Пойтахт паспорт столларида навбатлар ҳақиқатдан турнақаторми?
2018 йил 1 июлдан эътиборан Ўзбекистонда эски намунадаги фуқаролик паспортлари амал қилиш муддати поёнига етади. Унинг ўрнига 16 ёшга тўлган барча ўзбекистонликлар биометрик паспортларга эга бўлиши талаб этилади. Янги паспортга ўтиш бўйича 4 йил вақт берилди. Бироқ айримлар бу масалага жиддий эътибор беришмади ёки пайсалга солишди.
Баъзи хорижий ОАВ бу ҳақда турлии хабарларни тарқатишди. KUN.UZ Тошкент шаҳрининг Учтепа ва Чилонзор тумани мисолида (айни туманлар аҳоли энг зич яшайдиган туманлар ҳисобланади) янги паспорт олиш учун навбатга туришлар қанчалик жиддий экани, умуман бу борадаги ҳақиқий ҳолат билан танишди.
Даставвал Учтепа тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига бордик ва янги паспорт олиш, умуман бўлимдаги фаолият қандай йўлга қўйилгани билан танишдик.
МваФРБга боришимиз билан эътиборимизни тортган жиҳати шу бўлдики, бўлимни эрталаб соат 8дан иш бошлаётгани, биз борган вақтда соат 9 ярим бўлаётганига қарамай, одамлар камчилик эди. Биз айни вақтда туманда эски паспортларни янгиларига алмаштириш қанчалик якунлангани ҳақидаги савол билан туман МваФРБ бошлиғи подполковник Козим Ориповга мурожаат қилдик.
“ОАВларда паспорт алмаштиришга қисқа муддат қолгани ҳақида эълон берилганидан сўнг, эртасига 479 фуқаро мурожаат қилди. Шундан 237 киши суратга олинган. 109 киши биометрик паспортини олган. Бундан ташқари вақтинчалик рўйхатдан ўтиш учун 25-30 кишига хизмат кўрсатилади.
Рўйхатдан ўчиш, яъни ички миграция масаласида 150-180 киши атрофида фуқаро қабул қилинади. Шу билан бирга, туманда ташкил этилган 8 та шаҳар ички ишлар бўлимларидан ҳам 60-70 фуқаронинг ҳужжати келтирилади”, - деди К.Орипов.
Унинг айтишича, туманда эски паспортларга алмаштириш 100 фоиз якунланган. Бугунги кунда айрим қариялар ва ногиронлар, шунингдек 16 ёшни тўлдирганларгина янги паспорт олиш масаласида мурожаат қилмоқда. Ногиронлардан уйида ётиб қолганларга эса, кўчма паспорт бериш пунктлари бориб хизмат кўрсатмоқда.
Биз шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси билан боғланиб, паспортларнинг ўз муддатида етказиб берилмаётганига доир хабарларга ойдинлик киритишни сўрадик. ШИИББ мулозимининг айтишича, туманлардаги МваФР бўлимлари ўзларига топширилган вазифаларни ўз вақтида адо этишмоқда, бироқ “Давлат белгиси” давлат корхонаси буюртмаларни ўз вақтида бажара олмаётгани асосий сабаб эканини билдирди.
Мазкур тумандан кейин Чилонзор тумани МваФРБга йўл олдик. Бу ерга келганимизда соат 11га яқинлашаётганига қарамай, навбатлар унчалик ҳам кўп эмаслигига гувоҳ бўлдик.
Бўлим бошлиғи подполковник Йўлдош Мўминов бунинг сабабини шундай изоҳлади: “Чилонзор тумани аҳолисининг паспорт ёшидаги фуқароларининг 99 фоизига янги паспортлар бериб бўлинган. Қолган бир фоизининг аксаридан ҳам суратлари ва бармоқ излари олинган. Шу боисдан ҳам навбатлар кам”, - деди Й.Мўминов.
Эслатиб ўтамиз, 2011 йил январидан Ўзбекистон биометрик паспорт тизимига ўтишини эълон қилиб, 2015 йил декабригача муддат белгилаган эди. Кейинчалик, бу муддат 2018 йил 1 июлигача узайтирилди.
Қайд этиш ўринлики, агар 1 июлгача янги паспорт олмаган фуқарога энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари (540 минг сўмдан кўп) миқдорида жарима қўлланилади.