00:22 / 19.05.2018
8381

Ўзбек боғбонлари АКТ соҳасида ҳам эътироф этилди

Италиядаги “MacFrut Innovation Award-2018” инновациялар кўрик-танловининг Олтин медали соҳадаги инновацияларни татбиқ қилишдаги фаоллиги учун Ўзбекистондаги “Боғдорчилик илми” телеграм каналига берилди.

Ҳар йили Италиянинг Римини шаҳрида MacFrut Fruit & Veg Professional Show мева ва сабзавот кўргазмаси ўтказилади. У Италия ва Европада фаолият юритаётган мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва мутахассислари учун анъанавий тарзда ташкил қилинадиган етакчи савдо кўргазмаси ҳисобланади. Умумий майдони 5 гектарга тенг ҳудудда мингдан ортиқ иштирокчилар 40 мингга яқин ташриф буюрувчиларга ўзларининг маҳсулотларини намойиш қилишади. 

Яқинда бўлиб ўтган кўргазмада ўзбекистонлик мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, қайта ишловчи ва экспортчи бизнес вакиллари ҳам илк бора иштирок этишди. Ҳамюртларимиз Roma’ saroma, Siyob Shavkat Orzu ва Gardencells брендлари остида Ўзбекистонда ҳўл ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотлари билан қатнашиб, кўргазма иштирокчиларининг диққат марказида бўлишди. 
 

Кўргазма доирасида, шунингдек, “MacFrut Innovation Award-2018” инновациялар кўрик-танлови ташкил этилган бўлиб, унда иштирокчи компаниялар зироатчилик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сотишда қандай янги ғоя ва усулларни, яъни инновацияларни татбиқ қилаётганини намойиш қилишлари керак эди. 

Танловга юзлаб европалик компаниялар ариза топширди ва улардан қирқга яқини саккизта категорияда олтин, кумуш ва бронза медалларига лойиқ кўрилиб, мукофотланди. Ўзбекистон делегацияси эса боғдорчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда инновацияларни татбиқ қилгани ва онлайн платформалардан самарали фойдалангани учун Логистика ва хизмат кўрсатиш йўналишида юксак мукофот, олтин медалга муносиб деб топилди.

Ўзбекистонлик уч нафар компания вакиллари бу танловда ижтимоий тармоқда тузилган “Боғдорчилик илми” гуруҳи, телеграмдаги ҳамда YouTube’даги каналлари тақдимоти билан қатнашди. Ўзбекистонда “Яхшидан боғ қолади” шиори остида эътибор қозонган ушбу каналнинг фаолияти европалик кўплаб мутахассисларни ҳам қизиқтириб қўйди. Улар соҳага оид саволларни муҳокама қилиш ва билимларни улашишда “Боғдорчилик илми” канали фаолиятидан намуна сифатида фойдаланиш катта самара беришини таъкидлаб ўтди. 

Ушбу халқаро танловга ариза топширишда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг “Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш” (AVC) лойиҳаси маркетинг йўналиши мутахассислари яқиндан ёрдам берди.

Top