Light | 01:23 / 31.05.2018
56628
7 дақиқада ўқилади

Яратилишида ўзинг иштирок этмаган нарсаларга аралашма... (ҳикоялар)

“Тозаловчи” маймун

Бир донишманд ёш болани ҳайвонот боғига олиб борди.

– Анави маймунларни кўряпсанми?

– Ҳа.

– Ҳов анави, ҳар бир маймуннинг олдига бориб синчиклаб текшираётганини-чи?

– Ҳа.

– У “тозаловчи” маймун. У бошқа маймунларни битлаб кетган пода деб билади ва уларни “тозалаш”га ҳаракат қилади.

– Қолганлари-чи?

– Қолганлари эса оддий маймунлар. Айримларида бит бор, айримларида йўқ.

– “Тозаловчи”нинг битини ким теради?

– Ҳеч ким. Шунинг учун бу маймунлар ичида энг битлаб кетган маймун унинг ўзидир.

Хулоса: ҳаммадан камчилик қидирадиганлар ўз камчиликларини кўришмайди.

***

Тахта девор ва михлар

Бир боланинг феъли жуда ёмон эди. Дадаси унга бир халта мих берди ва ҳар сафар бирортасини хафа қилганида тахта деворга битта мих қоқишини айтди.

Биринчи куни бола деворга ўттиз еттита мих қоқди. Кейинги кунларда эса ўз ғазабини босишни ўрганди ва мих қоқишлар сони камая бошлади. Ниҳоят у кун бўйи ҳеч кимни хафа қилмаган кун келди. Дадаси унга энди ўз ғазабини босиб ҳеч кимни хафа қилмаган ҳар бир куни учун девордан биттадан михни суғуриб олишни буюрди.

Бир неча кунлардан кейин деворда биттаям мих қолмади. Дадаси ўғлининг қўлидан ушлаб девор олдига олиб борди ва деди: "Ҳа ўғлим, анчагина тер тўкдинг, лекин қара, деворда қанча тешик пайдо бўлди. Бу девор энди ҳеч қачон илгаригидек бўлмайди”.

Хулоса: Ҳар сафар кимнидир хафа қилганимизда, унинг қалбида из қолади. Кимгадир ёмон сўз айтиб, кейин кечирим сўрашимиз мумкин, лекин айтган сўзимизнинг изи унинг қалбида қолади. Ўзгалар қалбига мих қоқишдан сақланайлик.

***

Капалак

Бир куни бир киши капалак ғумбагини кўриб қолди. У ғумбакни қўлига олди ва бир неча соат капалакнинг пилла исканжасидан қутулишга бор кучи билан уринишини томоша қилиб турди. Вақт ўтиб борар, капалак пиллани тарк этишга уринар, лекин бунинг уддасидан чиқолмасди. Унинг умуман кучи қолмаганга ва ғумбак ичида қолиб кетадиганга ўхшарди...

Шунда киши капалакка ёрдам бермоқчи бўлди. У қўлига қайчи олди ва пиллани қирқди. Капалак унинг ичидан осонгина чиқиб олди, аммо унинг танаси заиф, қанотлари эса ёйилмас, танасига ёпишиб турарди. Киши капалакни кузатишда давом этди. У капалак қанотларини ёйиб учиб кетишини кутарди.

Аммо бундай бўлмади. Капалак ўша ҳолича қолди ва ўлди.

Қаттиқ пилла ва капалакнинг кичкинагина тешикдан чиқиш учун бор кучи билан уриниши унинг танаси тўғри шакл олиши ва кучли тана ёрдамида қанотларга куч келиши учун зарур эканлигини, шундагина капалак пилла ичидан чиқиши билан қанот қоқишга тайёр бўлишини бу инсон қайдан ҳам биларди.

Хулоса: ҳақиқатан ҳам ёрдаминг фойда келтирмайдиган бўлса ёки бунга ишончинг комил бўлмаса, ҳеч қачон ёрдам берма. Яратилишида ўзинг иштирок этмаган нарсаларга аралашма. Акс ҳолда фақатгина зарар келтирасан.

Бургут ва бургутча

Қари бургут жарлик устидан учиб борарди. Унинг елкасида ўғилчаси ўтирарди. Бургутча ҳали ёш бўлгани учун бу жарликдан учиб ўтолмасди. Бургутча отасининг елкасида ўтирганича деди:

– Дадажон! Ҳозир сиз мени елкангизда кўтариб учяпсиз, катта бўлганимда мен сизни елкамда кўтариб юраман.

– Йўқ, ўғлим, – деди ота бургут ғамгинлик билан. – Катта бўлганингда елкангда ўз болангни олиб юрасан.

***

Осма кўприк

Икки қишлоқ ўртасида чуқур жарлик бор эди. Қишлоқлар аҳолиси жарлик устига осма кўприк қуришди. Унинг икки ёнидаги арқонлар тутқич вазифасини бажарарди. Одамлар бу кўприк устидан юришга шунчалик уста бўлиб кетишдики, ҳаттоки болалар ҳам тутқичларни ушламасдан кўприк устидан югуриб ўтишарди.

Лекин бир куни тутқич-арқонлар йўқолиб қолди. Эрталаб одамлар кўприк олдига келишди, аммо ҳеч ким унинг устидан ўтишга журъат қилолмади. Арқонлар борлигида уларга суянса бўларди, аммо уларсиз кўприк устидан одам ўта олмайдигандек эди.

Хулоса: Ота-оналаримиз билан ҳам шундай бўлади. Улар тириклигида бизга уларсиз ҳам кунимиз ўтадигандек туюлади, аммо уларни йўқотишимиз билан ҳаёт бирданига жуда қийиндек туюла бошлайди.

***

Ота насиҳати

Бир куни эшик тақиллади ва уй эгаси эшикни очди. Остонада қизи кўзлари ёшга тўла турарди ва уйга кириши билан дардини тўкиб-солди: "Дадажон, ортиқ бундай яшай олмайман, ҳаётим кундан-кунга қийинлашиб кетяпти. Чарчадим, турмушим бундай давом этадиган бўлса, ҳаётдан безиб ўзимни бирор нарса қилиб қўйишим мумкин”.

Ота индамади. У қизиб турган печка устига учта қозонча қўйди, ҳар бирига сув қуйди ва бирига сабзи, иккинчисига тухум, учинчисига шакар ташлади. Орадан ўн дақиқа ўтгач, у пиёлага шакарли сувдан қуйди, сабзи ва тухумни идишга солиб қизининг олдига қўйди. Қизи пиёлани қўлига олиши билан ота сўради:

- Қизгинам, бу нарсаларда қандай ўзгариш бўлди?

- Сабзи қайнаб юмшаб кетди. Шакар эриб йўқ бўлиб кетди. Тухум қайнайвериб қаттиқ бўлиб қолди.

- Сен фақат юзаки қараяпсан, кел бунга бошқа томондан назар соламиз. Қаттиқ сабзи кўриниши ўзгармаган бўлса ҳам юмшоқ ҳолга келди. Тухум ҳам сабзи каби кўринишини ўзгартирмаган бўлса-да, ичи қаттиқ ҳолатга келди. Шакар эса қайноқ сувга тушиши билан эриб кетди ва уни ширин ҳолатга келтирди.

Ҳаётда ҳам ҳар биримиз билан шундай ҳолат юз бериши мумкин. Кучли инсонлар тақдир синовлари олдида заифлашиши, нимжонлар эса қаддини тиклаб, кучли инсонга айланиши мумкин.

- Шакар-чи, у бизни нимага ўргатади? – сўради қиз.

- Бундайлар ҳаётдаги энг ёрқин инсонлардир. Улар бир қарашда ўта мураккаб бўлган ҳар қандай ҳолатга мослашишади, ҳар бир муаммога ечим топишади ва ишлов бериш орқали оғир вазиятни ёқимли вазиятга айлантира олишади. Улар ҳаёт қийинчиликларига ҳам гўзаллик бахш эта олишади.

Мавзуга оид