10:45 / 26.06.2018
5704

Ўзбекистон халқ артисти Ҳусан Шарипов вафот этди

Бугун, 26 июнь куни Ўзбекистон халқ артисти Ҳусан Шарипов 80 ёшида вафот этди. 

Актёр 1937 йилда Тошкентда таваллуд топган. 1963 йилда у А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факултетини тугатган.  

Ҳусан Шарипов фаолияти давомида бир қанча жойда самарали меҳнат қилди, санъат йўналишида талабаларга таҳсил берди. Масалан, 1959-1991 йилларда Муқимий номидаги Ўзбек Давлат мусиқали драма театрида актёр бўлиб ишлаш билан бир вақтда, 1980-1985 йилларда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида педагоглик қилди. 1985-1988 йилларда Муқимий театри директори, 1990-1995 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпаниясида, 1995 йилдан Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмасида фаолият юритди. 

Актёр кино соҳасида ҳам қатор образларни гавдалантирди. Уларга “Суюнчи”даги Шермат, “Майсаранинг иши”даги хожи Аълам, “Водийллик келин”даги Ҳусан ака, “Марҳумнинг ҳурмати”даги Автобаза директори , “Келинлар қўзғолони”даги Ҳусан, “Бувимни қайтаринг”даги Илҳом ва бошқа комик образларни мисол қилиб келтириш мумкин. 1968 йилдан бери Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилган телеминиатюралар театрининг иштирокчиларидан бири бўлган.

Мавзуга оид
Top