“Ислом нури” дастурининг навбатдаги ҳамсуҳбати пойтахтдаги “Исломобод” жоме масжиди имом хатиби Абдулҳамид Жуманов бўлди. У киши билан Рамазонда ризқнинг мўл бўлиши ва ризқни янада кенгайтириш борасида, саховат ҳамда бахиллик мавзуларида суҳбат қурилди.
YouTube'да томоша қилиш
Tas-IX'да томоша қилиш
- Мусулмон киши Рамазон ойида яхши амалларни кўпроқ қилиб, насибасини зиёда қилиб олишга ҳаракат қилади. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳадисларида марҳамат қилинадики: “Рамазон ойида бир инсон Аллоҳ таолога яхши амал билан яқинлик ҳосил қиладиган бўлса, Аллоҳнинг унинг бу солиҳ амалига бошқа ойда қилинган фарз ибодатнинг ажрини беради”.
Ҳар бир ишимизда, ҳар бир амалимизда эргашадиган зот бор – пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в). Буни дунёвий мисолда келтирадиган бўлсак, одамлар кимнидир ўзларига кумир қилиб олишади. Аммо мўмин-мусулмоннинг намуна оладиган кишиси Пайғамбаримиз алайҳиссалом. Чунки биз динни Расулуллоҳ (с.а.в)дан ўргандик.
Пайғамбар (с.а.в) ҳақида ҳадисда марҳамат қилинадики, Расули акрам (с.а.в) ҳар бир ойда саховатли эдилар. Шу ўринда у кишининг суннатларини айтиб ўтмоқчиман: Расулуллоҳ (с.а.в) бирор инсон сўраса, “йўқ” деган сўзни ҳеч қачон ишлатмаганлар. Қайси инсон ўз ҳожати билан у кишининг олдиларига келса, у киши унга ҳеч қачон “йўқ”, деб рад жавобини бермаганлар. Боя айтганимдек, у Зот бошқа ойларда ҳам саховатли эдилар, бироқ саҳобалар айтишадики, Расулуллоҳнинг саховатлари Рамазонда зиёда бўларди. Бирор бир инсон Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг саховатларидан четда қолмас эди.

Шу ўринда биз эътибор берадиган ажойиб нуқта бор. Бирор-бир тарихий манбада Пайғамбаримиз алайҳиссалом бадавлат бўлганлар, дейилган жойи йўқ. Ҳаммамиз биламиз, Расули акрам (с.а.в)нинг уйларида икки кун кетма-кет қозон қайнамаган, у кишининг очликдан қанчалик машаққат чекканларини биламиз. Уйларида ҳам ортиқча ҳеч бир нарса бўлмаган. Шунга қарамай, у Зот саховат қилар эдилар. Бундан қандай манфаат олинади?















