Ўзбекистон | 13:27 / 24.05.2018
40826
3 дақиқада ўқилади

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг асосий вазифалари белгиланди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармон билан Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти (СВОЖЖДЛҚК) Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти этиб қайта ташкил қилинди.

Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

Биринчидан, иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича фаолиятни комплекс таҳлил қилиш ҳамда қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Иккинчидан, инсофли тадбиркорлар, чет эл инвесторларини улар фаолиятига давлат органлари ва ташкилотларининг ноқонуний аралашувидан ҳимоя қилиш, бизнесни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи сунъий бюрократик тўсиқ ва ғовларга чек қўйиш, импортни оптималлаштиришга ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашиш;

Учинчидан, бюджет тизими бюджетлари маблағларини талон-торож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш, давлат харидларида нархларни ошириб юбориш, давлат органлари ва ташкилотларида дебитор ҳамда кредитор қарздорликнинг асоссиз ортиши ҳолатларини аниқлаш, етказилган зарарни қоплаш бўйича чоралар кўриш;

Тўртинчидан, ёқилғи-энергетика комплексида, банк-молия, солиқ, транспорт, қурилиш ва ижтимоий соҳаларда иқтисодий жиноятлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини, шунингдек, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш;

Бешинчидан, давлат манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ҳолатларига қарши курашиш, чет эл валюта маблағлари ноқонуний равишда чиқиб кетиши, олиб кирилиши ва олиб чиқилиши, уларнинг ноқонуний муомаласи, “хуфёна иқтисодиёт”ни шакллантиришнинг турли схемалари ва каналларини аниқлаш;

Олтинчидан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар нархларини манипуляция қилиш, уларга бўлган сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтириш, шунингдек, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари айланмаси билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларга қарши курашиш;

Еттинчидан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг самарали ижро этилишини таъминлаш;

Саккизинчидан, иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича чет давлатларнинг ваколатли органлари, халқаро ихтисослашган ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ахборот алмашиш;

Тўққизинчидан, иқтисодий ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришни, терроризмни молиялаштиришни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг олдини олиш бўйича кенг тушунтириш ва профилактика ишларини амалга ошириш.

Мавзуга оид