Жаҳон | 10:40 / 08.05.2020
74887
11 дақиқада ўқилади

Ўйиндан ташқари ҳолатдаги малика. Назарбоева нега сенат раислигидан кетказилгани ҳақида эксперт билан интервью

2 май куни Қозоғистонда кутилмаган сиёсий воқелик содир бўлди. Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев парламент юқори палатаси спикери Дариға Назарбоеванинг ваколатини тугатиш тўғрисида фармонни имзолади. Кўп ўтмай Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси Назарбоеванинг депутатлик ваколатларини тугатганини эълон қилди.

Фото: Валерий Шарифулин / ТАСС / Sipa / Vida Press

Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич фарзанди Дариға Назарбоева расман мамлакатнинг иккинчи одами ҳисобланарди. Ўтган йил 20 март куни Қозоғистонда кўп нарса ўзгариб кетди. Назарбоев истеъфога чиқди, ўрнини сенат раиси Тўқаев эгаллади. Президент кетгач, унинг ўрнини эгаллайдиган ва Тўқаев президент бўлиб бўшаб қолган сенат раислиги Дариға Назарбоевага топширилди. Халқ томонидан сайланмаган ва президент тайинлаган Назарбоева сенатда кутилганидек бошчилик қила олмади. Шундай бўлса-да, унинг истеъфога чиқарилиши кутилмаган ҳолат бўлди.

Дариға Назарбоеванинг нега истеъфога чиқарилгани, бу мамлакат сиёсий ҳаётида қандай ўзгариш қилгани ҳақида узоқ гапириш мумкин. Аммо «Қозоғистонда қўшҳукмронлик тугадими?», «Тўқаев энди подшоҳи мутлақ бўлдими?», каби нозик саволларга эксперт жавоб бергани тузукроқ. «Медуза» Дариға Назарбоеванинг истеъфоси атрофидаги воқеалар ҳақида сиёсатшунос Аркадий Дубнов билан интервью уюштирди.

Бу вазият қандай пайдо бўлди?

– Дариға Назарбоеванинг истеъфоси Қозоғистондаги ҳукумат топширилишининг давоми бўлди. Назарбоев истеъфога чиқар экан Дариғани сенат спикери лавозимига қўйиб кетганди. Бу воқеа Тўқаев президентликка келиши билан бир вақтда содир бўлди. Ортда қолган бир йил давомида Дариға давлат раҳбари билан солиштириб келинди.

– Назарбоев Дариғанинг сенат раисига айланиши можаро келтириб чиқаришини билганмиди?

– Менимча, Назарбоев бундай бўлишини нафақат сезган, балки шунақа бўлишини ҳисобга олган ҳам. Назарбоев учун ўринбосари устидан назорат ўрнатиш муҳим эди. Шу сабабли мамлакатнинг иккинчи рақамли одами этиб айнан Дариға тайинланди. Бу иш вазият оила учун ёмон томонга ўзгарса, «кечувда отларни безарар алмаштириш учун» қилинди дейлик.

Дариғанинг сенат томонидан сайланмагани ва отаси президентлиги даврида президент квотаси асосида сенатга киритилгани аввалбошдан унинг камчилиги бўлиб келган. Уни олдинги президент қандай тайинлаган бўлса, ҳозирги президент худди шундай олиб ташлашини кутиш мумкин эди. Тушунишимча, Тўқаев шу тарзда тинч тўнтаришнинг олдини олди. Пандемия вақтида эса бундай хавф чиндан пайдо бўлганди.

16 март куни Қозоғистонда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Яқинда Дариға Назарбоева Конституцион кенгашга (Қозоғистонда Конституцион суд шундай аталади) сенат раиси сифатида президентнинг фавқулодда ҳолат ҳақидаги қарорига қарши чиқишга ҳаққи борми ёки йўқлигини билиш учун сўров юборди. Агар Конституцион суд Назарбоеванинг бунга ҳаққи борлигини тасдиқлаганда, мамлакатда чиндан қўшҳокимлик юзага келар эди.

– Ва Тўқаев шу тарзда муаммони ҳал қилдими?

– Ҳа, аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Олдимизда бутун бошли тенглама бор ва биз унинг тенглама эканидан бошқа ҳеч нарса билмаймиз. Энг асосийси, биз ҳали бу борада элбошининг реакциясидан бехабармиз. Фақатгина Дариға унинг розилиги билан сенатдан четлаштирилган деб тахмин қилишимиз мумкин.

Бундан ташқари, Дариға бу қадар ерга урилганидан кейин қандай лавозимни эгаллаши ҳам аниқ эмас. Қўпол қилиб айтганда, унинг жавоб зарбаси қанақа бўлишини билмайман. Менимча, у ҳукуматдан четлатилганига кўниб кетавермайди ва жавоб беришга уринади. Аммо айни дамда ўзида мавжуд имкониятлар билан холос.

Айрим экспертларнинг ҳисоблашича, Қосим-Жўмарт Тўқаев президент сифатида тўлиқ эркин ҳаракатланишни истаган

– Яъни, у реванш олишга интиладими?

– Реванш деганда ҳукуматга қайтишни назарда тутаётган бўлсангиз, йўқ. Ҳозирги президент Тўқаев вақтида бу имконсиз. Яна бир жиҳатдан эса унинг қўл остида катта медиаимперия бор. Дариға ўзига бўйсунадиган медиа орқали Тўқаев ва унинг жамоасига ҳужум қилиши мумкин. Тўқаев балки буни билгандек сенат спикери лавозимига ўзига яқин бўлган Маулен Ашимбаевни қўйди.

– Қозоғистонда аста-секин демократия бошланмоқда десак, бўладими?

– Келинг, ҳозирча демократия ҳақида эмас, элитадаги интрига ҳақида гаплашсак. Ҳали Назарбоев тирик экан унинг исми кўп нарсани англатади. Қозоғистонда шундай гап бор: «яхши отанинг исми ёмон фарзанд учун 40 йил умр дегани».

Аркадий Дубнов
Михаил Терещенко / ТАСС / Vida Press

– Назарбоевнинг саломатлиги ҳақида маълумот борми?

– Унинг саломатлиги яхши эмаслигини тасдиқлайдиган ёки инкор қиладиган ҳеч қандай маълумот йўқ. Венедиктов твиттерда бу борада маълумот тарқатди. Менинг Қозоғистон ҳукуматидаги жиддий манбаларим эса унинг маълумотларини рад этишди. Аммо ким билади дейсиз, бир томондан Қозоғистонда маълумотлар Туркманистонда бўлгани каби яширилмайди. Бошқа томондан элбошининг резиденцияси пойтахтдан 250 км узоқда жойлашган ва маълумотни фильтрлаш учун етарлича имкон бўлади. Шу боис у қизининг четлатилганига қандай реакция билдирганини билиб бўлмайди.

– Тўқаев Назарбоевнинг қизини унинг элбошининг рухсатисиз бўшатган бўлиши ҳам мумкинми?

– Бўлиши мумкин. Мен бу қарор Назарбоевнинг розилигида амалга оширилган деган тахмин билан фикр юритяпман. Аммо бу фактни тасдиқлайдиган ёки рад этадиган маълумот йўқ.

– Бу вазият Назарбоевлар оиласидаги можаролар сабаб юзага келган бўлиши мумкинми?

– Албатта. Бу воқеалар Дариға, унинг отаси, оиласи ва умуман бутун мамлакатга таъсир қилиши мумкин.

Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултон кокаин истеъмолига ўрганиб қолгани туфайли даволанишга юборилган
AISULTAN NAZARBAYEV`S FACEBOOK PAGE

– Дариғанинг Россияда яшаш ҳуқуқини олгани охирги нуқта бўлгани айтилмоқда...

– Биласизми, мен можаро деганда оиланинг ички муаммоларини назарда тутгандим. Дариғанинг кичик ўғли Ойсултан Назарбоевга набира эмас, ўғил бўлишини айтди. Кечирасиз-у, онаси Дариға, отаси эса Назарбоев эканини айтаётган Ойсултан элбоши ва қизини жуда ноқулай аҳволга солиб қўйди.

Бундан ташқари, Дариға ва унинг катта ўғли Нуралига тегишли хориждаги кўчмас мулклар аниқланган. Россияда яшаш ҳуқуқини қўлга киритгани эса Дариғага қарши қўлланиши мумкин бўлган жуда кичик аргумент.

Назарбоевлар оиласининг қиролликдаги энг бадавлат кишилар яшайдиган Бишопс-авеню кўчасидаги уйи

– Гулнора Каримованинг кўргуликлари Дариғанинг ҳам бошига тушиши мумкинми?

– Йўқ, унга қамоқ хавф солмаяпти.

– Нега, бошқача сиёсий маданият сабабми?

– Йўқ, маданиятлар-ку ўхшаш, Назарбоевнинг ҳукуматини Каримовники билан таққослаб бўлмаса ҳам. Шунчаки Гулнора келтирган зарар миллиардлар билан ўлчанарди. Тўғри, бу турдаги раҳбарлар ва уларнинг фарзандлари каби Дариға ҳам айбсиз эмас, аммо унга бу қадар жиддий айбловлар қўйилишига ишониш қийин.

– Бу вазиятда куч ишлатар тизимларнинг роли қандай?

– Мамлакатда бир ташкилот яққол ажралиб туради. Бу Миллий хавфсизлик қўмитаси. Ташкилот раҳбари Карим Масимовнинг мамлакатдаги обрўси жуда баланд. У собиқ бош вазир ва Назарбоевнинг энг ишонган одами. Назарбоев Каримовнинг ўлимидан бир неча кун ўтиб Масимовни хавфсизлик қўмитасига раҳбар қилиб тайинлаганди. Чунки элбоши айнан Масимов ҳар қандай форс-мажор ҳолатида мувозанатни ушлаб тура олишига ишонган. Шундай экан, мамлакатда хавфсизлик хизматининг, хусусан Масимовнинг роли кейинчалик ҳам муҳим бўлиб қолаверади.

– Ҳукумат тепасига келганига бир йил бўлган Тўқаев ниҳоят мустақил сиёсатчи сифатида гавдаланмоқда, дейиш мумкинми?

– Албатта. Мен Тўқаевнинг мухлиси эмасман, лекин у бошқача турдаги раҳбарлар тоифасидан эканини кўрсатмоқда. У замонавий ва айни дамда ақлли. Бошида у ғалати одам сифатида кўринганди. Масалан, пойтахт номини Нур-Султон деб ўзгартиришни таклиф қилиб танқидлар гирдобида қолиб кетди. Аммо кейинчалик у ўзини яхши томондан кўрсата бошлади. Воқеаларга ўз вақтида муносабат билдирди, одамлар билан учрашиб, обрўсини кўтариб олди.

Бу олдинги раҳбарнинг ҳаракатларидан кескин фарқ қиларди. Тўқаев намойишларни чеклаш ва матбуотга босим ўтказишни қўлламади, ҳар қандай кескин ҳаракатларни қоралади. Албатта, бу ҳаракатлари доим ҳам фойда бермади. Масалан, намойишчилар ўзларини провакацион тарзда тутиб, унинг қарорини шубҳада қолдирди.

– Яъни, Тўқаев Назарбоевга ўхшамайдиган сиёсатчи?

– Айнан шундай. У анча либерал кўринмоқда.

Бунга Назарбоевнинг ўзи рухсат берганми?

– Мен бошқачароқ айтган бўлардим: у ўринбосарига ишонч билдирмоқда. Унинг барча қарорларини ҳам қўлламаслигини айтган бўлса ҳам. Назарбоев баъзи чиқишлари билан у ҳамон Тўқаевни тузатиш ҳуқуқига эгалигига ишора қилгандек бўлди. Гўёки одамлар буни «у ҳаммасини назорат қиляпти» деб тушунишлари керак.

Бу воқеагача сиёсий элита ҳал қилувчи қарорлар қабул қилинаётган «марказ» Оқ ўрдадами (президент қароргоҳи) ёки Кутубхонадами (Назарбоевнинг қароргоҳи шундай аталади) деб иккиланиб қолганди. Шу сабабдан мамлакатда юзага келган бюрократик шизофрения номенклатуравий мувозанатни таъминламаслиги аниқ эди. Энди эса Тўқаев яққол етакчи экани кўринди. Менимча, муаммо ҳал бўлди.

– Одатда авторитар етакчилар охиригача оиласи учун курашади. Нега Назарбоев бундай қилмади?

– Мисолингиз унчалик тўғри деб ўйламайман. Каримов мисолида буни кўрдик. Менимча, тез орада бошқа қўшни мамлакатларда ҳам бунинг мисолини кўрамиз. Кўпчилик ўйлаётгандек Тожикистон ва Туркманистонда ҳам ҳукумат алмашинуви «хамирдан қил суғургандек ўтмайди» (ҳар икки мамлакатда президентлар ўғилларини ҳукуматнинг юқори лавозимига тайинлагани назарда тутилмоқда – тарж.).

Раҳбарлар тарихда қолишни ва камида ҳаётининг қолган қисмини обрў-иззат билан ўтказишни хоҳлашса, фарзандларининг нафсини назорат қилиши керак. Бу борада Асқар Акаевни эслаш кифоя. Қирғизистон президентида ҳаммаси яхши эди, аммо фарзандлари улғайиши билан ишлар чаппасига кета бошлади. 2005 йилда Акаев «минтақанинг асосий демократи» номини «ағдарилган президент» номига алмашди. Марҳамат, саволингизга жавоб мана шу: Назарбоев учун тарихда қоладиган номи фарзандларининг нафсидан устунроқ.

Элбоши ҳукуматга қайтмаслиги аниқ. Қозоғистон ҳукуматида ҳозир фақат бир нарса ҳақида ўйлашмоқда: элбошини икки ойдан сўнг нишонланадиган 80 ёшли юбилейига эсон-омон етказиш. Бу учун эса Дариға ёки мухолифатчиларнинг ҳаддан ташқари фаоллиги келтириб чиқарадиган хаоснинг олдини олиш керак. Менимча, Назарбоев бунга муносиб, буни чин кўнгилдан айтяпман. У ажойиб етакчи ва дунёқараши кенглиги билан ажралиб туради.

Мавзуга оид