Жамият | 23:38 / 08.06.2018
15202
3 дақиқада ўқилади

Абдулла Қодирий асарлари мажмуаси чоп этилди

Яқинда Info Capital Group нашриётида севимли ёзувчимиз Абдулла Қодирий асарлари мажмуаси чоп этилди. Бу ҳақда мажмуа бадиий безаклари муаллифи, таниқли рассом-дизайнер Баҳриддин Бозоров Facebook’даги ўз саҳифасида маълум қилди. Бетакрор дизайндаги совғабоп қутига жойлаштирилган беш китоб яқинларимиз ва ўзимиз учун ҳам энг қимматли совғалардан бири бўлиб қолиши шубҳасиз. Ушбу ноодатий қутидан “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Диёри бакр”, “Обид кетмон” ва “Адибни хотирлаб” китоблари жой олган.

“Грузинлар Шота Руставелининг "Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон" достонини қизларнинг сепига қўшиб беришганидек, миллатимиз ҳам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг "Тафсири Ҳилол" ва Абдулла Қодирийнинг мана шу мажмуаcини совға қилишса эди, — деб ёзади адабиётшунос ва блогер Нигора Умарова ўз саҳифасида. — Ҳар бир китоб бири иккинчисини тўлдириб туради. Улар қутига мозаика шаклида тахланган, безаги ўзига хос, Қодириёна услубда ёндошилган. Америкалик таржимон Марк Рисс билан суҳбатимизда, “Мен ўзбек халқининг характери, урф-одатларини "Ўткан кунлар" орқали ўргандим”, деб таъкидлаган эди”.

Китобни яқин кунларда шаҳар дўконларидан харид қилиш мумкинлиги хабар қилинган. Энг осон ва қулайи Info Capital Group нашриёти билан боғланиб харид қилиш ҳам мумкин.

Шу ўринда бир мулоҳаза: мазкур мажмуа кўпчилик адабиёт шинавандалари томонидан соғинч ва шодлик билан кутиб олиниши шубҳасиз. Буни ижтимоий тармоқлардаги фикрлар орқали ҳам англаш мумкин. Лекин мажмуа нусхасининг атиги 1000 та экани кишини ўйлантириб қўяди. Янгича услуб ва дизайн асосидаги мана шундай совғабоп мажмуаларни кўп нусхада чоп этиш халқимиз маънавиятини бойитишга улкан ҳисса қўшишдир. Зотан, энг яхши совға — китобдир. У замонавий кўринишда бўлса, яна яхши!

Зуҳал Рўзиева

Мавзуга оид