Ўзбекистон | 00:23 / 06.06.2018
16199
3 дақиқада ўқилади

Профессор-ўқитувчиларни йиғилиш ва бошқа тадбирларга жалб этиш тақиқланмоқда

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ва бошқа тадбирларга жалб этиш тақиқланмоқда.

Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимлар мазкур талабни бузганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилмоқда.

Барча олий таълим муассасаларида самарали жамоатчилик назоратини жорий этиш мақсадида талабалар, ота-оналар, Ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасаларидаги фаоллари, кадрлар буюртмачилари, профессор-ўқитувчилар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат таркибда жамоатчилик кенгашлари ташкил этилсин.

Қуйидагилар жамоатчилик кенгашларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

  • таълим сифати, профессор-ўқитувчиларнинг билими ва педагогик маҳорати, талабаларга яратилган шарт-шароитлар устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш;
  • олий таълим муассасаларига профессор-ўқитувчилар таркибига ишга қабул қилинаётган номзодлар бўйича тавсиялар бериш;
  • талабаларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг педагог кадрлар ҳақидаги фикрини тўлиқ ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровлар ўтказиш;
  • олий таълим муассасасидаги таълим жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва муассасанинг тегишли кенгаши муҳокамасига киритиш.
  • Жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш Ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасасидаги етакчиси томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Олий таълим муассасалари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни ишлаб чиқади ва тасдиқланади.

Белгиланмоқдаки, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:

  • олий таълим муассасаларига профессор-ўқитувчилар таркибига ишга қабул қилиш тегишли кафедранинг кенгайтирилган очиқ мажлисида педагог кадрлар ва жамоатчилик кенгашининг аъзолари иштирокида синов дарси ўтказиш натижалари бўйича ушбу мажлиснинг тавсиясига кўра амалга оширилади;
  • Ўзбекистон ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви ҳамда қўшма таълим дастурлари асосида талабаларни ўқитишни ташкил этиш ва икки томонлама тан олинадиган диплом бериш амалиёти жорий этилади.
Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид