Ўзбекистон | 23:27 / 24.05.2018
19493
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди — Президент қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорда бугунги кунда юртимизда 1500 дан зиёд оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатаётгани ва уларнинг барчасига юқори малакали кадрлар зарурлиги қайд этиб ўтилган. Бироқ, мамлакатимизда бундай кенг кўламли вазифани ҳал этадиган таянч олий таълим муассасаси мавжуд эмас.

Ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида журналистиканинг ўзига хос хусусиятлари, тарихий тараққиёти, бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий-тадқиқот ва ижодий ишлар самарадорлигини таъминлаш ҳамда ушбу соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети (кейинги ўринларда Университет деб юритилади) ташкил этилмоқда.

Университет оммавий ахборот воситалари соҳаси учун журналист кадрлар, шу жумладан, юқори малакали, бир неча хорижий тилларни мукаммал биладиган халқаро журналистлар ҳамда илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, республикада медиатаълим тизимини яратиш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, мазкур йўналишларда илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланиши белгиланмоқда.

Университетнинг асосий вазифалари қуйидагилар бўлади:

  • журналистика соҳасини, унинг ўзига хос хусусиятлари, илмий-назарий, фалсафий-эстетик асослари, замонавий медиатехнологияларни чуқур ўзлаштирган, юқори малакали журналист кадрларни миллий ва халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;
  • мамлакатимизнинг оммавий коммуникация ва журналистика соҳасида эришган ютуқлари, хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибаси ва ҳудудларда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситаларининг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, тегишли йўналишлар ҳамда мутахассисликлар бўйича ўқув-услубий адабиётларни яратиш, шунингдек, ўқув жараёнига замонавий ахборот технологияларини ва масофадан ўқитиш усулларини жорий этиш;
  • журналистика соҳаси таълимини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотларни амалга ошириш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;
  • ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида педагогика соҳасидаги етакчи республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
  • истиқболли ёш битирувчиларни хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказларининг магистратура ва докторантурасида таълим олиш учун мунтазам юбориш орқали Университетнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;
  • республика оммавий ахборот воситалари мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий-методик базасини шакллантириш ва ўқув-методик раҳбарликни амалга ошириш.

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг тузилмаси, университетнинг 2018–2021 йилларда ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.

2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бакалаврлар ва магистрлар тайёрлаш бўйича қабул квоталари тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тавсияси асосида Университетнинг тегишли таълим йўналишлари бўйича абитуриентларни олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш кириш тест синовлари билан бир қаторда уларнинг касб лаёқатини аниқлашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон (ёзма ва суҳбат шаклида) ўтказиш орқали амалга оширилади;

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ЎзМУ ва ЎзДЖТУда «Журналистика» таълим йўналиши ва унинг негизидаги магистратура мутахассисликлари, шу жумладан, «Олий журналистика курслари» бўйича қабул тўхтатилади ҳамда ушбу таълим йўналиши бўйича таълим олаётган талабалар ўқишни битиргунларига қадар мазкур олий таълим муассасаларида ўқишини давом эттирадилар.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Университетга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилиш сони ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжларини ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига Университетнинг сиртқи таълим шакли бўйича қабул квоталарини шакллантириш юзасидан бир ой муддатда таклиф киритади. Сиртқи таълим шакли бўйича қабул квоталари 2018/2019 ўқув йилида Университет бакалавриат таълим йўналишлари учун белгиланган қабул квоталарининг 30 фоизигача бўлган миқдорда белгиланади.

Мавзуга оид