳамда Жаҳон банкида икки томонлама учрашувлар ўтказади. 

Расмий ташриф якуни бўйича икки мамлакат Президентлари «Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: янги стратегик шериклик даврининг бошланиши» деб номланган Қўшма баёнотни имзолаши, шунингдек, турли соҳалардаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўплами қабул қилиниши кутилмоқда. 

Ўзбекистон АҚШдан нима олиши мумкин?

Фото: Kommersant.uz

Мирзиёевнинг ўтган йил сентябрида Америкага ташрифи доирасида Америка компаниялари вакиллари ва бошқа ишбилармонлар билан қатор учрашувлар ташкиллаштирилган ва нефтегаз ва нефткимё соҳасида, машинасозлик ва электротехника саноати, фуқаролик авиацияси бўйича жами 2,6 миллиард долларлик ҳужжатлар пакети имзоланганди.

Бу сафарги ташриф арафасида Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга шу ҳафта амалга оширадиган ташрифи давомида 4 миллиард долларлик қийматга эга битимлар имзоланиши кутилаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳужжатлар савдо, тижорат, инвеcтицион соҳа бўйича имзоланади.

Лэммнинг таъкидланишича, икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларига нефть-газ ва рангли металлургия айланиши мумкин. «Биз Ўзбекистонда қўшма корхоналар ташкил этиш учун кўплаб туташ нуқталарни кўрмоқдамиз», - дея қўшимча қилиб ўтди савдо палатаси раиси.

Ўз навбатида, президент матбуот котиби Комил Алламжонов ташриф арафасида ўтказилган брифинг чоғида ташриф давомида 40дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилиниши, жумладан, умумий қиймати 8,5 миллиард долларлик савдо-иқтисодий ва инвестициявий битимлар имзоланиши режалаштирилганини маълум қилди.

16 май куни кечқурун Ўзбекистон томонидан расмий қабул маросими ўтказилади. Бу ерда АҚШ маъмурияти раҳбарияти, вазирлик ва идоралар, йирик компания ва корпорациялар раҳбарлари иштирок этади.

Президент 17 май куни Пентагонга ташриф буюриб, АҚШ Мудофаа вазири билан музокара ўтказади. Капитолийда конгрессменлар ва сенаторлар билан учрашиб, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади.

Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки президенти билан ҳам учрашиб, мамлакат иқтисодиётига инвестиция жалб этиш бўйича музокара олиб боради.

Ўзбекистон АҚШга нималар таклиф қилиши мумкин?

Мирзиёев ўтган йил кузида Америкага ташрифи вақтида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида чиқиш қилар экан, Трампнинг Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича стратегиясини қўллаб-қувватлаганди. Чунки Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорликка эришилиши Ўзбекистоннинг энг қисқа йўллар билан денгиз портларига чиқишига замин яратади. 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев апрель ойи бошида Ўзбекистоннинг асосий хорижий ҳамкорлари билан ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўрта муддатга белгиланган устувор йўналишларни тасдиқлаганди.

«Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири Америка Қўшма Штатлари билан ўзаро манфаатли ва кўпқиррали ҳамкорликни ривожлантиришдир… Ҳарбий-техник ҳамкорлик, ҳарбий таълим соҳасида ва кадрларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликни давом эттириш режалаштирилмоқда.

Республика шунингдек ЕИда ҳамкорлик ва шериклик бўйича кенгайтирилган битимни тузиш, хорижий инвестициялар бўйича Ўзбекистон-Европа кенгашини ташкил қилиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан, Европанинг олд давлатлари билан, хусусан, Германия, Италия, Франция ва Буюк Британия билан, шунингдек Марказий ва Шарқий Европа давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришдан манфаатдор», — дейилади ҳужжат матнида.

Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтанинг шанба кунида АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Жозеф Вотелни қабул қилди. Учрашувда хавфсизлик, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик соҳаларидаги ўзаро алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Генерал Жозеф Вотел
Фото: ЎзА

«Ўзбекистон Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш бўйича халқаро коалиция томонидан амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, мамлакатингиз ўз ҳудудидан Шимолий тақсимот тармоғи орқали Афғонистонга юк ташишда ёрдам бермоқда. Бу АҚШнинг Афғонистондаги ишлари муваффақиятли кечишига ҳисса қўшмоқда. Ушбу соҳадаги алоқалар ўзаро ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналишидир», деганди Вотел ЎзА учун берган интервьюсида.

Президент ташрифи давомида ҳарбий ҳамкорлик соҳасида ҳам жиддий ўзгаришларни кутиш мумкин.

Қайд этиш керакки, минтақада юзага келган вазият Ўзбекистон томони йирик давлатлар билан ҳарбий-техник ҳамкорликни ўрнатишини талаб қилмоқда. Ўз навбатида, Афғонистонда сақланиб қолинаётган беқарорлик, шунингдек, АҚШ ва Эрон муносабатлари таранглашиши ортидан Қўшма штатларда ҳудудда яна бир ҳарбий база зарури пайдо қилади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон темир йўл орқали Эроннинг темир йўлларига уланиб, Форс кўрфазига портларига хавфсиз транспорт коридорлари орқали чиқишни истайди. Трампнинг Эрон ядровий дастуридан чиқишга доир қарори Ўзбекистон учун манфаатли эмас. Ташриф доирасида бу масала ҳам муҳокама этилиши табиий. 

Айрим экспертлар бу воқеалар фонида Ўзбекистон жанубидаги Қашқадарё вилоятидаги Хонобод базасига америкалик ҳарбийлар қайтишини ҳам тахмин қилишмоқда.

АҚШ ҳарбийлари 2001 йилнинг 11 сентябри воқеалари ортидан Афғонистонга қўшин киритган, ҳарбий амалиётларда Хонобод авиабазасидан фойдаланилганди.

2005 йилнинг 13 майидаги Андижон воқеаларидан кейин эса Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар совуқлашгач, 2005 йилнинг ноябрида америкалик ҳарбийлар чиқариб юборилганди.

Айни вақтда АҚШ Ўзбекистондаги темир йўллар ва автомобил йўллари, шунингдек, Навоийдаги аэропорт орқали Афғонистонга юк ташиш имкониятига эга ҳисобланади.

Мавзуга оид