Жамият | 21:18 / 28.05.2018
61458
4 дақиқада ўқилади

Тўхтаб қолган қурилиш. Аҳоли унинг давом этишини сўрамоқда

Бугунги кунда пойтахтимизда ўзгаришлар катта. Ютуқлар билан бирга, долзарб муаммолар ҳам етарлича. Масалан, Тошкент шаҳридаги қурилиш лойиҳаларидан аҳолининг норозилиги қарийб сурункали мурожаатга айланган бу мавзудаги муаммолар ечими ҳамон сўроқ остида. Бироқ бу гал муаммонинг аксини кўриб, ажабландик. Гап шундаки, қурилиш ишлари нега тўхтаб қолди, деган эътироз билан бир гуруҳ юртдошларимиз KUN.UZ таҳририятига мурожаат қилишди. 

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги  Ахборот хизмати

KUN.UZ сайтида жорий йилнинг 14 май куни «Murad Buildings» қурилишни тўхтатди сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди. Унда Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, 8-даҳасида жойлашган 17, 18, 19 ва 20-сонли кўп қаватли уйлар орасида Murad Buildings компанияси томонидан кўп қаватли турар-жой қурилишидан норози бўлган аҳоли мурожаати асосида қурилиш ишлари тўхтатилгани баён этилган эди. Куни-кеча айнан ушбу уйларда истиқомат қилувчи аҳоли мурожаати юзасидан улар билан учрашдик. Аҳоли қурилиш ишлари тўхтатилганидан норози, шунингдек, қурилиш ишларига норози бўлган айрим фуқаролар кўпчилик истак-хоҳишининг йўққа чиқишига сабабчи бўлмоқда. KUN.UZ фуқароларни холислик нуқтаи назаридан тинглади.

- Бу ер бир вақтлар гараж бўлган кезлари, бу ерда яширинча итлар жангини уюштиришарди. Шовқин-сурондан қулоқлар қоматга келарди. Бекорчилар тўпланадиган жой эди, жанжаллар бўлар эди, - дейди аҳоли вакилларидан бири.

- 18 йилдан буён шу маҳалладаман. Мен тадбиркорларнинг кўпайиши тарафдориман. Шу сабаб ободонлаштириш ишларига қаршимасман. Маҳалламиз кундан кун обод бўляпти, бироқ ҳашарларга чиқмай, маҳалла ҳаётига аралашмай ортимиздан ғаламислик қилаётганларга қаршиман, - дейди яна бир фуқаро. – Тўғрисини айтганда, шу пайтгача маҳалламизда бўлмаган ишлар бўляпти. 

Маҳаллий аҳоли вакилларидан яна бири қуйидагича фикр билдирди: “Мана шу қурилиш неча кун давом этган бўлса, бу ерда самосваллар, экскаваторлар ишлади. Кейин кечаю кундуз бетон қурилиши бўлди. Бу қурилишларда қанча болалар ишлади, улар қашқадарёлик, сурхондарёлик, навоийлик болалар эди... Улар ота-оналари, фарзандларини ташлаб келган, маошга ишлаган ишчилар эди. Уларнинг ризқини қийиб, қурилишни тўхтатиш адолатдан бўлмаса керак. 

Хўш, унда қурилиш ишлари нега тўхтаб қолди?

- Бир вақтлар бу ер қоронғи, киши юришга қўрқадиган жойлар эди. Мана ҳозир чироқлар қўйилган, йўлаклар қурилди. Бу ишлар айрим ғаламисларга ёқмади, - дейди ўз фикрини билдирар экан фуқаролардан бири. – Чунки улар баҳайбат итларини етаклаб, ичиб, чекиб эртадан кечгача мана шу ерларда изғиб юришарди. Сал нарироқда спиртли ичимлик қўйиб берадиган жойлар бор. Ўша ерлардан ичиб келиб, жанжал қилишарди. Бундан ташқари, маҳаллани роса ифлос қилишарди.

Мазкур маҳаллада истиқомат қилувчилар қурилиш ишларини давом этишини истаб Тошкент шаҳри ҳокими номига очиқ хат ёзадиган бўлишди.

Дарҳақиқат, тадбиркор Мурод Назаров қаровсиз жойга ободлик ва гўзаллик бахшида этганлигига гувоҳ бўлдик. Компания қурилажак турар-жой биносининг атрофини дид билан лойиҳалаштирган, лойиҳага мувофиқ ишлар бошланган ҳам. Атрофдаги уйлар олдида автотураргоҳ ҳамда болалар майдончаси ҳамда аҳоли дам олиш ҳудудлари деярли тайёр ҳолга келган экан. Бироқ бугун тадбиркорнинг бу ердаги фаолияти тўхтатилган. Иш судда кўриб чиқилмоқда. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, назаримизда тадбиркор лойиҳаси адолатли кўриб чиқилмаган ҳолда хулоса қилинган. Бир сўз билан айтганда аҳоли ва тадбиркор ўртасида муроса йўлининг топилиши ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши назорат қилинсагина бу муаммолар ўз ечимини топиши мумкин.

Мавзуга оид