Мазкур мақолада жаҳондаги таниқли футуролог, физик ва “Физиканинг келажаги”, “Онг келажаги”, “Имконсиз нарсанинг физикаси” каби китоблар муаллифи Митио Какунинг Петербургда бўлиб ўтган халқаро иқтисодиёт форумидаги маърузасида келтирилган фикрлар баён этилади. Унда яқин келажакда инсоният қай даражада ўзгариб кетишига оид фикрлар акс этган. Ушбу маърузанинг энг қизиқарли жойларини сиз билан ўртоқлашамиз.

Мен турли каналлар BBC, Discovery ва бошқалар учун дунёнинг 300 дан ортиқ олимларидан интервью олдим. Биргаликда кейинги 20, 50 ва 100 йиллар мобайнида келажак қандай бўлиши, илм ва технологияларда нималар ўзгаришини кузатишга интилдик. Бугун айнан шулар ҳақида гапириб бераман. Янги ўн йилликдаги энг муҳим технология – сунъий ақл. Бундан ташқари, молекуляр даражадаги, биотехнология ва нанотехнологиялардаги кашфиётлар келажагимизни сезиларли равишда ўзгартириб юборади.

Фото: Facebook/Dr. Michio Kaku

Сунъий онг, роботлар ва уларни қўллаш усуллари ҳақида

Ҳозирги кунда жарроҳлар “ақлли кўзойнаклар”дан операцияларни ўтказиш, уларга рентген, МРТ суратлари, беморлар касаллик тарихини юклашда фойдаланишлари мумкин. Яқин муддатларда улар интернет билан деярли мулоқот қила оладилар.

Бу қандай қилиб ишлашига интернетдан зарурий маълумотларни олиб, аниқ тиббий маслаҳат бера оладиган “Robodoc” дастури мисол бўлади. У нафақат шифокорлар иши, балки беморлар мушкулини ҳам осон қилади. Келажакда буларнинг бари керак бўлмай қолади, сиз соғлиғингизга оид масалаларни ақлли соат ёки кўзойнаклар билан муҳокама қилишингиз мумкин. Бу деярли бепул бўлади.

Инқилоб нафақат тиббиётда, балки ҳуқуқшуносликда ҳам содир бўлади. Мисол учун, сиз Европанинг катта шаҳрида йўлда кетаётиб, ЙТҲга тушиб қолдингиз. Тил, маҳаллий қонунларни билмайсиз, сизга адвокат керак. Келажакда қўл соати билан суҳбатлашиб, “Глобал адвокат” деб номланган махсус сайтдан исталган тилда керакли маълумотни олишингиз мумкин бўлади. Бу ресурс бутун дунёдаги қонунчилик ҳужжатларига кириш имконига эга бўлиб, сизга маслаҳат бера олади. Компьютерлар ва роботларнинг бундай ёрдами ҳамма ерда амалга оширилади. Масалан, улар бинолар қуриш ва университетда дарс беришда ёрдамга келади.

Бугунги кунда биз стол компьютерлари, смартфон, планшет ва ноутбуклардан фойдаланамиз. Жуда кўп турдаги қурилмалар нима учун керак?