Жаҳон | 09:42 / 23.05.2018
2400
1 дақиқада ўқилади

Нью-Йорк штати бош прокурори лавозимини илк бор аёл киши эгаллади

Фото: Hans Pennink/AP

Барбара Андервуд Нью-Йорк штати бош прокурори лавозимига тайинланган илк аёл бўлди. 

Андервуд бу лавозимда май ойи бошида 4 аёл томонидан дўппослаш ва қўрқитишда айблангани сабабли истеъфога кетган Эрик Шнайдерман ўрнини эгаллади. Андервуд бу лавозимга 22 май куни штат қонунчилик йиғини томонидан расман тасдиқланди ва штатнинг 66-сонли бош прокурори бўлди.

73 ёшли аёл бунгача Нью-Йорк штати шарқий округи прокурори ёрдамчиси лавозимини эгаллаган. У ҳаммаси бўлиб бош прокуратурада 10 йилдан кўпроқ ишлаган. 

АҚШнинг кўплаб штатларида бош прокурор овоз бериш орқали сайланади. Шнайдерман истеъфога ваколатлари тугашидан аввал кетгани сабабли унинг ворисини қонунчилик йиғини аъзолари тасдиқлашларига тўғри келган.

Андервуд бу лавозимни навбатдаги сайловларгача, яъни 2018 йил ноябригача эгаллайди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш