Иқтисодиёт | 15:10 / 08.06.2018
39639
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистоннинг ташқи қарзи хавфли нуқтага яқинлашди

Қозоғистоннинг давлат томонидан кафолатланган ташқи қарзлари миқдори 55,5 миллиард долларга етган. Бу эса Миллий фонддаги жами валюта активларининг 96,2 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда informburo.kz хабар тарқатган.

Ҳисоб палатаси таҳлилчиларининг фикрича, бу ҳисобот мамлакатда молиявий барқарорлик учун хавфли ҳолат юзага келганини кўрсатади.

«2018 йилнинг 1 январи ҳолатига кўра Қозоғистоннинг давлат ва давлат томонидан кафолатланган ташқи қарзлари миқдори қарийб 14 трлн тенгега тенг (7 июнь куни бу миқдор роппа-роса 14,5 трлн тенгени ташкил этмоқда), бу эса ўтган йилга нисбатан 18,9 фоизга кўпдир. Ташқи қарз ЯИМга нисбатан 27,1 фоизга етган, бу ҳам 2016 йилгига нисбатан 2,1 фоизга кўп», – дейилган ҳисоботда.

2017 йилда давлат қарзларини қоплаш харажатлари 852,6 млрд тенгега камайган. Бюджетга қарз юкламаси 2016 йилдаги 11,8 фоиздан 2017 йилда 8,8 фоизга қисқарган. 

Вазирлик маълумотига кўра, Қозоғистонда 18 миллиондан ортиқ киши яшайди. Мамлакатдаги ўртача яшаш минимуми 2018 йил январь ойида 25 879 тенгени ташкил қилди (тахминан 80 АҚШ доллари).

Мавзуга оид