07:55 / 14.06.2018
3477

Япония ва Шимолий Корея етакчилари учрашувини ўтказиш бўйича махфий музокаралар ўтказилмоқда – ОАВ

Фото: AFP

Япония ва Шимолий Кореянинг юқори лавозимли мансабдор шахслари икки давлат етакчилари учрашувини ташкиллаштириш бўйича бир неча бор махфий музокаралар олиб боришган. Бу ҳақда “Йомиури” нашри маълум қилди. 

Музокаралар давомида томонлар Шимолий Кореяда зўравонлик билан ушлаб турилган японияликлар муаммосини ҳал қилиш йўлларини ҳамда Япония бош вазири Синдзо Абэнинг Пхеньянга ташрифи ёки икки етакчининг сентябрда халқаро форумлардан бири доирасида учрашиши имкониятини кўриб чиқишмоқда. 

“Киодо” нашрининг маълум қилишича, уларнинг учрашуви сентябрда Владивостокда ўтадиган иқтисодий форум доирасида бўлиб ўтиши мумкин.

Ҳукуматдаги манбалар маълумотларига кўра, музокаралар баҳордан бери ўта махфийлик остида олиб борилмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп ва Ким Чен Иннинг Сингапурдаги учрашувида Шимолий Кореяда ушлаб турилган японияликлар масаласи кўтарилгандан кейин музокаралар янада жадаллашиши кутилмоқда. Абэ бир неча бор ушбу муаммони шахсан Ким билан муҳокама қилиш истагини билдирган.  

Сингапурдаги учрашув арафасида Абэ Пхеньян ядро ва ракета муаммоси ҳамда Шимолий Кореяда ушлаб турилган японияликлар муаммосини ҳал қилса, унга иқтисодий ёрдам кўрсатиш ва муносабатларни яхшилашга тайёрлигини маълум қилганди. 

Top