Жаҳон | 22:44 / 04.06.2018
18110
4 дақиқада ўқилади

Silk-виза: Дариға Назарбоева Осиё "шенгени"ни йўлга қўйишни таклиф қилди

Фото: Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати матбуот хизмати

Қозоғистон Сенати Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Дариға Назарбоева Осиё "шенгени"ни йўлга қўйишни таклиф қилди. Tengrinews шу ҳақида хабар берди.

Қозоғистонлик сенаторлар Сариёғочда Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, чет эл инвестициялари ва туризм масалалари қўмитаси депутатлари билан учрашишди.

Учрашув доирасида Дариға Назарбоева Ўзбекистон ва Қозоғистонда туризмнинг ривожланиши ҳақида сўз юритди. 

"Бир-биримизни яхши билишимиз ва ишонишимиз учун туристик салоҳиятни ривожлантириш жуда муҳим. Биз икки мамлакат туризмини рағбатлантириш, шунингдек бу ерларга яқин ва узоқ хорижий давлатлардан сайёҳлар ташрифини рағбатлантириш зарурлиги ҳақида гапирган эдик. Улар Марказий Осиёга келишганида бирйўла барча мамлакатлар ва бу ерлардаги диққатга сазовор жойларни кўргиси келади. Европалик ва Осиё жануби-шарқидаги сайёҳлар учун Марказий Осиё яқин манзил эмас. Шунинг учун улар узоқ масофаларни босиб ўтганга яраша бир саёҳатда бир ўйла барчасини кўриш истаги пайдо бўлади, бунинг учун эса умумий визани йўлга қўйиш керак", - деди Назарбоева.

"Биз бу Осиё "шенгени" бўлиши, уни Silk-виза деб аташ мумкинлиги ҳақида гаплашган эдик", - дея таъкидлади у. Депутат мамлакатлар туристик йўналишларни бирга тарғиб қилиши мумкин деб ҳисоблайди.

"Самарқанд, Хива ва Бухорони кўпчилигимиз кўрганмиз, дея олмаймиз. Мен Самарқанд ва Тошкентда бўлганман, бироқ бошқа шаҳарларда ҳали бўлмаганман", - дейди Назарбоева.

Таъкидлаш жоизки, шу йилнинг март ойида собиқ Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, айни дамда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов KUN.UZ'га Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида тўсиқларсиз "Ипак йўли" тизимини жорий қилиш режалаштирилаётгани, сайёҳларнинг қадимий Ипак йўлига бўлган қизиқиши жуда катта экани ҳақида маълум қилганди

Фото: VisitUzbekistan

"Ғоя шундан иборатки, қўшни мамлакатларга - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва эҳтимол Озарбойжон билан мультитурларни ташкил қилиш. Айни дамда гап фақат Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳақида бораётган экан, бу мамлакатлардан бирига, масалан Қозоғистонга виза билан ёки визасиз ташриф буюрган сайёҳ Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива ёки Тошкент шаҳарларини ҳам зиёрат қилиш имконига эга бўлади. Буларнинг бари жуда жиддий ишларнинг амалга оширилишини, биринчи навбатда, қўшма маълумотлар базасини тузиш, маълумотлар алмашинувини талаб қилади", - деган эди Абдуҳакимов. 

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг халқаро муносабатлар, ташқи савдо алоқалари, чет эл инвестициялари ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш учун овоз берди ва икки парламент ўртасидаги алоқалар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамлашига туртки беришини таъкидлади.

2017 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо айланмаси 2 миллиард долларни ташкил қилди. Жорий йил бошидан товар айланмаси 35 фоизга ошди ва 2018 йил охирига бориб 3 миллиард долларга етади. Шунингдек икки мамлакат ўртасида маданий-гуманитар алоқалар ҳам кенгаймоқда. 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон сенаторлари парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш, савдо айланмасини ошириш, божхона ва чегара ҳамкорлигини такомиллаштиришга доир аниқ таклифлар билдиришди. 

Мавзуга оид