Солиқ концепцияси эълон қилинганига, дарҳақиқат, 2 ойдан ошди. Минг хил фикрлар янгради, баҳс-у мунозараларнинг чеки йўқ. Солиқ концепцияси эълон қилинган мажлисда мен ҳам қатнашдим. Янги концепция аъло даражада ишлаб чиқилган.

Бугунга қадар математика тили билан айтганда, “Солиқ — бу логарифм “а” асосга кўра, “b”ни логарифм “а” асосга кўра “с” га кўпайтириб, чиққан соннинг ҳосиласини ҳисоблаб чиқарасиз ҳамда асосларининг юзи бир-биридан уч баравар фарқ қиладиган кесик конуснинг ичида томонлари кесик конусга тегиб турган шарнинг ҳажмини ҳисоблаб чиқиб, қайси катта бўлса ўша миқдорда солиқ ҳисоблаш санъати”, десам янглишмаган бўламан.

Аслида қандай бўлиши керак? Аслида, солиқ — 2 × 2 = 4 каби бўлиши лозим. Ҳеч қанақа қўшимча ҳисоб-китоблар, биз билмаган қайсидир ҳужжатнинг фалон бетидаги 8 кеглли шрифт билан ёзилган “қоидачалар” бўлмаслиги керак.

Концепцияда кўрсатилган Солиқ дастури ишлаб чиқилиб, ҳамма шу дастурда счёт-фактура ёзса ва онлайн (реал вақтнинг ўзида солиқ базасида кўриниб турадиган) терминаллар ишласа, “даромадларни яшириш”, деган муаммодан қутулар эдик. Дастурни ўзи, камерал назорат автоматик тарзда таҳлил қилиб турса, солиқни камайтириш муаммоларига барҳам бериларди.

Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига, халқаро экспертларга ва шахсан Юлий Юсуповга солиқ соҳасидаги инқилобий қадамларни ташлагани учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Энди ушбу концепцияга тадбиркор нуқтаи назаридан қараб, таҳлил қилсак.

Тадбиркорлик фаолиятида коррупция эшиклари нечоғлик ёпилмасин, агар молиявий жиҳатдан тўғри ишлаш манфаатли бўлмаса, коррупция барибир мавжуд бўлиб қолаверади. Яъни, биз шундай тизим яратишимиз керакки, тадбиркор коррупция йўлидан юрса унга молиявий зарар етиши керак, шундагина коррупциянинг олди олинади. Бу солиқ концепциясини ишлаб чиқишда бош мақсад бўлиб қолиши лозим.

Тадбиркор қандай қилиб бўлса-да, ўзини ҳам, ходимларини ҳам молиявий таъминлаши зарур. Ходим билан иш ҳақи келишилганда, тадбиркор пул топиб бериш учун 2 та йўлни ўйлаб кўради. Яъни, “Корхонамга тушган пулни ё иш ҳақи кўринишида ё дивиденд кўринишида оламан. Ёки бир қисм иш ҳақи бир қисм дивиденд кўринишида олиб, ходимларимни ҳам, ўзимни ҳам пул билан таъминлайман”, деб ҳисоблайди.

Солиқ концепцияси бўйича ўтказилган мажлисда дивиденд кўринишида пулни ечиб олиш мақсадга мувофиқ эмас, ақлли тадбиркор соф фойдасини қайта инвестициялаш учун ишлатиши лозимлиги таъкидланди. Афсуски, бунақа фикрлар билан бутун дунёда мавжуд бўлган молиявий инструментни бекор қилиб бўлмайди. Тадбиркорнинг ўзига қўйиб бериш керак: пулни у топган, қандай сарф қилиши ҳам унинг иши.