18:59 / 23.05.2018
13594

Мажбурий ижро бюросининг тақдимномаси жазони ўзгартирди

Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судида очиқ суд мажлиси ўтказилди. Суд М.Райимовнинг раислигида ўтказилди. Суд жараёнидаги асосий масала Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 167-моддаси 2-қисмининг “г” банди ( Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш,  мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса) ва 209-моддасининг 1-қисми (Мансаб сохтакорлиги) билан судланган Куанова Сарвиноз Такабековнанинг жиноят иши бўлди. Мажбурий ижро бюроси Мирзачўл туман бўлими бошлиғи 1-даражали юрист Х.Холмуродовнинг маҳкум С.Куановага нисбатан тайинланган жарима жазосини бошқа турдаги жазога алмаштириш тўғрисидаги тақдимномасини суд мажлисида кўриб чиқилди. Бунга сабаб шуки, маҳкума С.Куанова тайинланган жарима жазосини уч ой муддат ичида тўлашлиги тўғрисида огоҳлантирилган бўлсада лекин у шу муддатда жаримани тўлашдан бўйин товлаган. 

Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг 2017 йил 16 октябрдаги ҳукми билан Куанова Сарвиноз Такабековнага тайинланган энг кам ойлик иш ҳақининг 200 баравари 29.955.000 (йигирма тўққиз миллион тўққиз юз эллик беш минг) сўм миқдоридаги жарима жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди. Юқоридаги сумма миқдоридаги жарима жазоси озодликни чеклаш жазосининг 1 (бир) йил 15 (ўн беш) кунига тенглаштирилиши белгиланди. Куанова Сарвиноз Такабековнага сутканинг соат 18:00дан соат 06:00га қадар бўлган вақтида яшаш жойидан чиқиши чекланди.

 Куанова Сарвиноз Такабековнанинг зиммасига қуйидаги қўшимча тақиқлар юклатилди:

 - оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик белгиланди;

 - назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслиги тайинланди;

- Мирзачўл туман ҳудудидан ташқарига чиқмаслик, алоқа воситаларидан, шу жумладан интернетдан фойдаланмаслиги каби чоралар ўқиб эшиттирилди.

Куанова Сарвиноз Такабековнага Ўзбекистон Республикаси ЖК 48-моддаси талабига асосан, яъни ўрнатилган тақиқлар (чекловлар)ни бузган тақдирда, унга нисбатан қўлланилган жазо бошқа оғирроқ турдаги жазога алмаштирилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

Ажримдан норози тарафлар 10 кунлик муддат ичида жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди орқали жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судига хусусий шикоят беришга, прокурор эса хусусий протест келтиришга ҳақлилиги тушунтирилди.

Top