Жаҳон | 01:44 / 29.05.2018
16059
2 дақиқада ўқилади

Ингушистон муфтийлиги Юнусбек Евкуровни мусулмон жамоатидан четлатди

Ингушистон мусулмонлари диний маркази кеча республика раҳбари Юнусбек Евкуровни мусулмон жамоатидан четлатиш ҳақида қарор чиқарган. «Пайдо бўлган вазият баҳоланиб, токи у диний марказга нисбатан дискриминациясини тугатмас, Магас шаҳрида масжид қурилиши учун ажратилган маблағлар ҳақида ҳисобот бермас экан, Юнусбек Евкуровни республика мусулмончилик жамоатидан четлатиш ҳақида таклиф илгари сурилди»,— дейилади МДМнинг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғида жойлашган саҳифасидаги хабарда. МДМдагиларнинг билдиришча, мазкур четлатиш Юнусбек Евкуровнинг тўй ва маъракалари ва бошқа тадбирларида иштирок этмасликни билдиради.

МДМнинг баёнотига кўра, Евкуров муфтийликни тугатиш ва унинг фаолиятини тўхтатиш учун маъмурий ресурслардан ноқонуний фойдаланган, диний-маънавий тарбия билан шуғулланиб келган «Ангушт» радиостанциясини ёпган. «Сўнгги уч йилда муфтийлик ходимлари ва имомлар маҳаллий ҳокимият томонидан сиқувга олинган, — дейилади баёнотда.— Муфтийликни дискриминацияга дучор қилишнинг сўнгги факти шу йилнинг 25 майида бўлиб ўтган суд мажлиси ва унда суд томонидан Магас шаҳрида қурилиши мўлжалланган масжид учун ажратилган ернинг тортиб олиниши ҳақида қарор чиқарилишидир».

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Юнусбек Евкуров маҳаллий масжидларда имомларнинг маъвизаларини назорат остига олиш борасида буйруқ берган эди. Жаноб Евкуров «динни тарғиб қилишни сиёсийлаштирмалик» мақсадида бу ишга қўл урганини айтади. Ингушистон муфтийлиги эса республика ҳокимияти шу йўл билан ўзини танқидлардан ихоталаб келаётганини айтиб, мансабдорларга шаърият суди билан таҳдид қилган.