Ўзбекистон | 13:00 / 30.05.2018
5577
6 дақиқада ўқилади

Экологик хавфли маҳсулотни Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби такомиллаштирилади

“Экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва уларни унинг ҳудудидан олиб чиқишни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган, республика ҳудудига олиб кириладиган ва унинг ҳудудидан олиб чиқиладиган экологик хавфли маҳсулот низомига кўра, қоидалар алоҳида ўрнатилган тартибда республика ҳудудидан транзит қилинадиган махсус юкларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Экологик хавфли маҳсулот ва чиқиндиларнинг импорти ва экспорти, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимидаги экологик сертификатлаштириш органи томонидан бериладиган экологик сертификатлар асосида амалга оширилади. Сертификатлаштириш органи аризачи томонидан мустақил танланади.

Базель Конвенцияси иштирокчиси бўлмаган давлатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан рўйхати тасдиқланган экологик хавфли маҳсулот ва чиқинди турларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришлари ва олиб чиқиб кетишлари қатъиян тақиқланади. Ўзбекистон Республикаси билан Базель Конвенцияси иштирокчиси бўлмаган давлат ўртасида чиқиндиларни транзит тарзида олиб ўтишга доир халқаро шартнома мавжуд бўлган ҳолларда, бундай олиб ўтиш ушбу халқаро шартнома қоидалари, шунингдек, қўллаш мумкин бўлса, Базель Конвенциясида белгиланган умумий талаблар асосида амалга оширилади.

Экологик хавфли маҳсулот ва чиқиндиларнинг импорти ва экспорти учун экологик сертификатлар (ёки унинг нусхаси) Божхона органига маҳсулот ва чиқиндиларни жўнатувчи ёки уларни қабул қилувчи томондан божхона ҳужжатларини расмийлаштириш учун тақдим этилади ҳамда маҳсулот божхона режимларига расмийлаштириш вақтида текширилади.

Экологик хавфли маҳсулот ва чиқиндиларни республика ҳудудидан транзит қилишда Базель Конвенциясининг 6-моддасига асосан, экспорт қилувчи давлат транзит қилиниши кўзда тутилаётган хавфли маҳсулот ёки чиқиндилар тўғрисида манфаатдор давлатларнинг ваколатли органларига ёзма равишда хабарнома юборади ёхуд бундай хабарнома юборишни ишлаб чиқарувчи ёки экспортёрдан талаб қилади. Бундай хабарномаларда Конвенциянинг “V A” иловасига мувофиқ кўриб чиқилади.

Экологик хавфли маҳсулот ва чиқиндиларнинг импорти ва экспорти юзасидан назоратни Давлат экология қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда, белгиланган тартибда амалга оширилади.

Экологик сертификат қуйидаги ҳолларда ҳақиқий ҳисобланади:

экологик сертификат берган экологик сертификатлаштириш органининг муҳри ва имзосининг асли бўлганда;
“Ягона дарча” орқали экологик сертификат электрон шаклида берилса экологик сертификатлаштириш органининг электрон имзоси билан ҳақиқий ҳисобланади.
Давлат реестрида қайд этилганлигини тасдиқловчи сана ва рақам кўрсатилганда.

Сертификатлаштирилган маҳсулотга божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақтида экологик сертификат берган орган номи, экологик сертификат берилган сана ва рақами ҳамда унинг амал қилиш муддатини кўрсатади.

Экологик хавфли маҳсулот ва чиқиндиларни экологик сертификатлаштирилганлигига оид маълумотлар мавжуд бўлмаганда, бундай маҳсулотлар умумий тартибда экологик сертификатлаштирилади. 

Синов ўтказиш учун маҳсулотлардан намуналар синов лабораторияси ва сертификатлаштириш органи вакили томонидан буюртмачи иштирокида ҳамда божхона органларининг назорати остида меъёрий ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқ синов учун зарур бўлган миқдорда олинади.

“Давэкосертификат” ДУК маҳсулот ишлаб чиқарувчининг хоҳиши ва илтимосига кўра экологик сертификатлаштиришга оид ишларни ташкил этиш ҳамда Экологик хавфсизлик белгисини ўрнатиш бўйича зарур хизматларни кўрсатади.

Экологик сертификатлаштирилган маҳсулот аризачининг хоҳиши ва баҳолаш мезонига кўра экологик хавфсизлик белгиси билан маркировкаланади. Экологик хавфсизлик белгисининг мавжудлиги ва қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотлар экологик сертификатда акс эттирилади.

Ўзбекистон Республикаси томонидан импорт-экспорт қилинадиган 
ва экологик сертификатлаштирилган маҳсулот ва чиқиндиларга доир ҳисоботларни тайёрлаш ҳамда Базель конвенцияси ва Женевадаги Бош Котибиятига уларнинг сўровида белгиланган муддатларда, Давлат экология қўмитаси томонидан ҳар йили 30 декабргача тақдим этиладиган:

аризачилардан - амалда Ўзбекистон Республикасига импорт қилинган (Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилинган) экологик хавфли маҳсулот ва чиқиндилар миқдори ҳақидаги маълумотлар;
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасидан – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йиллик ҳосил бўладиган маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи корхона ҳамда ташкилотлардан экологик хавфли маҳсулот ва чиқиндилар миқдори ҳақидаги маълумотлар;
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасидан — экологик хавфли бўлган маҳсулот ва чиқиндиларнинг импорти ва экспорти ҳақидаги жамланма маълумотлар асосида амалга оширилади.

Қуйидагилар экологик хавфли бўлган маҳсулот ва чиқиндиларнинг импорти ва экспортини амалга оширишда экологик сертификатлаштиришнинг талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) экологик хавфли бўлган маҳсулот ва чиқиндиларнинг импорти ва экспортини амалга оширишда қонун ҳужжатларига мажбурий равишда риоя этиш;
б) маҳсулот ва чиқиндиларнинг Ўзбекистон Республикасига импорти ва Ўзбекистон Республикасидан экспортини мажбурий экологик сертификатлаштириш бўйича амалга ошириладиган экологик хавфли маҳсулот ва чиқиндилар турлари рўйхатига мувофиқ амалга ошириш;
в) Ўзбекистон Республикасига импорти тақиқланган хавфли маҳсулот ва чиқиндилар турлари рўйхатига мансуб бўлмаганларининг импортини амалга ошириш;
г) экологик хавфли маҳсулот ва чиқиндиларни импорт қилувчи мамлакат қонун ҳужжатлари, шунингдек Базель Конвенцияси талабларини бузмаган ҳолда амалга ошириш;
д) импорт ва экспорт қилинган ва сотилган экологик хавфли маҳсулот ва чиқиндилар миқдорларининг, харидорларнинг номлари ва манзиллари ҳамда қўлланилиши тахмин қилинган соҳалар кўрсатилган ҳолда ҳисобини юритиш, шунингдек, экспорт қилинган экологик хавфли маҳсулот ва чиқиндилар миқдорлари ҳисобини юритиш;
е) ушбу Низомда белгиланган ҳолатлар, муддатлар ва миқдорларда тўловларни амалга ошириш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид