«Заводлар Андижон аҳолисининг 1 фоизини ҳам иш билан таъминлай олмайди». Президент янги дастур таклиф қилди
19 май куни Улуғнор тумани ҳокимлигида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилояти ва туманлари ҳокимлари, мутасадди раҳбарлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
«Вилоятдаги янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли даромадларини оширишни таъминлайдиган энг муҳим йўналиш — тадбиркорликни ривожлантиришдир. Бу ернинг одамлари тарихан уддабурон ва ишнинг кўзини билиши, ташаббускор ва меҳнаткашлигини барчамиз яхши биламиз. Шуни инобатга олиб, бугун Андижонда «Ҳар бир оила — тадбиркор» деган шиор остида янги дастурни амалга оширишни таклиф қилмоқчиман.
Андижонда аҳоли кўплиги ва уларнинг зич жойлашгани сабабли бир-иккита завод аҳолининг 1 фоизини ҳам иш билан таъминлай олмайди. Биз ҳадеб мақтанамиз: «Андижонда машина заводи бор», деб. Хўп, машина заводи неча фоиз одамни иш билан таъминлаяпти?! Бу нима деган гап?!
Бу муаммони оммавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш орқали ҳал этишимиз керак. Хонадонларга маблағ ва зарур ускуналар бериб ишлашни ўргатсак, ана шунда одамлар ўз оиласини боқиши учун доимий ва ишончли даромад манбасига эга бўлади. Бу ғоядан асосий мақсад — вилоятдаги 740 минг оилани қўшимча даромад топишга ундовчи тадбиркорлик тизимини шакллантириш ва пировард натижада Андижон халқининг турмуш шароитини яхшилаш ҳисобланади.
Дастурнинг мазмуни, авваламбор, тадбиркорлик билан шуғулланаётган одамларга янада кенгроқ имкониятлар яратишдир. Қолган оилаларни эса тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва керак бўлса, ўргатишимиз лозим. Бу ишларни самарали йўлга қўйиш учун қуйидаги чораларни кўриш зарур:
Бош вазир ўринбосари (Қўчқоров) вилоятдаги иқтисодий комплексга кирувчи молия, солиқ, меҳнат, банклар, савдо-саноат палатаси, фермерлар кенгаши, маҳалла фуқаролар йиғини ваколатларидан иборат ишчи гуруҳ тузилади.
Мана, мен бугун ҳамма нарсани тушунтирдим. Бир нарсани билинглар: бу жуда катта сиёсий масала. Андижонда ҳар бир оилани тадбиркор қиламиз. Шароит яратамиз, пул берамиз. Ўзим кўп ўқиганман, Америкада кам таъминланган оилаларни боқиш бўйича амалга оширилаётган ишларга кўра, агар кичкина ҳовлиси бўлса, 4-5 қават этажерка қилиб, товуқ боқтиради. Кўп қаватли уйларда эса бройлер курка боқилади. Мутасадди ташкилот ҳар ойда келиб иш қандай кетаётганини кўриб кетади.
Битта нарсани тушунинглар: катта кўчада катта корхонани қуриб қўйган билан, уйнинг ичидаги муҳитни ўзгартирмасак, одамнинг ўзини ўзи боқиши бўйича дунёқараши ўзгаришига мажбур қилмасак, вазият ўзгармайди. Давлатнинг энг катта вазифаси ҳам шу. Хуллас калом Андижон вилоятида ҳар бир хонадон даромад қилиши шарт», дея президент сўзларини келтиради «Kun.uz» мухбири.
Мавзуга оид
18:32 / 04.11.2024
Тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинади
07:50 / 02.11.2024
Бандлик вазирлиги ишсизлик даражаси камайганини маълум қилди
15:44 / 01.11.2024
Андижон вилояти ҳокими ўринбосари қамоққа олинди
11:00 / 30.10.2024